Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон Республикасининг мева-сабзавот импорти бўйича ҳисоботларига кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунида бозорни етакчи таъминотчиси ўзгарди. Анъанавий тарзда асосий етказиб берувчи бўлиб келган Ўзбекистон эндиликда Хитойга ўз ўрнини бўшатиб берди.
Ўзбекистон томонидан Қозоғистонга мева ва сабзавот етказиб бериш ҳажми шу мавсумда кескин пасайган.
9 ой ичида Ўзбекистондан амалга оширилган импорт 12 фоизга камайиб, 128,6 миллион долларни, ҳажми эса 360 минг тоннани ташкил қилган.
Хитой Қозоғистонга мева-сабзавот етказиб беришда кескин ўсиш суръатларини кўрсатган ва биринчи марта энг йирик етказиб берувчига айланган.
Чин юртидан импорт 39% га ўсиб, 181,7 миллион долларга етган.
Унинг маҳсулотлари ҳажми 2,2 баробар ўсиб, 401 минг тоннани ташкил қилган.
Бозордаги бу ўзгаришга асосан Хитойнинг қуйидаги маҳсулотларни Қозоғистонга оммавий етказиб беришни бошлаши сабаб бўлган:
-
Картошка: 33,4 миллион долларлик (136 минг тонна) картошка импорти бошланган.
-
Узум: Импорт ҳажми икки баробардан зиёд ошиб, 22,8 миллион долларга (34,9 минг тонна) етган.
Шунингдек, Хитой сабзи, цитрус мевалари, ўрик ва помидор етказиб беришни ҳам сезиларли даражада оширган.
Шу билан бирга Қозоғистонда мева-сабзавот импортининг қарийб 55 фоизи Ўзбекистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, биргина жорий йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон хорижга умумий қиймати 619,6 миллион долларлик 741 минг тонна мева-сабзавот жўнатган эди.

Изоҳлар мавжуд емас