Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий иқтисодиётда йирик миқдордаги қарздорлиги мавжуд бўлган "Ҳудудгазтаъминот" Янги йил байрами арафасида ўз автопаркини қимматбаҳо электромобиллар билан бойитди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, компания молиявий қийинчиликларга қарамай, жами қиймати 1,4 миллиард сўмдан ортиқ бўлган замонавий автомобилларни сотиб олган. Бу харидлар аҳоли ва жамоатчилик ўртасида кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда, чунки корхонанинг бюджет ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари ҳамон бажарилмай қолмоқда.
Аниқланишича, компания 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 2 дона қора рангли BYD Han (ATTO 8) олмокда. BYD Song Plus учун эса карийб 400 миллион сўм сарфламокда.
Аслида, "Ҳудудгазтаъминот"нинг бугунги кундаги иқтисодий кўрсаткичлари ҳавас қиларли даражада эмас. Унинг умумий қарздорлиги 602 миллиард сўмга (Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра) етган. Солиқ қарзи эса 137,3 миллион сўм.

Давлат улуши мавжуд бўлган компанияларнинг бу каби харажатлари Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуни ва тежамкорлик тамойилларига қанчалик мос келиши кўпчиликни ўйлантирмоқда. Айниқса, энергия ресурслари таъминотида узилишлар кузатилаётган бир пайтда, масъул ташкилотнинг қимматбаҳо машиналар харид қилиши "комплаенс" назорати ва иқтисодий мантиққа зид сифатида баҳоланмоқда.

Бундан олдин Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги умумий қиймати 1,9 миллиард сўмлик учта давлат хариди натижаларини бекор қилиш орқали бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланишининг олдини олганди. Бу ҳолатда ҳам уларнинг аралашуви бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас