Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Humo тўлов тизими ва Қозоғистоннинг Kaspi компанияси ўртасида икки давлат президентларининг учрашуви доирасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Янги лойиҳанинг асосий йўналиши QR-интеграция бўлиб, у ўзбекистонликларга Қозоғистон ҳудудида ўз маблағларини миллий валюта — сўмда ишлатиш имконини беради.
Бу Humo тизимининг қўшни давлат бозорига кириши бўйича иккинчи йирик қадамидир. Бундан аввалроқ Halyk Bank билан ҳамкорликда терминаллар орқали сўмда тўловларни амалга ошириш йўлга қўйилган эди.
Ҳозирда Humo ўз инфратузилмасини халқаро миқёсда кенгайтириш устида ишламоқда. Бу каби лойиҳалар аввалроқ Грузия ва Қирғизистонда жорий этилган бўлиб, келгусида Туркия, Жануби-Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ (MENA) мамлакатларини ҳам қамраб олиши кутилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар тизими соддалашади. Бу нафақат фуқаролар учун қулайлик яратади, балки икки давлат компанияларининг қўшни бозорларда фаолият юритишини ҳам осонлаштиради.

Изоҳлар мавжуд емас