Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан республика бўйлаб чиқинди полигонларини қисқартириш ишлари амалга оширилди.
Ҳисобларга кўра, 2024–2025-йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жами 47 та маиший чиқинди полигони рекултивация қилинди.
Улардан Андижон вилояти 6 та (14,9 гектар),
Қашқадарё вилояти 5 та (19,15 гектар),
Фарғона вилояти 6 та (17,11 гектар),
Тошкент вилояти 3 та (9,58 гектар),
Қорақалпоғистон Республикаси 1 та (11 гектар) ҳисобланади.
2025-йилда эса жами 18 та полигонда (81,68 гектар) рекултивация ва тупроқ билан ёпиш ишлари якунига етказилган.
Натижада, республика бўйича 42 та чиқинди полигони фаолияти бутунлай тугатилиб, 90 гектарга яқин ер майдони табиатга қайтарилди.
Барча ишлар "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг 72-бандида белгиланган мақсадлар, яъни 2030-йилгача маиший чиқинди полигонларини 50 фоизга қисқартириш, ҳамда 2025-йилда уларнинг сонини камида 20 фоизга камайтириш вазифасига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Агентлик ҳузуридаги Дирекция балансида 185 та маиший чиқинди полигони мавжуд бўлиб, уларнинг 47 тасида рекултивация ишлари тугалланди.
Бу ташаббуслар экологик мувозанатни тиклаш, чиқиндиларни камайтириш ва яшил иқтисодиёт тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Экология вазири 2027 йилгача Ўзбекистонда кунига 14 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга чиқинди заводлари ишга туширилишини маълум қилганди. Шунингдек, вазирлик бу йил мамлакатда чиқинди полигонлари 18 тага камайишига ваъда берган.

Изоҳлар мавжуд емас