Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари туташган жойда барпо этилаётган "Янги Тошкент" халқаро аэропорти қурилиши доирасида бир қатор турар жойлар ва биноларни бузиш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш учун Ўрта Чирчиқ туманининг Халқобод ва Янгийўл маҳаллаларидан ер ажратилган. Иморатлари бузилишга тушган уй-жойлар ва фермер хўжаликлари эгаларига белгиланган тартибда компенсация тўланади.
Туман ҳокими аҳоли ва фермер хўжаликлари вакиллари билан учрашиб, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, тўловлар, объектларни кўчириш ва бузиш билан боғлиқ масалаларни батафсил тушунтирди.
Эслатиб ўтамиз, янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишига 2025 йил 20 октябрда президент Шавкат Мирзиёев томонидан расман старт берилган эди. Лойиҳа Vision Invest (Саудия Арабистони), Sojitz (Япония) ва Incheon (Корея) компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум томонидан амалга оширилмоқда ва тўрт босқични ўз ичига олади.
Умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган биринчи босқичда аэровокзал мажмуаси ва аэродром қурилиши режалаштирилган. Янги терминал йилига 20 миллион йўловчига ва 129 минг тонна юкка хизмат кўрсатиш, соатига 30 та учиш-қўниш, бир вақтнинг ўзида 62 та самолётни қабул қилиш ва 14 та телескопик трап билан жиҳозлаш имкониятига эга бўлади.
Аэропорт Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) талабларига тўлиқ жавоб беради ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида парвозларни қабул қилиш имконини берувчи энг сўнгги навигация ва хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланади.
Экологик тозаликка алоҳида эътибор қаратилди - аэропорт барқарор қурилиш стандартларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи "яшил" ҳаво бандаргоҳи бўлади. Терминалда 46 минг квадрат метр майдонга эга Duty Free зонаси жойлашади.
Аэропорт негизида Тошкент - Самарқанд, Тошкент - Андижон ва Тошкент - Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўллари билан боғланган мултимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Шунингдек, тезюрар поезд ва янги метро линияси ўтадиган замонавий темир йўл станциясини қуриш, аэропортнинг ўзини эса Тошкент ва Янги Тошкент марказлари билан шаттл-транспорт орқали боғлаш режалаштирилган.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради, хизмат кўрсатиш, саноат ва туризм соҳаларини ривожлантиришга туртки беради, шунингдек, минглаб янги иш ўринларини яратади.

Изоҳлар мавжуд емас