Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Октябрь ойида Ўзбекистон ҳудудлари бизнес фаолиятининг ижобий динамикасини намойиш этган. Қорақалпоғистон товар-хомашё биржасида солиқ тушумлари ва битимлар сонининг энг катта ўсиши кузатилган. Қашқадарё вилоятида божхона даромадлари бошқаларга қараганда кўпроқ ошган. Тошкент очилган компаниялар сони ва олинган кредитлар ҳажми бўйича етакчи бўлиб қолмоқда.
Буни ойлик таҳлил натижаларига асосланиб, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) мутахассислари таъкидлашмоқда.
Солиқ тушумлари
Солиқ тушумлари 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга ошган. Бу ишбилармонлик фаоллигининг яхшиланиш барқарорлигидан далолат беради.
Солиқ тушумларининг энг катта ўсиши Қорақалпоғистон (18,9 %) ва Сурхондарё вилоятида (15,4%) қайд этилган. Хоразм, Андижон ва Самарқанд вилоятларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган – 12,1%, 11,2% ва 11,1 %.
Солиқ тушумлари таркиби таҳлили даромад солиғининг 18,2 фоизга ўсишини кўрсатади. Бу аҳоли бандлиги ва даромадларининг кўпайишини намоён қилмоқда. Мулк солиғи 38,9 фоизга, ер солиғи эса 26,3 фоизга ошган.
Импорт ва экспорт
Божхона тўловлари бўйича тушумлар ўртача 10,4 фоизга ошган. Бу маҳсулотлар – металл ва металл маҳсулотлари, электр жиҳозлари ва унинг компонентлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, нефт ва нефт маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари, табиий газ импортининг ўсиши билан боғлиқ.
Божхона даромадлари энг кўп Қашқадарё вилоятида ўсган (120 %). Сирдарё вилоятида (60% дан ортиқ), Бухоро ва Жиззах вилоятларида 50% га яқин ўсиш кузатилмоқда.
Йил бошидан бери товарлар экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга ошган. Навоий (49,1 %), Хоразм (38,1 %), Қашқадарё (26,9 %) вилоятларида етказиб беришнинг сезиларли ўсиши кузатилган.
Кредитлар ва янги компаниялар
Таҳлил қилинаётган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 10,2 фоизга ошган. Энг катта ўсиш Тошкент шаҳри (20,5 %), Тошкент (15,9 %), Қашқадарё (13,9 %), Фарғона (10,4 %) вилоятларида қайд этилган.
Ўрганилган даврида қарийб 66,9 мингта янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилган. Энг кўп компаниялар Тошкент шаҳри (14,1 минг), Хоразм (5,9 минг), Тошкент (5,8 минг), Самарқанд (5,5 мингдан ортиқ) ва Фарғона (5,2 мингдан ортиқ) вилоятларида рўйхатга олинган.
Биржа савдоси
Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар сони 22,7 фоизга ошган. Биржа фаоллигининг сезиларли ўсиши Қорақалпоғистон (67,9 %), Хоразм (66,7 %), Сурхондарё (57,8 %), Сирдарё (51,2 %), Бухоро (47,1 %), Жиззах (41,7%) вилоятларида қайд этилган.
Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсиши пахта толаси, нефт маҳсулотлари, қурилиш материаллари, цемент, буғдой, минерал ўғитлар, уруғлар, ўсимлик мойи ва бошқа шу каби товарларни сотишнинг кўпайиши билан изоҳланади.
Изоҳлар мавжуд емас