Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Энди Ўзбекистонда фақат расмий рўйхатдан ўтган маркетплейслар ва стриминг платформалари фаолият кўрсатиши мумкин. Бу электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилинган ҳукумат қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатда айтилишича, 2025 йил 1 июлдан бошлаб республика ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошириш учун маркетплейслар ва стриминг хизматлари қуйидаги шарт ва талабларга риоя қилишлари шарт:
-
Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш;
-
электрон тижорат, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, истеъмолчилар ҳуқуқлари, реклама соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилиш;
-
ваколатли давлат органининг талабига кўра фаолият тўғрисидаги маълумотларни бепул асосда тақдим этиш;
-
чакана савдо қоидаларига риоя қилиш;
-
керакли даражада ишлашни таъминлайдиган ахборот тизимига эга бўлиш.
Таҳлилчи Темурмалик Элмуродовнинг таъкидлашича, янги қоидаларга кўра, Netflix, Alibaba, Temu, Amazon, Ebay, iHerb ва мамлакатда ваколатхоналари ва ҳисоб рақамлари бўлмаган бошқа кўплаб компаниялар энди Ўзбекистонда шўъба компанияларни очишлари керак. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу унчалик осон эмас:
"Халқаро хизматлар одатда ўзлари ишлайдиган барча мамлакатларда юридик шахслар тузишмайди (шунда ҳар бирида 200 та компания бўлиши керак эди). Аммо, агар бозор катта ва истиқболли бўлса, буни амалга оширишлари мумкин”.
Эксперт бир мисол келтирди- Netflix ҳозирда Ўзбекистонда ойига 100 минг доллардан кам даромад олмоқда. Савол туғилади: компания бундай кичик бозор учун янги компания тузадими?
"Яна бир мисол Temu бўлиб, у Хитой ишлаб чиқарувчиларини бутун дунё бўйлаб харидорлар билан бевосита боғлайди. Бу ерда яна бир савол туғилади: компания Ўзбекистонда ишлашни давом эттириш учун ўз бизнес моделини ўзгартирадими?", - деб ёзмоқда Элмуродов ўз Telegramида.
Унинг фикрига кўра, ушбу компанияларнинг барчаси Ўзбекистоннинг янги талабларига жавоб берса, бу жуда яхши бўлади.
"Аммо килмасачи? Улар блокланадими? Божхона уларнинг жўнатмаларини қабул қилишни тақиқлайдими? Бироқ, бу ҳолда биз чет элдан ҳеч нарса сотиб ололмаймиз ва хорижий стриминглардан маҳрум бўламиз", - дея хулоса қилди у.
Изоҳлар мавжуд емас