Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Рубоб ясаш ва чалиш санъати инсониятнинг номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди. Қарор ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессиясида қабул қилинган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Дунё" берган маълумотга кўра, қўмита қарорида рубоб Марказий, Жанубий ва Жануби–Ғарбий Осиёдаги энг қадимги мусиқа асбобларидан бири эканлиги таъкидланган.
"Рубоб Марказий Осиё минтақаси халқлари учун бирлаштирувчи омил ҳисобланади. Бу маданий ва ижтимоий бирдамликни тарғиб қилади ва маданий алмашинув ҳамда якдилликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди", - дейилмоқда хабарда.
Рубоб ясаш ва чалиш санъати Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига киритилган инсониятнинг номоддий маданий меросининг 16-элементи бўлди. Шу билан бирга, у сифатли таълим, гендер тенглиги, инклюзив иқтисодий ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшади.
ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига маълум бир жамоанинг маданияти, анъаналари, асослари, дейлик, қўшиқлар, урф-одатлар, кўникма ва ҳунармандчилик киради. Улар номоддий маданий ёки тирик мерос деб аталади.
Ўтган йили Ўзбекистондан ушбу рўйхатга тазҳиб, ифтор ва кулолчилик санъати киритилган. Шунингдек, ундан Наврўз, палов, Хоразмнинг лазги рақси, атлас ва адрас тўқиш, ўзбек миниатюраси ҳам ўрин олган.
ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессияси 2024 йил 2-7 декабрь кунлари Парагвайдаги Асунсьон шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Сессия давомида Конвенция рўйхатига киритиш учун 90 та давлат томонидан тақдим этилган 63 та ариза кўриб чиқилади.
Изоҳлар мавжуд емас