Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда Universal Mobile Systems (UMS) компаниясидаги давлат улушининг 100 фоизини хусусийлаштириш бўйича халқаро жараён давом этмоқда.
Биринчи босқич (EoI)да АҚШ, Европа, Яқин Шарқ, Жанубий Кавказ ва Осиёдан 15 та компания иштирок этиш учун ариза топширган. Кейинроқ уларга яна бир хорижий инвестор қўшилган. Барча номзодлар иккинчи босқич — NBO (мажбурий кучга эга бўлмаган) таклифлар тақдим этган.
Жорий йил 15 октябрга қадар 10 нафар иштирокчи ўзининг баҳолаш таклифларини йўллаган. Кейинки босқич — BO босқичида, номзодлар мажбурий таклифларини тайёрлайдилар. Бунинг учун уларга компаниянинг молиявий, юридик ва солиқ ҳисоботлари билан танишиш, шунингдек UMS фаолиятини шахсан кўздан кечириш имконияти берилади.
Таклифларни тақдим этишнинг якуний муддати — 2025 йил 19 декабрь куни соат 23:59 (Тошкент вақти билан).
Иштирокчилар ўз таклифлари суммасининг камида 1 фоизи миқдоридаги кафолат тўловини E-auksion платформаси орқали амалга оширишлари керак. Танлов ғолиби мазкур тўловни сотиб олиш суммасининг бир қисми сифатида ҳисобга олиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz сотилишини илк бор 2022 йилда маълум қилган эди. Ўшанда жараённи 2023 йил 1 апрелигача якунлаш режалаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас