Загрузка
Загрузка
135 миллиард долларлик иқтисодиёт: 2026 йилги давлат бюджет лойиҳасининг асосий йўналишлари белгиланди
Иқтисод

135 миллиард долларлик иқтисодиёт: 2026 йилги давлат бюджет лойиҳасининг асосий йўналишлари белгиланди

36
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда 2025 йилнинг январ–сентябрь ойларидаги иқтисодий натижалар ҳамда 2026 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди.

Президент Мирзиёевнинг сўзларига кўра, йил бошидан бугунгача иқтисодиёт 7,6 фоизга ўсди. Шу билан бирга, саноат ҳажми 6,8 фоиз, қурилиш 14,2 фоиз, хизматлар 14 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ошган. Олтин-валюта захиралари эса 55 миллиард долларга етди ва ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайди.

Халқаро рейтинг агентликлари — Fitch Ratings, Moody’s ва S&P Global — Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболини "ижобий" деб баҳолади. Президентнинг таъкидлашича, эришилган натижалар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шунга кўра, аҳоли даромадлари 18,4 фоизга, омонатлар 35,3 фоизга ва ўртача иш ҳақи 19,2 фоизга ўсган. Шунингдек, сўров натижалари аҳоли ва бизнес ўртасида ишонч муҳити кучайганини ва янги иш ўринлари яратилмоқдалигини кўрсатмоқда.

Президент йил якунигача юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва ялпи ички маҳсулот ҳажмини 135 миллиард доллардан ошириш иқтисодий комплекснинг асосий вазифаси бўлишини таъкидлади. Келгуси йил учун иқтисодий ўсиш 6,6 фоиз даражасида бўлиши, ЯИМ ҳажми 150 миллиард доллардан ошиши, иқтисодиётга 400 триллион сўм инвестиция йўналтирилиши ва инфляция 7 фоиздан ошмаслиги прогноз қилинмоқда.

Бундай мақсадларга эришиш учун Президент таннархни камайтириш, рақобатбардошликни ошириш, субсидия ва имтиёзлар самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартириш вазифаларини белгилади.

2026-йилги давлат бюджети лойиҳасида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади, аммо даромадлар оширилиши ва харажатларни самарали сарфлаш устидан қатъий назорат ўрнатилиши кўзда тутилган. Шунингдек, вазирлик ва идоралар бюджетдан ташқари жамғармалардаги қолдиқларнинг ярми алоҳида жамғармага ўтказилиб, мактаблар қурилиши ва тиббиёт соҳасига йўналтирилади.

Халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларда эндиликда фақат тугалланган лойиҳалардан сўнг янги ташаббусларга маблағ жалб қилиш тизими жорий этилади.

Йиғилиш якунида 2026 йилги давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди, барча даражадаги раҳбарлардан харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш талаб қилинди.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...