Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев энергия самарадорлигини ошириш ва электр энергияси таъминотида бозор механизмларини жорий этиш бўйича 2026 йилги стратегик режалар билан танишди.
Халқаро экспертлар хулосасига кўра, Ўзбекистон энергияни энг кўп сарфлайдиган давлатлар сирасига кирган. Айниқса, биноларнинг энергия истеъмолидаги улуши 50 фоизга етиб, бир квадрат метрга тўғри келадиган сарф Европа давлатларидан бир неча баробар юқоридир. Шу муносабат билан, Энергия самарадорлиги агентлиги олдига 2030 йилгача давлат идораларида энергия сарфини 15 фоизга, умумий иқтисодиётда эса 20 фоизга камайтириш вазифаси қўйилган.
Жорий йилда энергия тежамкорлигини таъминлаш учун давлат бюджетидан 150 миллиард сўм субсидия ажратилади. Асосий эътибор 60-70 йилларда қурилган энергия сиғими юқори биноларга қаратилади.
770 та ижтимоий объект халқаро молия институтларининг 264 миллион доллар маблағи ҳисобига тўлиқ модернизация қилинади.
400 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади ва 100 километрдан ортиқ тармоқлар янгиланади.
Биноларни лойиҳалашда сунъий интеллект ва рақамли моделлардан фойдаланилади.
Соҳада рақобатни ривожлантириш мақсадида паст кучланишли электр тармоқларини хусусий сектор бошқарувига бериш бошланмоқда. Тажриба Самарқанд вилоятидан бошланиб, кейинчалик Андижон, Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Тошкент шаҳрига кенгайтирилади.
Шунингдек, йирик истеъмолчилар (йилига 10 млн кВт/соатдан ортиқ) учун электр энергиясини тўғридан-тўғри "соатбай" шаклланган бозор нархларида харид қилиш тизими жорий этилади. Соҳани тартибга солиш учун энергетика ва коммунал соҳалар бўйича ягона регулятор ташкил этилади.
Сaноат корхоналарига қуёш панеллари ўрнатиш орқали катта ҳажмдаги маблағларни тежаш кўзда тутилган. Масалан, 142 та тўқимачилик корхонасида қуёш панелларининг ўрнатилиши 722 миллион кВт/соат электр энергиясини тежаш имконини беради. Ичимлик суви тизимида эса 300 та эскирган насос янгиларига алмаштирилади.
Президент белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда прокуратура ва ички ишлар органларига қонун устуворлигини назорат қилиш ва ҳокимликлар билан бақамти ишлаш бўйича қатъий топшириқлар берди.

Изоҳлар мавжуд емас