Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Фарғона вилоятида Жанубий кореялик инвестор иштирокида электромобиллар учун қувватлаш станциялари ва мактаблар учун интерактив доскалар ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати билдиришича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Жанубий Кореянинг AHA Co., Ltd компанияси раҳбари Ку Ги До ушбу маҳсулот ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш тўғрисида тегишли меморандум имзолашган.
AHA Co., Ltd компанияси иши билан ҳоким бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси Жанубий Кореяга ташрифи доирасида танишган. Унинг раҳбари компания фаолияти ҳақида сўзлаб берган, шунингдек, замонавий ишлаб чиқариш линиялари ва маҳсулотлари ҳақида маълумот берган. Ку Ги До Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирган.
Хайрулло Бозоров ўз навбатида ҳамкорликка тайёрлигини, Фарғона вилоятида лойиҳаларни амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилишини маълум қилган.
AHA Co., Ltd компанияси 1995 йилда ташкил этилган. У электромобиллар учун қувватлаш станциялари, смарт-доскалар ва масофадан ўқитиш дастурларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳозирги вақтда компаниянинг Япония, Германия, Қозоғистон ва АҚШда халқаро филиаллари мавжуд. Унинг бозор капиталлашуви 2024 йил ҳолатига кўра 28,88 миллион долларни ва сотувдан умумий даромади 55,9 миллион долларни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон мактабларида кўзи ожизлар учун дунёдаги биринчи тактил график қурилма синовдан ўтказилади.
Изоҳлар мавжуд емас