Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 40 миллион долларлик грант шартномаси тузилган. Маблағлар таълим соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш учун мўлжалланган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
“Лойиҳанинг асосий йўналишлари орасида инклюзив таълимни ривожлантириш, жумладан, республика бўйлаб 58 та янги инклюзив мактаб қуриш, мактабларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш, мактабгача таълим сифатини ошириш кабилар бор”, - деди вазир Ҳилола Умарова ўз каналида.
Ҳужжат шу кунларда Ар-Риёдда (Саудия Арабистони) бўлиб ўтаётган Human Capability Initiative 2025 халқаро форуми ишининг биринчи кунида имзоланди.
"Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир келажак авлод таълими учун энг яхши имкониятларни яратишда Ўзбекистон ҳукуматининг ишончли ҳамкори бўлганидан мамнун" – деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, форум Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазири шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ал Сауд шафелигида ўтказилмоқда. Бутун дунёдан ташриф буюрган иштирокчилар таълим, иқтисодиёт ва технология соҳаларидаги масалаларни муҳокама қилиб, инновацион ечимлар топмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ушбу нуфузли тадбирга таклиф этилган Марказий Осиёдаги ягона давлатдир.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва инклюзив умумтаълим мактабларини қуриш учун қарийб 300 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳлар мавжуд емас