Сенат мажбурий маркировкалаш қоидаларини бузганларга нисбатан масофавий солиқ текшируви ўтказиш тартибини маъқуллади
Иқтисод

Сенат мажбурий маркировкалаш қоидаларини бузганларга нисбатан масофавий солиқ текшируви ўтказиш тартибини маъқуллади

25

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида яширин иқтисодиётга қарши курашиш, истеъмолчиларни қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ҳамда солиқ назоратини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонун лойиҳаси муҳокама қилинди ва маъқулланди. "Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун билан соҳадаги назорат механизмлари янги босқичга кўтарилади.

Хусусан, Солиқ кодексига киритилаётган янги ўзгартиришларга кўра, қонунчиликда белгиланган айрим турдаги товарларни мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузган тадбиркорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади. Агар тадбиркорлик субъектига ушбу ҳуқуқбузарлик бўйича икки марта расмий огоҳлантириш берилса ва ундан кейин ҳам камчиликлар бартараф этилмаса, уларга нисбатан масофавий солиқ текшируви ўтказилиши белгиланмоқда. Янги тартибга асосан, мазкур масофавий солиқ текширувини ўтказиш муддати 5 кун этиб қайд этилди ва текширув якуни бўйича расмийлаштириладиган далолатнома тўлиқ электрон ҳужжат кўринишида тузилади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, идентификация воситалари орқали маҳсулотлар айланмасини кузатиб бориш тизимининг кучайтирилиши, энг аввало, бозорда соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу чекловлар аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигига бевосита дахлдор бўлган спиртли ва салқин ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ҳамда дори воситаларининг сифатсиз ёки сохта шаклда сотилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Юклаш...