Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда шу кунларда ҳақиқий фожеа юз бермоқда – ўрик, гилос, бодом, узум, шунингдек, бошқа меваларнинг ҳосили совуқ ва гуллашнинг жуда эрта бошлангани туфайли хавф остида турибди. Бу ҳақида мева - сабзавот бизнеси ҳақидаги EastFruit таҳлилчилари ёзмоқда.
Январь ойининг охири ва февраль ойининг бошида минтақада юзага келган аномал даражадаги иссиқ об-ҳаво табиатнинг эрта уйғониши ва натижада донали мевали дарахт турларининг гуллашига сабаб бўлди. Ўзбекистоннинг жанубий ва марказий қисмида баҳор бир неча ҳафта олдин келди, бодом, ўрик ва гилослар гуллади, шимолда эса куртаклар пишиб, очилишга тайёр эди.
Дарахтларнинг гуллаши ва тунда -9 даража, кундузи эса -5 даража совуқ бўлиши қарама-қарши келаётган иккита тўлқинни эслатади. Афсуски, бунинг натижасида мевалар ҳосилининг барбод бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
EastFruit Ўзбекистоннинг Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари боғбонлари, фермер ва мутахассисларидан бўлажак мева ҳосилининг йўқотиш ҳавфи хусусида сўраган. Таъкидлаш керакки, дастлабки уч вилоятда республикада ишлаб чиқарилаётган мева ва резаворларнинг қарийб 70 фоизи етиштирилади.
Қуйида уларнинг айрим фикрлари келтирилмоқда.
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридан бўлган фермер Низом Акбаров асосан ўрик ҳосилини йўқотишдан чўчимоқда:
"Қувасой боғдорчиликка ихтисослашган, ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, бу ерда Ўзбекистонда мавжуд барча турдаги мевалар етиштирилади. Менинг боғимда асосан уч турдаги мева мавжуд: гилос, шафтоли ва олма. Бизнинг туманда дарахтлар ҳали гулламаган, лекин куртаклар пишиб, очилиш арафасида турибди.
Келаётган совуқ ҳавонинг хавфига келсак, бу дарахтлар табиатан "заиф" бўлгани учун ўрик ҳосили ҳақида кўпроқ қайғураман. Совуқ билан бир қаторда уларнинг ҳосилдорлигига ёғингарчилик даражаси ва об-ҳаво шароитига боғлиқ бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Агар об-ҳаво маълумоти тўғри бўлса, бу йил ҳам [ўрик] ҳосилини йўқотишимиз мумкин.
Бу борада гилос "чидамлироқ", лекин бундай ҳароратларда, синоптикларнинг айтишича, йўқотишлар бўлиши мумкин. 2013 ёки 2014 март ойининг охирида қаттиқ совуқ, ҳатто қор бўлганини яхши эслайман. Ўшанда гилос ҳосилининг 35 фоизга яқинини йўқотган эдик."
Бухоро Давлат университети доценти, иқтисод фанлари номзоди, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти бўйича мутахассис Махмуд Ориповнинг фикрича, бўлажак совуқ об-ҳаводан мева ҳосилини йўқотиш бу мевалар нави ва турига қараб 30 фоиздан 80фоизгача бўлиши мумкин:
"Йилнинг бу вақти учун об-ҳавонинг кутилмаган ва ғайритабиий исиши табиатнинг эрта уйғонишига олиб келди. Натижада, хусусан, Бухорода бодом, ўрикнинг айрим навлари (лекин ҳаммасини эмас), шунингдек, олманинг эрта навларинининг уйғониши кўряпмиз. Бундан ташқари, ўрик, гилос ва олхўри ҳам гуллаш жараёнида турибди.
Бўлажак совуқлар жиддий зарар етказиши мумкин. Доналик мевалар хусусида айтадиган бўлсак, йўқотиш хавфи қўйидагича:
-
бўлажак бодом ҳосилининг 55-60 фоизи ;
-
гуллаган ўрик навлари учун-70-80 фоизи,
-
ўрикнинг гулламаган бошқа навлари учун-30-35 фоиз;
-
олхўри-35-40 фоиз".
Илҳом Жураев-Самарқанд вилояти Пайариқ туманилик боғбон:
"Туманимизда бодом ва ўрик аллақачон гуллаган. Яқин келажакда башорат қилинган қаттиқ совуқларга ўрикка нисбатан бодом чидамлироқ, деб айтиш мумкин. Агарда бундай совуқ келса бодомнинг ҳам 70-80 фоизини йўқотишимиз мумкин."
Тоғли ҳудудларга яқинроқ жойлашган Самарқанд вилоятининг бошқа туманларидан бўлган боғбон ва фермерларнинг айтишича, мевали дарахтлар ҳали гулламаган.
Сурхондарё вилоятидан бўлган фермер аёл Гулпари Бозорова келаётган совуқ ҳаводан нафақат донали мева турлари, балки узум ҳам зарар кўришини билдирмоқда:
"Бизда ўрик, бодом, олча ва япон беҳиси аллақачон гуллаган. Улардан бодом гулдан чиқиб, мева ҳам ҳосил қилган. Синоптиклар кескин совуқ бўлишини тахмин қилишмоқда. Бўлажак ҳосилдан хавотирдамиз.
Ўрик, гилос, олма (эрта) ва беҳи хавф остида. Бўлажак узум ҳосили ҳам зарар кўриши мумкин, чунки Сурхондарё узум буталари қишда кўмилмайди, улар очиқликда "қишлайди”. Бу йил январь охирида бошланган кескин ғайритабиий исиш узумзорларнинг эрта “уйғониши"га олиб келди. Ҳосилнинг бир қисмини йўқотишдан хавотирдамиз.
Умуман олганда, ҳосилни йўқотиш 30 фоиз атрофида бўлиши мумкин, лекин айниқса ўрик жиддий хавф остида. Дона меваларнинг бу тури ҳаттоки кучли шамол ва ёмғирдан “қўрқади”. Гуллашдан кейинги қаттиқ совуқлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади".
Барча сўралган боғбон ва фермерлар ўз боғларини ҳимоя қилишнинг эски анъанавий усулидан фойдаланишмоқчи. Бунда гўнг ва сомон аралашмаси тайёрланиб, боғнинг турли жойларида ёқиб юборилади. Вужудга келадиган қалин тутун боғни ўраб олади ва шу орқали дарахтларни совуқдан ҳимоя қилади.
Ўзбекистонда 2017-2019 йилларда ўрик етиштириш ҳажми нисбатан барқарор бўлиб, 10 фоиз ( + / - ) оралиғида фарқланиб турган. Бу даврда гилос етиштириш 39,3фоизга, бодом етиштириш ҳаттоки 5 баробарга ошган. Яқинлашиб келаётган совуқ об-ҳаво Ўзбекистонда донали мевалар етиштириш ҳажми ва нархларига қандай ва қай даражада таъсир қилишини ҳозирча айтиш қийин.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас