Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда ноқонуний олиб чиқилаётган хорижий валюта ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Асосий йўналишлардан бири Қирғизистон. Бу ҳақида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти эксперти Фарход Ғафуровнинг "Иқтисодий Шарҳ" журналида чоп этилган мақоласига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Мамлакатдан валютани олиб чиқишнинг муҳим каналларидан бири - унинг чегаралар орқали контрабанда қилиниши ҳисобланади. Бу соҳада олинган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, валютани тартибга солиш либераллаштирилгандан сўнг Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга чет эл валютасининг ноқонуний олиб чиқиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, божхона статистикасига кўра, 2019 йилда Ўзбекистондан турли валюталарда маблағларни ноқонуний олиб чиқиш бўйича 220 дан ортиқ ҳолатлар юз берган", - деди Ғафуров.
Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда чет эл валютасини олиб чиқилишининг ўсиш динамикаси эътиборга лойиқдир. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси статистикасига кўра, 2017 йилда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистонга 4,3 миллиард сўмдан ортиқ хориж валютасини ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 26,2 млрд. сўмдан ортиқни, 2019 йилда 27 млрд. сўмдан ортиқни, 2020 йилнинг январь – сентябрь ойлари давомида эса 5,6 млрд. сўмни ташкил қилган.
Валютанинг фаол олиб чиқилишида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара қисмларининг заиф томонлари сабаб бўлмоқда. 2017-2019-йилларда ва 2020-йил январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда чет эл валютасини олиб чиқишга бўлган барча уринишлар қуйидаги йўналишларда амалга оширилган: "Фарғона–Юқори Вуадил", "Наманган–Заркент" (Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани), "Тошкент–Андижон" автомобил йўли (Фарғона вилояти Ёзёвон тумани), "Наманган–Косонсой" (Наманган вилояти Косонсой тумани).
Бугунги кунда Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга чет эл валютасини олиб чиқишнинг турли омиллари ва механизмлари мавжуд:
-
қонуний йўллар- хориж валютасининг қонуний иштироки асосида чет элда фирмалар очиш, хориждаги ҳисоб-рақамларга маблағларни ўтказиш;
-
ноқонуний йўллар– ўрнатилган қоидаларни бузган ҳолда молиявий ва банк операциялари амалга ошириш;
-
жиноий йўллар - Жиноят кодексининг ваколатлари доирасида бўлган ишлар.
Амалиёт шуни кўрсатадики, хорижий валютани ярим-қонуний ва ноқонуний олиб чиқишнинг асосий каналларига қуйидагилар киради:
-
сохта импорт шартномаларини тузиш;
-
хорижий ҳамкор билан келишилган ҳолда товар етказиб бериш бўйича шартнома шартларини қасддан бузиш;
-
чет эл валютасидаги даромадларни қайтармаслик;
-
валюта қонунчилигидаги бўшлиқлардан фойдаланиш, хусусан, экспорт-импорт режимидаги операциялар бўйича;
-
ўзбекистонлик қарз олувчиси томонидан кредитларни қайтармаслик ва норезидент-банк томонидан тақдим этилган кредит бўйича юқори фоизларни тўлаш;
-
офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган “бир кунлик” фирмалар ва шуъба корхоналарини тузиш;
- товарлар ва нақд чет эл валютасини контрабанда қилиш.
Изоҳлар мавжуд емас