Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент раислигида ўтказилган йиғилишда ҳудудий саноатни ривожлантиришдаги сусткашликлар қаттиқ танқид остига олинди. Сўнгги уч йилда инвестициялар ҳажми 1,8 бараварга ошган бўлса-да, қатор туманларда бу кўрсаткич саноат ўсишига хизмат қилмаётгани аниқланди.
Давлат раҳбари айрим ҳудудлардаги ҳисоботлар ва реал ҳолат ўртасидаги тафовутга алоҳида тўхталди. Хусусан, Кармана туманида инвестициялар йилига 50 фоиздан ўсиб боргани ҳолда, саноат ҳажми атиги 4 фоизга ошган. Тумандаги 495 та корхонанинг аксариятида расмий ишчилар сони 5 нафарга ҳам етмайди. Энг ачинарлиси, фаолияти тўхтагани ҳақида ҳисобот берган 20 та корхона ҳамон электр ва газдан фойдаланиб келаётгани фош этилган. Шу каби ҳолат Зафаробод туманида ҳам кузатилмоқда: инвестиция 4 баравар ошган, лекин саноатда силжиш йўқ.
Республика бўйича саноат ўсиши 21 фоизни ташкил этган бир пайтда, Хатирчи, Кармана, Учқўрғон, Бағдод, Оққўрғон, Бўка, Узун, Жарқўрғон, Яккабоғ, Пайариқ, Мирзаобод, Зафаробод туманларида кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмаган.
Вазиятни ўнглаш учун ушбу вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бир ой давомида мазкур туманларда қолиб ишлаши ва корхоналарни "оёққа турғизиши" шартлиги белгиланди.
Шунингдек, жойларда тадбиркорлик учун кредит ресурслари кўпайса-да, ҳокимлар бунинг бюджетга таъсирини ҳисоб-китоб қилмагани танқид қилинган. Масалан, Тупроққалъа, Китоб, Яккабоғ ва Пахтачида кредитлар 20 фоизга ошган бўлса-да, саноат ўсиши 3 фоизга ҳам етмаган. Агар мазкур муаммолар ўз вақтида ечилганида, бюджетга қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши мумкин эди.
Бош прокуратурага сўнгги уч йилда ишга тушган, лекин паст қувватда ишлаётган лойиҳаларни ҳамда тадбиркорларга тўсқинлик қилаётган масалаларни бирма-бир ўрганиш топширилган. Йил якунига қадар республика саноатини камида 8,5 фоизга ўстириш бўйича ҳудудбай режа тасдиқланган. Биринчи чорак якунида аниқланган муаммоларнинг қанчаси ҳал этилганига қараб, барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятига баҳо берилади.

Изоҳлар мавжуд емас