Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Машҳур хонанда Ботир Қодиров яна бир бор муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ можарога аралашди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, у таниқли шоир Шоҳруҳ Абдувоҳидов (Абдуссамий) қаламига мансуб бир неча шеърларни муаллифнинг розилигисиз ва ҳақ тўламасдан қўллаган.
Гап “Қизғанаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ва “Дилдора” номли шеърлар ҳақида бормоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Ботир Қодировга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси бўйича маъмурий баённома тузилиб, иш тегишли судга юборилган.
Жиноят ишлари буйича Чилонзор туман суди қарорига асосан, қонунбузарга 8 баробар ҳисоб-китоб миқдорида, яъни 3 миллион сўм миқдорида жарима тайинланди.
Қайд этиш жоизки, бу Ботир Қодировнинг муаллифлик ҳуқуқини биринчи марта бузиши эмас. Илгари Шамсиддин Садоийнинг “Сенда Ватан бўлса”, “Омонат” ва “Тингла, дўстим” номли шеърлари ҳам хонанда томонидан рухсатсиз ишлатилгани учун у 5 баробар ҳисоб-китоб миқдорида жаримага тортилиб, судга жалб этилган эди.
Адлия вазирлиги маданият ва санъат намояндаларини муаллифлик ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва қонунга амал қилишга чақирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас