Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон иқтисодиётнинг экспортга йўналтирилган моделини яратиш векторини намойиш этиб, турли интеграцион тузилмалардаги иштирокини ривожлантирмоқда. Ушбу жараёнда мамлакатимизнинг деярли барча асосий савдо шерикларини ўз ичига олган Евроосиё иқтисодий иттифоқи алоҳида роль ўйнайди.
Бу борада шуни англаш муҳимки, ЕОИИ биринчи навбатда ҳеч қандай сиёсий тузилишга эга бўлмаган ва иштирокчи мамлакатларнинг суверенитетига таҳдид солмайдиган иқтисодий платформа ҳисобланади. Бундай йирик бирлашмага қўшилиш Ўзбекистонга катта фойда олиш имконини беради, ҳусусан, қуруқликдаги транспорт йўллари тизимига қўшилиш ва юкларни ташиш нархини пасайтириш экспорт оқимини янада кенгайтиради ва ички бозорда нархларнинг пасайишига ёрдам беради.
Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик қандай кечмоқда, бу жараён ЖСТга аъзо бўлиш билан қандай мос келади ва оддий ўзбекистонликларга ташкилот билан ҳамкорлик қилиш нимани беради? Бу саволларга жавоб топиш учун фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходим Равшан Назаров билан суҳбатлашдик.
Экспертнинг фикрича, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти ЕОИИга Ўзбекистон аъзолигидан ҳеч нарса йўқотмайди, кўпчилик бундан фойда ҳам кўради. Ташкилотга қўшилиш республика бозорида ҳамкор мамлакатларнинг янада арзон ва сифатли маҳсулотларининг пайдо бўлишини англатади, бу эса ҳар доим оддий истеъмолчилар учун фойдалидир.
Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистондаги деярли ҳар бир оилада камида битта меҳнат мигранти бор. Бундан ташқари, Назаровнинг сўзларига кўра, агарда илгари мигрантлар орасида малакаси ва маълумоти етарли бўлмаган кишилар, яъни қурувчилар, уй-жой коммунал хўжалиги вакиллари, сотувчи ва ҳайдовчилар кўзатилган бўлса, айни пайтда юқори малакали мутахассислар ҳам фаолият юритмоқда.
ЕОИИга қўшилиш мамлакатдаги кўплаб оилалар учун катта ютуқ бўлади, чунки бу меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий аҳволини яхшилайди.
"Экспертларнинг тахминича, Ўзбекистон ташкилотга қўшилганидан кейин иқтисодий иттифоқ мамлакатларидаги меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми 1,5 дан 2 млрд долларгача ўсиши мумкин. Шунингдек, пенсия тўлашни соддалаштиради, ўзбекистонликлар Россия Федерациясида бепул тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлади, меҳнат бозоридаги тўсиқлар олиб ташланади, ишга жойлашишни қонунийлаштириш тартиби соддалаштирилади", - деди у.
Шунингдек, Назаровнинг фикрича, Россия билан ҳамкорлик қилиш учун мамлакатлар учун иккиламчи санкциялар жорий этиш ҳақидаги ғарбнинг огоҳлантиришлари мамлакатнинг ЕОИИга бўлган муносабатини таъсир қила олмайди.
"Ўзбекистон 31 йилдан буён суверен, мустақил давлат бўлиб, ким билан ҳамкорлик қилиш, мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларини олиб боришни ўзи ҳал қилади. Россия МДҲ ва ШҲТ каби муҳим ташкилотларда Ўзбекистоннинг жиддий ҳамкоридир. 2020 йил декабридан бошлаб Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлди ва иқтисодий ҳамкорлик борасида бу ташкилотга ҳозирча жиддий муқобиллар йўқ", - деди у.
Экспертнинг фикрича, бошқа минтақаларнинг амалдаги ташкилотлари- ЕИ, АСЕАН, АДТ ёки Африка иттифоқига Ўзбекистонни ҳеч ким қабул қилмайди.
“Хўш, нимани танлашишимиз керак? Марказий Осиё иттифоқи ёки Туркий лойиҳаними? Ўз ёғимизда қовурилиб, миллий чегараланишни афзал кўрамизми? Бизнинг анъанавий ва синалган ҳамкорларимиз - собиқ совет иттифоқи давлатлари билан шериклик қилиш айни пайтда ҳаракатланишнинг реал ва истиқболли вектори саналади”, - деди Назаров.
Шу билан бирга, суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга қўшилиш жараёнларини бир-бирига қарши қўймаслик лозим.
“Ҳар қандай объектив мутахассис учун савол туғилади: нима учун ЖСТ ва ЕОИИга бирдан иккита мутлақо қарама-қарши муқобил, иккита мос келмайдиган ҳаракат вектори сифатида қаралди? Эслатиб ўтамизки, ЕОИИнинг беш мамлакатидан тўрттаси – Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия бир вақтнинг ўзида ЖСТга ҳам аъзо, ЕОИИнинг бешинчи аъзоси – Беларусь ЖСТда кузатувчи мақомига эга. Бундан ташқари, ЖСТ аъзоси ҳисобланган Тожикистон ЕОИИга аъзо бўлишни кўриб чиқмоқда. Фақат баъзи сабабларга кўра, Ўзбекистонга нисбатан савол қатъий муқобиллик шаклида қўйилган - ё ЖСТ ёки ЕОИИни танлаш лозим эмиш. Ўзбекистон бошқа ҳар қандай давлатдан нимаси билан кам ва нега бир вақтнинг ўзида бу иккала ташкилотга аъзо бўла олмайди?"- дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
Назаровнинг сўзларига кўра, бу борада шуни англаш муҳимки, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясида икки мақсад – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евросиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш аниқ белгилаб қўйилган. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ҳам ЖСТ, ҳам ЕОИИ билан бир вақтда ҳамкорлик қилишга тайёр ва ҳукумат бунга турли йўналишли эмас, балким параллель жараёнлар сифатида қарайди.
Экспертнинг сўзларига кўра, ЕОИИга қўшилиш Ўзбекистоннинг инвестицион ва саноат салоҳиятини жиддий равишда мустаҳкамлайди. Шу боис, Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг май ойида Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаб, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифларни илгари сургани бежиз эмас.
Улар орасида, масалан, умумий бозорларнинг тўлдирилишини таъминлаш учун дон ва мойли экинлар, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотларини биргаликда етиштириш масалаларини қамраб олиши керак бўлган агрокооперация дастури мавжуд. Шунингдек, муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш, жанубий ва шарқий йўналишларда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш назарда тутилган. Хусусан, гап барча ЕОИИ аъзолари учун фойдали бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой, қолаверса, Трансафғон Термиз-Пешовар темир йўли ва бошқа йўналишлар ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти ЕОИИ мамлакатлари учун кооперацион алоқалар ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш дастурлари, биринчи навбатда, кимё, фармацевтика, машинасозлик, асбобсозлик, электроника соҳаларида рағбатлантириш бўйича қўшма йўл харитасини ишлаб чиқиш, иштирокчи мамлакатларнинг инновацион салоҳиятидан янада самарали фойдаланишни таклиф қилган.
"Евросиё саноат кооперацияси тармоғи, субконтрактация ва технологиялар трансфери каби муҳим лойиҳани унутмаслигимиз керак. Бу ЕОИИ мамлакатлари корхоналарига ташкилот мамлакатларида шериклар, етказиб берувчилар ва истеъмолчиларни топиш, ишлаб чиқариш занжирларини моделлаштириш, қувватлардан оптимал фойдаланишни амалга ошириш ва рақамли экотизимлардан фойдаланган ҳолда маҳсулотларни илгари суриш имкониятини беради. Бу Ўзбекистонга жуда кўп фойда бера олади", - дея қайд этди суҳбатдошимиз.
ЕОИИ билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторида эксперт саноат кооперацияси, инновациялар, шунингдек транспорт ва логистикани кўрсатиб ўтди.
"ЕОИИнинг интеграцион форматдаги муваффақиятли фаолияти Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга тўлақонли қўшилиш жараёнини тезлаштирадиган энг яхши омилдир. Бундан ташқари, амалий жиҳатдан аллақачон жуда кўп ишлар қилинмоқда. 2022 йил июль ойида Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясниковични қабул қилди. Учрашув давомида ЕОИИ доирасида савдо, саноат кооперацияси, транспорт, логистика, инновация, меҳнат миграцияси ва туризм соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди", - деди у.
Назаровнинг қўшимча қилишича, Мясниковичнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида келажак учун муҳим ҳужжат – Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхати имзоланди. Шу билан бирга, томонлар савдо тўсиқларини янада бартараф этиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги лойиҳа ва дастурларни илгари суриш, миграция тартибларини соддалаштириш ва сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишган.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Тошкент ва ЕОИИ ўртасидаги муносабатларда илм-фан, юқори технологиялар, инновациялар, миллий иқтисодиётни рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликнинг ўсишини рағбатлантириш муҳим ўрин тутади, айниқса, ташкилотни 2025 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан қўшма "инновацион ҳудудлар"ни тузиш ва илмий-техник тадқиқотларни рағбатлантириш ўрин олган.
Шунингдек, Назаровнинг фикрига кўра, ЕОИИга аъзо бўлса ҳам, Россиянинг Ўзбекистон сиёсатига таъсири кучайиб бориши асоссиздир. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат барча соҳаларда бир-бири билан шунчалик чамбарчас боғлиқки, бундан ҳам кўпроқ нарсани тасаввур қилиш қийин.
Бошқа томондан, ташкилот билан ҳамкорликнинг кучайиши, айниқса, кўплаб ғарб брендлари Россия бозорини тарк этаётган бир пайтда, бизнеч учун қўшимча имкониятлар юзага келмоқда. Бу борада маҳаллий компанияларнинг асосий муаммоси шуки, улар рақобатбардош бозорда ишлашга тайёр эмас.
"Бўшаган жойларни эгаллаш жуда қизиқарли ва фойдали бўларди. Аммо, афсуски, Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий салоҳияти мавжуд имкониятларни тўла рўёбга чиқариш имконини бермайди. Бу турли техник, технологик, молиявий, кадрлар ва ташкилий жиҳатлар билан боғлиқ. Ҳозирча Ўзбекистон маҳсулотлари Европанинг таниқли брендларига мансуб кийим-кечак, поябзал ёки электроникасининг ўрнини боса олмайди. Бироқ, албатта, ҳозир нималардир қилиш мумкин", - деди у.
Масалан, бюджет ўзбек автомобиллари бўшаган жойларни эгаллаши мумкин. Ёки, дейлик, Ўзбекистонда табиий шарбатлар, лимонадлар, пиво, табиий винолар жаҳон стандартлари даражасида тайёрланиши мумкин.
"McDonald’s ва ғарбнинг бошқа тармоқларидан бўшаган жойларни дунёнинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан Россияда муносиб тан олинган ўзбек таомлари эгаллаши мумкин. Россия Федерациясида ўзбек ресторани ёки кафеси, чойхонаси ёки новвойхонаси бўлмаган деярли ҳеч қандай йирик шаҳар йўқ. Шахсан мен Москва, Екатеринбург, Уфа, Қозон, Нижний Новгород ва бошқа шаҳарларда кўп маротаба ўзбек ошхоналарида овқатландим. Ҳаттоки Ханти-Мансийскда ҳам "Шаҳризода эртаклари" номли ўзбек кафеси мавжуд. Хуллас, ўзбек бизнеси бўш жойларни қидириб, ҳаракат қилиши керак", - дея хулоса қилди эксперт.
Изоҳлар мавжуд емас