Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Республика универсал агросаноат биржаси бош директори Темур Валитовнинг фикрича, Давлат солиқ қўмитасига ўзбекистонликларнинг пластик карточкалари тўғрисидаги шахсий маълумотларни беришнинг янги тартиби майда балиқ овига ўхшайди.
"Илгари жиноий иш доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан банкларга маълумот берилган бўлса, энди бу чора ҳамма учун одатий ҳолга айланмоқда. Белгиланган 30 миллион сўмлик ўтказма ва 10та транзакция чегараси майда балиқ овига ўхшаб кетади. Бугунги кунда савдода “қора нақд”ни ушлаш қийин. Аммо электрон карталарга ўтиш уни аста-секин камайтириб бормоқда. Бу албатта ёмон эмас, картадаги пуллар қонуний муомалага киритилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар борасида нақд пул ҳажмини камайтиради", - деди у Batafsil.uz мухбирига.
Мутахассиснинг фикрига кўра, таклиф этилаётган ноодатий чоралар фақат нақд шаклдаги “соя” айланмаси ҳажмини оширади холос. Карта бўйича транзакциялар ўтказилиши ҳисобини юритиш - фуқаро учун ҳақоратли ва шахсий ҳамённи текшириш билан баробардир.
"Муайян шахсларга ўтказмалар ҳақида бошқаларнинг билишини ҳеч ким хоҳламайди. Агар у пулни нақд шаклда берса, бу ҳақида бирор кимса хабар топмайди. Картадан нақд пул тўлаш орқали бизнесни амалга оширмоқчи бўлган "ёмон ниятли" кичик тадбиркорларни қўлга олишга уриниш жараёнида бошқалар ҳам солиқ идораларининг мутлақ назорати остига тушади", - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
У пластик картадан фойдаланиш зарурати билан боғлиқ бир мисол келтирди. Дейлик, бозорда хусусий тадбиркор деҳқонда мавжуд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўриб қолиб, уларни бозорда фойда билан сотиш мумкинлигини уйлади. Бу вазиятда, дарҳол нақдга ёки карта орқали сотиб олиш ёки банк орқали пул ўтказиш учун шартнома тузиш масаласи келиб чиқади.
"Иккинчи ҳолда операцияни бухгалтерия тизимига киритиш керак бўлади. Биринчи вариантни қўллаш маъқулроқ туюлади, иккинчиси эса тадбиркорнинг меъёрий тайёргарлиги суст эканлигини ҳисобга олган ҳолда жуда машаққатли ҳисобланади", -деди Валитов.
Унинг фикрига кўра, сояли иқтисодиётни куч билан тўхтатиш мумкин эмас. Бунинг ягона йўли- бизнес жараёнларини тарифлашдир. Аммо буни шундай амалга ошириш керакки, тадбиркор учун "пул"ни халтада олиб юришдан кўра, қонуний бизнесни юритиш афзалроқ бўлиши лозим.
Илгарироқ, таниқли иқтисодчи фан номзоди Фарҳод Қурбонбоев ўзининг муаллифлик мақоласида Ўзбекистон "соя иқтисодиёти" касаллигидан қандай қутулиши мумкинлиги ҳақида сўз юритган эди. Яқинда Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк томонидан эълон қилинган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни солиқ идораларига топшириш тартиби тўғрисидаги қарор лойиҳасини таҳлил қилиб, муаллиф дунёнинг кўплаб давлатлари учун долзарб саналган ушбу муаммони ҳал қилиш йўлларини таклиф қилган.
Изоҳлар мавжуд емас