“Ўзбеккино” агентликнинг бир қатор мансабдор шахсларига  нисбатан қўзғатилган жиноий иш сабаблари  бўйича маълумот берди
Жамият

“Ўзбеккино” агентликнинг бир қатор мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноий иш сабаблари бўйича маълумот берди

985

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. "Ўзбеккино" Миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Нозимжон Сафаров агентликнинг бир қатор мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги оқибатида “Ўзбеккино”атрофида юзага келган вазият ҳақида мухбиримизга гапириб берди.

– "Ўзбеккино" Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилишининг сабаби нимада?

- Агентликнинг 2017-йил 1-январдан 2019-йил 31-декабргача бўлган давр мобайнидаги молиявий-хўжалик фаолияти Молия вазирлиги Давлат молия назорати Департаменти томонидан текширилганда, 17 млрд. сўм миқдорида мақсадсиз сарфлар ва талон-тарожликлар аниқланди. Текшириш "Ўзбеккино" миллий агентлиги Бош директорининг Молия вазирлигига қилган иккита ёзма сўрови (2020 йил 1 ва 17 апрель) асосида амалга оширилди.

Ушбу текширувга Агентлик мутасаддилари томонидан йўл қўйилган бир қатор аниқ қонунбузилишлар сабаб бўлган. Агентлик Молия бўлими собиқ бошлиғи амалдаги бош директорининг рухсатисиз ва ўзбошимчалик билан кўп миллиардлик бюджетни тасдиқлашган урингани ҳам мазкур текширувни келтириб чиқарган.

Хусусан, "Ўзбеккино" молиявий йиллик бюджетининг йиллик сметасини тасдиқлаш учун Бош директорнинг электрон имзосидан ноқонуний фойдаланилиб, мазкур ҳужжат Молия вазирлигига тақдим этилган.

Қайд етиш керакки, бу "Ўзбеккино"да муҳим молиявий ҳужжатларни сохталаштириш бўйича биринчи ҳолат эмас. Текшириш якунида Молия вазирлигининг Давлат молия назорати Департаменти томонидан тегишли далолатнома Бош прокуратурага тақдим этилган. Натижада Бош прокуратура ушбу ҳужжатда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан жиноий иш очган.

Жорий йилнинг 25 август куни "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон кинематографиячилар уюшмаси, Бадиий ва Жамоатчилик Кенгашларининг қўшма баёноти эълон қилиниб, унда кино соҳасида бошланган текширувлар ҳақида хабар берилган.

Шундай қилиб, киномаҳсулотни ишлаб чиқариш учун давлат маблағларининг талон-тарож қилинганлиги бўйича кеча эълон қилинган хабарлар янгилик эмас. Буни бир неча бор ўзимиз айтиб ўтганмиз.

Шахсий маблағлар ҳисобидан суратга олинган “Мендирман Жалолиддин” сериалини давлат пулларининг талон-қилиниши ва шу муносабат билан қўзғатилган жиноий ишлар билан боғлаш ҳақиқатдан мутлақо йироқ. Бу жамоатчилик фикрини чалкаштириб, тергов идораларига босим ўтказишнинг бир йўлидир.

– Бу сўнгги йилларда "Ўзбеккино"га нисбатан қўзғатилган биринчи ёки иккинчи жиноят иши эмас. Қонунбузилишларнинг сабаби нимада ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?

– Кино соҳасида коррупцияга қарши курашиш учун фильмлар сметасини назорат қилувчи ва кино лойиҳаларининг молиявий қисми бўйича тавсиялар берадиган Жамоатчилик Кенгаши ташкил этилди. Жамоатчилик Кенгаши йиғилишларида йирик бюджетли лойиҳалар кўриб чиқилган ва кино ишлаб чиқариш учун смета харажатлари ортиқча бўлган айрим лойиҳалар Кенгаш томонидан тўхтатилиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Шунингдек, Агентлик томонидан коррупцияга қарши дастур қабул қилинган, киноижодкорлар учун рақобат шароитлари тизими жорий этилди. Ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Агентлик ҳузурида медиа-клуб ташкил этилди. Унда Агентлик журналистлар ва блогерлар билан билан учрашиб, кино лойиҳаларининг ижобий ва салбий томонларини муҳокама қилиб турилади. "Ўзбеккино" тарихида илк бор агентлик буюртмаси асосида тайёрланган фильмлар бюджети медиа-клуб йиғилишларида очиб берилди.

– Жиноят ишининг қўзғатилиши ва янги "Мендирман Жалолиддин" сериалини бир-бирига боғлашга бўлган уринишлар ҳақида фикрингиз қандай?

– Бош прокуратура томонидан "Ўзбеккино"да олиб борилаётган текширув билан ушбу фильм ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ. Бош прокуратуранинг расмий баёнотида ҳам "Мендирман Жалолиддин" фильми жиноят иши билан боғлиқ эмаслиги аниқ кўрсатилган.

2018 йилда "Ўзбеккино" ушбу сериални ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичи учун 533 млн. сўм маблағ ажратган бўлса-да, кейинчалик уни ишлаб чиқариш учун ҳомийлик маблағлари ажратилганлиги туфайли пул бюджетга қайтарилган.

Умуман олганда, ўзбек киноси тарихида илк бор хорижлик продюссер ва актёрларни жалб этган ҳолда шундай кенг кўламли лойиҳа амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим. Албатта, бу сериал жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлиши олдиндан маълум эди. Бу фильм атрофида кўплаб миш-мишлар бўлиши ҳам кутилган эди.

Шуниси аниқки, Ўзбекистонда кинематография соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ортга суришдан манфаатдор бўлган, ҳозирда ижтимоий тармоқларда, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида ахборот хуружларини амалга оширишга уринаётган шахслар бу мавзудан албатта фойдаланишади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...