Самарқанднинг тарихий қисмида осма арқон йўли бўлмайди. Маданият вазирлиги ва ЮНЕСКО ушбу лойиҳани маъқуллашмаган
Маданият

Самарқанднинг тарихий қисмида осма арқон йўли бўлмайди. Маданият вазирлиги ва ЮНЕСКО ушбу лойиҳани маъқуллашмаган

1125

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ЯА Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд устидан осма арқон йўли қурилишига оид мавзу қизғин муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистонликларнинг фикрича, унинг қурилиши шаҳардаги тарихий обидаларнинг йўқ қилинишига олиб келиши мумкин. Batafsil.уз мухбири Маданият вазирлигига мурожаат қилиб, ушбу масала бўйича муносабатини билиб олди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанднинг марказий қисми устидан ўтадиган осма арқон йўли лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳага кўра, йўналиш узунлиги 5,5 километрни ташкил қилиб, шаҳарнинг тарихий қисми, хусусан Университет хиёбони, Регистон ансамбли, Афросиёб кўхна шахар жойи, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва кейинчалик Эшкак эшиш канали устидан ўтади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, осма арқон йўли қурилиши тарихий обидаларга хавф солиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон шаҳарлари тарихий қисмларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги низом ва ЮНЕСКО талабларига зиддир. Бундан ташқари аниқланишича, Маданият вазирлиги ушбу ташаббусни амалга оширишга розилик бермаган. 

"Ўтган йилдан буён ушбу лойиҳа билан бир неча бор Маданият вазирлигига мурожаат қилинмоқда. Вазирлик раҳбарияти тарихий обидалар устидан осма арқон йўли маданий меросга зарар етказиши боис, уинг қурилишига рад жавобини берган. Жорий йилда ҳам Маданият вазирлиги бир овоздан лойиҳани рад қилди. Бунинг сабаби шундаки, лойиҳада кўрсатилган ҳудудлар айнан маданий мерос объектларини рўйхатини ўз ичига олади. Бундан ташқари, биз ЮНЕСКОдан хорижий экспертларни таклиф қилганимизда, улар ҳам лойиҳани маъқулламадилар", - деди Маданият вазирининг Ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Мавлуда Асқархўжаева.

Шунингдек унинг айтишича, маданий мерос объектлари билан бевосита боғлиқ бўлган ҳар қандай лойиҳани вазирлик розилигисиз амалга ошириб бўлмайди.

"Қонунда айтилишича, агарда вилоят ҳокимликлари тегишли ҳужжатларни биз билан келишмаса, улар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маданият вазирлигининг розилигисиз ушбу лойиҳа амалга ошмайди. Бизнинг идора маданий мерос учун жавобгардир. Лекин осма арқон йўли хусусий уйлар усти бўйлаб ўтишидан хабардормиз. Шунинг учун тегишли идора ва ҳудудий ҳокимият вакиллари буни ҳисобга олиб, осма арқон йўлини бошқа ҳудуддан ўтказиш имкониятини топишларига умид қиламиз", - деди суҳбадошимиз.

Шу билан бирга, Мавлуда Асқархўжаеванинг сўзларига кўра, ЮНЕСКО ҳам Самарқанднинг тарихий қисмида осма арқон йўли қурилишга розилик бермаган. Илгарироқ ушбу ташкилотга иккита шунга ўхшаш лойиҳа келиб тушган бўлсада, маъқулланмаган.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+