Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратади. Заём табиий фанлар, технология, муҳандислик ва математика (ЅТЕМ) фанларини ўқитиш сифатини ошириш учун мактабларни модернизация қилиш ва ўқитувчиларни тайёрлашга йўналтирилади.
Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб 200 та таълим муассасасида таълим муҳити модернизация қилинмоқда. Улар қўшни муассасалар учун ресурс марказларига айланади. Мактабларда замонавий лабораториялар жиҳозланади, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси янгиланади, қуёш энергияси тизимлари ўрнатилади. Имконияти чекланган ўқувчилар учун инклюзив шароитлар яратилади.
Қизларни ЅТЕМ фанларини ўрганишга қизиқтириш учун лойиҳа ахборот кампанияларини ўтказиш ва ихтисослаштирилган касбга йўналтириш дастурларини ишга туширишни назарда тутади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлайди ва ОТБнинг 2030 йилгача бўлган устувор йўналишларига мос келади. Уларга рақамли трансформация, гендер тенглиги ва иқлим ўзгаришига чидамлилик киради. У банкнинг таълим ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича кенгроқ ташаббусларини, шу жумладан "яшил" иқтисодиёт учун профессионал таълимга келажакдаги сармояларни тўлдиради.
Бундан ташқари, ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайянинг сўзларига кўра, ЅТЕМ -таълимни жорий этиш бугунги мактаб ўқувчилари учун янада инклюзив, барқарор ва глобал миқёсда рақобатбардош келажак учун пойдевор яратади.
2025 йилда Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликка 30 йил тўлди. 1995 йилда республика ОТБга аъзо бўлганидан бери банк мамлакатга умумий қиймати 14,6 миллиард долларлик кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўрсатди.
Аввалроқ ОТБ Ўзбекистонда давлат сектори ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллаган эди. Маблағлар бюджет шаффофлигини ошириш ва барқарор, очиқ иқтисодиётни ривожлантиришга йўналтирилади.

Изоҳлар мавжуд емас