Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон банки Марказий Осиё мамлакатлари энергия тизимларини интеграция қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтиришга қаратилган (REMIT) дастурини тасдиқлади. Лойиҳанинг киймати 1 миллиард долларга баҳоланган.
Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган "Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимлари интеграцияси" дастури яқин 10 йил давомида амалга оширилади. Уч босқичдан иборат ушбу лойиҳа минтақада ягона энергия бозорини шакллантириш, ўзаро савдони ривожлантириш ва энергия хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган.
Қирғизистон ва Тожикистоннинг гидроэнергетика салоҳиятини Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг иссиқлик электр станциялари ҳамда минтақанинг қуёш ва шамол энергияси ресурслари билан ўзаро уйғунлаштириш режалаштирилган.
Кейинги ўн йил ичида электр энергияси савдосини йилига камида 15 000 ГВт/соатгача ошириш мақсад қилинган.
Электр узатиш тармоқлари қувватини 3 баравардан кўпроққа ошириб, 16 ГВтга етказиш, минтақа тизимларига 9 ГВтгача янги қайта тикланувчи энергия қувватларини интеграция қилиш ҳам режаларда мавжуд.
REMIT дастурининг биринчи босқичи доирасида Қозоғистондан бошқа Марказий Осиё давлатларининг “Энергия” мувофиқлаштирувчи-диспетчелик марказига дастур доирасида чора-тадбирларини амалга ошириш учун умумий қиймати 143,2 миллион долларлик грантлар ва имтиёзли кредирлар ажратилади. Ушбу маблағларнинг 140 миллион доллари Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси ресурсларидан ва 3,2 миллион доллари Марказий Осиё сув ва энергетика дастури грантлари кўринишида ажратилади.
Нима учун бу муҳим? Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда электр энергиясига бўлган талаб уч баравар ортиши мумкин. REMIT дастури доирасидаги интеграция нафақат энергия тақчиллигини камайтиради, балки электр таъминотидаги узилишларни қисқартиради. Аҳоли ва бизнес учун энергия нархларини пасайтиради.
Юқори малакали мутахассислар учун янги иш ўринларини яратади.
Тизимни бошқаришда замонавий рақамли технологияларни жорий этади.
Лойиҳа, шунингдек, минтақавий институтлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш орқали Марказий Осиёнинг иқтисодий жиҳатдан янада жипслашишига хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас