Загрузка
Загрузка
«Пул тарқатиш» масаланинг  ечими эмас. Мутахассис пандемия шароитида  аҳолини қўллаб қувватлаш учун  тўғридан-тўғри пул  бериш ҳақида фикр билдирди
Иқтисод

«Пул тарқатиш» масаланинг ечими эмас. Мутахассис пандемия шароитида аҳолини қўллаб қувватлаш учун тўғридан-тўғри пул бериш ҳақида фикр билдирди

2350
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Руслан Абатуров ўзининг муаллифлик мақоласида Ўзбекистонга "пул тарқатиш" керакми ёки йўқми, шуниндек пандемия пайтида аҳолига тўғридан-тўғри пул берилиши нимага олиб келиши мумкинлигини ҳақида фикр юритган.

- Коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши кўрилган чоралар айрим корхоналар, тадбиркорлар ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишларнинг вақтинча тўхтатилишига олиб келди. Мавжуд шароитда кўплаб фуқаролар, айниқса чеклов чоралари қўлланилгунга қадар доимий иш жойига эга бўлмаганлар, бир марталик ишга боғлиқ бўлганлар ва меҳнат мигрантлари даромад манбаидан маҳрум бўлишди.

Бу эса ўз навбатида аҳолининг зарар кўрган қатламларига давлат томонидан самарали ёрдам берилишини тақозо қилади. Инқирозга қарши курашишга қаратилган чоралар қабул қилиниб, улар биринчи навбатда, аҳолининг энг муҳтож қатламлари учун салбий таъсирни юмшатиш, бандликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилган.

Шу билан бирга, айрим давлатларда аҳолига "пул тарқатиш" деб номланувчи тўғридан-тўғри пул бериш шаклида қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилаётган бир пайтда, бизнинг жамиятимизда бундай тажрибани қўллашнинг нақадар мақсадга мувофиқлиги тўғрисида мунозаралар авж олмоқда.

Бу борада шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги кунга қадар камдан-кам давлатлар бундай чораларни афзал билишмоқда. Аксарият ҳолларда бу каби оммавий чоралар ўрнига аҳолини иш билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлашнинг мақсадли молиявий чораларидан кенг фойдаланилмоқда. Пулларни тарқатиб бериш ҳақида гап кетган тақдирда ҳам, аксарият ҳолларда даромадлар даражасига қараб чекловлар белгиланиб, маблағлар энг кўп жабрланган ёҳуд энг заиф қатламларга берилади.

Илгари ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастуридан фойдаланган кам таъминланган кишилар учун нафақалар миқдори оширилади, уларни олиш тартиби енгиллаштирилади. Кўпинча бундай ёрдам кўрсатишнинг ёрқин намунаси сифатида тилга олинган АҚШда ҳам маълум чеклов шартлари мавжуд бўлиб, йиллик даромади 75 мингдан 99 минг долларгача бўлган фуқароларга тўлов берилади. Ривожланган мамлакатларда айнан қандай чоралар кўрилаётганлигига эътибор берсак, кўп ҳолларда давлатлар иш ўринларини сақлаб қолиш учун тадбиркорларга ёрдам кўрсатаётганининг   гувоҳи бўламиз.

"Пул тарқатиш"га эҳтиёткорона муносабат давлатнинг бундай тадбирларни амалга ошириш учун юқори даражадаги сарф-харажатлари ва пулни аҳолига тўғридан-тўғри тақсимлаш самарадорлигига шубҳа билдириши билан боғлиқ. Илмий соҳада пулларни тарқатиб беришнинг нақадар   самарадорлиги   бўйича якдиллик мавжуд эмас.

Таъкидланишича, ушбу воситадан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги у фойдаланиладиган макроиқтисодий шароитлар, инфляция даражаси, фоиз ставкалари, пул-кредит сиёсатининг анъанавий воситаларидан фойдаланиш имкониятларининг мавжудлигига боғлиқдир.

Бироқ, Ўзбекистон шароитида аҳолига пул маблағларини оммавий тақсимлаш инфляцияни жадаллаштириши, пул тақсимотидан кутилаётган барча ижобий натижаларни йўққа чиқариши мумкин. Қолаверса, бундай маблағларни муҳтожларга ҳам, муҳтож бўлмаганларга ҳам тақсимлаш ҳавфи мавжуд.

Масалан, Гонконг версиясини Ўзбекистон шароитида тасаввур қилиб кўрайлик. Гонконгда 18 ёшдан катта бўлган барча фуқароларга - тахминан 7 миллион одамга 1280 доллар тўланмоқда. Аҳолига тўланадиган маблағларнинг тахминий ҳажми 9 миллиард доллар ёки Гонконг ЯИМнинг 2,5 фоизини ташкил этади.

Агар Ўзбекистонда 18 ва ундан катта ёшдагиларга, бу эса тахминан 23 миллион кишига камида бир минг доллардан тўланса, унда бу миқдор 23 миллиард долларни, яъни ЯИМнинг 38 фоизини ва мамлакат олтин-валюта захирасининг 77 фоизи (30 миллиард доллар)ни ташкил этади. 2019 йилда умумий ташқи қарз 24,4 миллиард долларга етганлигини инобатга оладиган бўлсак, бу мамлакатнинг бутун иқтисодиётига катта юк бўлиши ва давлатни заҳиралардан маҳрум қилиши шубҳасиздир.

Ҳақиқатга яқинрок воқеликка асосланиб, меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслардан ташқари ҳар-бир бир кишига 1 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловни амалга оширдик, дейлик. Бу - 23,6 миллион фуқарони англатади. Бу ҳолатда аҳолига тўланадиган тўловлар ҳажми 23,6 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 4,6 фоизи ёки 2020 йилга тахмин қилинган бюджет даромадларининг 15 фоизи миқдоридаги маблағни ташкил қилади.

Агар меҳнатга ҳақ тўлашнинг бир минимал миқдорида (679,300 сўм) бир марталик тўлов ажратилса, бундай бир марталик тўловнинг умумий ҳажми 16 трлн. сўмни ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизини ёки 2020 йил учун давлат бюджети даромадлари тахминининг 10 фоизини ташкил этади. Шуниси аниқки, 23,6 миллион кишининг ҳаммаси ҳам муҳтож эмас. Чекланганлик шароитида бундай миқдорларнинг бир марталик тўловлари инфляциянинг тезлашишига олиб келади. Қолаверса, давлатнинг энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш имкониятлари сезиларли даражада пасаяди.

Манзилли чеклов чораларини қўллаш ва иқтисодиётнинг кўп соҳаларида корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини сақлаб қолиш шароитида кўплаб фуқаролар ўз даромадларини карантингача бўлган даврдагидек сақлаб қолишади. Ушбу ойларда давлат соҳаси ходимлари иш ҳаққи олишни давом этишди, мамлакатнинг энг йирик корхоналарининг аксариятида ишлаб чиқариш фаолияти тўхтаб қолгани йўқ, саноат корхоналарининг ишламаслиги узоқ давом этмаганлиги боис, ходимлар бандлигини таъминлаб турди.

Бошқа бир томондан, мамлакатда кичик бўлмаган норасмий сектор мавжуддир. ОАВ маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 4-5 миллион кишини ташкил қилади. Меҳнат миграцияси эса 2-2,5 миллион кишини қамраб олган. Демак, фаолияти тикланмаган тармоқлар, биринчи навбатда хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар ҳали талайгина.

Пандемиядан олдин тизимли равишда давлат томонидан ёрдам, нафақа, тўловлар ва пенсиялар олиб келган, бундан кейин ёрдам кутаётганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундан ташқари, мамлакатнинг кўплаб фуқаролари қўшимча даромадларга эга бўлганликлари (меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари, норасмий қўшимча иш жойлари ва бошқалар)ни ҳам ёдда тутиш керак. Айни пайтда аҳолининг ушбу тоифалари самарали ёрдамга муҳтождир.

Шуни тушуниш керакки, аксарият аҳоли давлатдан қўшимча маблағ ажратиш зарурлиги ҳақида гапирганда, биринчи навбатда иш жойидан маҳрум бўлганлар учун маблағсиз қолганларга манзилли чораларни назарда тутади. Ўзбекистондаги бундай шароитда молиявий барқарорлик ва ёрдам туфайли иш ўринларини сақлаб қолаётган ҳамда иш ҳаққини тўлаётган корхоналар учун молиявий манбаларнинг мавжудлигини қўллаб-қувватлашга кўпроқ урғу бериш самарали чора бўлиши мумкин.

Шу сабабли, корхоналарнинг фаолият олиб бориши орқали ходимлар даромадларини таъминлаш имконияти сақланиб қолар экан, пулни оддий тақсимлаш усулини қўллашга ҳожат йўқ. Бу борада яна бир бор таъкидлаб ўтиш керакки, давлат ресурслари чекланган бўлиб, аҳоли даромадларининг бевосита таъминоти бўлганларни қўллаб-қувватлаш орқали фуқаролар даромадларини сақлаб қолиш - энг таъсирчан чора бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, дунёда пандемиянинг давом этиши ва чеклов чораларининг қанчалик сақланиб қолиниши ноаниқ бўлиб қолаётган бир шароитида молиявий заҳиралар келажакда ҳам зарур бўлиб қолиши мумкин. Меҳнат мигрантларининг қайтиши ва иқтисодиётимизнинг тегишли иш ўринлари билан таъминлай олмаслиги Ўзбекистон молиявий тизимига қўшимча босим бўлиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, узоқ йиллар давомида чет элда ишлаган ва ўтказмалар орқали қўшимча ички талабни шакллантириб келганларнинг аксарияти ишсизлик нафақасига муҳтож бўлади. Ишсизлик нафақаларини тўлашни ошириш давлатдан қўшимча маблағларни талаб қилади.

Демак, аҳолига пулни оддий тақсимлаш давлатнинг чекланган ресурсларидан самарали фойдаланиш усули ҳисобланмайди ва натижада узоқ муддатда аҳоли даромадларининг пасайишига олиб келади. Чунки давлат сарфланган пулларни тўлдириш ва ташқи қарзларни қоплаш учун солиқларни оширишга мажбур бўлади. Шу муносабат билан, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож бўлганларни манзилли қўллаб-қувватлаш - энг мақбул ва мақсадга мувофиқ усул бўлиб қолмоқда.

Ёрдамга муҳтож бўлганларнинг ундан фойдалана олиш даражасини ошириш, бундай ёрдамни олиш тартибини осонлаштириш ва ўз вақтида олинишини таъминлаш - бошқа масала. Бундан ташқари, хусусий секторда кўпчилик тўланмайдиган таътилга юборилган, уларнинг аксарияти даромадсиз қолиши мумкин. Норасмий секторда ишлаган ва чеклов чоралари туфайли даромад олиш имкониятидан маҳрум бўлганларга самарали ёрдамни ташкил этиш билан боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

Назаримизда, ҳозирги даврда давлат юзага келган шароитда энг самарали сиёсатни амалга оширмоқда, яъни мавжуд иқтисодий воқеликни ҳисобга олган ҳолда мавжуд заҳиралардан фойдаланиб, иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ва фуқароларни иш билан таъминлаш орқали аҳолининг заиф қатламларига манзилли ёрдам кўрсатишни, шунга мос равишда уларни даромадга эга бўлишларини ташкил қилмоқда. Бу эса келажакда мамлакатнинг барча аҳолисига бир марталик тўловларни амалга оширишдан кўра кўпроқ иқтисодий самара бериши шак -шубҳасиздир.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+