Загрузка
Загрузка
1 августдан  бошлаб Ўзбекистонда утилизация йиғими жорий қилинмоқда. Бу ўзи нима ва унинг  акциз солиғидан  афзалликлари нимадан иборат?
Жамият

1 августдан бошлаб Ўзбекистонда утилизация йиғими жорий қилинмоқда. Бу ўзи нима ва унинг акциз солиғидан афзалликлари нимадан иборат?

2197
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 2020 йил 1 августдан  бошлаб Ўзбекистонда утилизация  йиғими жорий этилмоқда. Ушбу чора ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар буни номигагина  қилинган иш, яъни яқинда бекор қилинган автомобиллар импортига қўлланиладиган акциз солиғи  шунчаки утилизация йиғимига алмаштирилди, деб айтишмоқда. Биз утилизация йиғимининг ўзи нима эканлиги ва у Ўзбекистонга  нима  учун  кераклиги масаласига  аниқлик қиритишга қарор қилдик.

Бир шингил назария

Утилизация йиғимини Ўзбекистон ҳудудига ўз автомобилларини олиб кирувчи барча жисмоний ва юридик шахслар тўлашади. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам  тўловдан озод қилинмайди. Демак йиғимни жорий қилишдан  мақсад  - маҳаллий ишлаб чиқарувчини  ҳимоя қилиш эмасдир.  Автомобилларни олиб кирувчи дилерлар ҳам, оддий кишилар ҳам,  монополиячи ҳисобланган UzAuto Motors ҳам  йиғимни тўлашга мажбур бўлади.

Cui bono

Ижтимоий тармоқларда қайд этилган яна бир қизиқарли тахмин шундан иборатки, йиғимларнинг барчасига UzAuto Motors эгалик қилармиш.  Бироқ, бундай эмас. Автомобилни олиб киришда олинадиган йиғим Давлат божхона қўмитаси томонидан, мамлакатда йиғилган автомобиллар учун  йиғим  Давлат солиқ қўмитаси томонидан ундирилади. Барча пуллар давлат бюджетига тушади.

Шу билан бирга таъкидлаш муҳимки, йиғим ушбу қарор кучга киргунга қадар, яъни 1 августгача сотиб олинган автомобилларга нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек,  иккиламчи бозорда сотиладиган транспорт воситаларига  ҳам йиғим ундириш таъсир қилмайди.

Утилизация йиғимидан тушган пуллар махсус ҳисоб-варақда тўпланиб, республиканинг барча ҳудудларида чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни ташкил этишга йўналтирилади.

Истеъмолчилар гаровга олинганми?

Ҳужжатни  тайёрлашда иштирок этган   "Ўзагротехсаноатхолдинг" (1-июлдан тугатиш жараёни бошланди) мутахассисларининг айтишича,  йиғимнинг жорий қилинишидан биринчи навбатда истеъмолчилар фойда кўришаркан.   Буни  ҳам  кўриб чиқайлик.

Албатта, мамлакат ичидаги автомобиль сотиб олувчи тўғридан-тўғри утилизация  йиғимини тўламайди. У  учун  буни машинани олиб кирган дилер ёки автомобилни ишлаб чиқарган компания амалга оширади. Аммо  шуниси аниқки, йиғим миқдори тайёр маҳсулот нархига қўшиш ҳисобидан  қопланади.  Шартли  равишда оладиган бўлсак, Toyota  компанияси   йиғимни  ўз  чўнтагидан тўлашига ишониш қийин.  У йиғимни машинанинг  нархига  қўшиб  қўяди холос.

Неча грамм  улчайлик?

Энди эса аниқ бир саволнинг келиб чикиши табиий: "Бу ўзи қанча туради?" Автотранспорт воситасининг тури, тоифаси, ишлаб чиқарилган йилидан келиб чиққан ҳолда олинадиган йиғим  базавий ҳисоблаш  миқдорининг (БҲМ) 30 бараваридан 1500 бараваригачани ташкил қилади. Эслатиб ўтамизки, 1та  БҲМ - 223 минг сўмни ташкил қилса, 30 БҲМ-  6,6 миллион сўмни, 1500 БҲМ- 334,5 миллион сўмга тенг бўлади.

Қарорда  келтирилган маълумотларга кўра, бир литрли двигатель учун унинг йиғим нархи айнан  30 БҲМ, 1 дан 2 литргача - 120 БҲМ, 2 дан 3,5 литргача - 180 БҲМни  ташкил этади. Шу билан бирга, автомобиль ишлаб чиқарилган пайтдан бошлаб уч йил ўтмаган  бўлиши керак.

Мисол  учун  учун  бекор  қилинган акциз солиғи билан таққослаб кўрайлик. Аввалроқ, Давлат божхона қўмитасининг Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармаси бошлиғининг  ўринбосари Азамат Байдебов автомобиллар импортига акциз солиғи ставкалари двигатель ишчи ҳажмининг ҳар-бир  куб/сантиметрига уч долларга тенг  ҳажмда белгиланганлигини айтган эди.

"Бу дегани, енгил автомобилларни олиб кириш учун акциз солиғи ўртача 6 минг долларни ташкил этади. Энди акциз солиғи бекор қилингандан кейин бу сумма  олинмайди", - деди у.

Буни осонликча ҳисоблаб кўриш мумкин. Шартли равишда оладиган бўлсак, импорт қилинадиган икки литрли двигателли автомобиль 6 минг доллар (тахминан 60 миллион сўм) тўлашдан озод қилиниб,  унга 120 та БҲМ (26,7 миллион сўм) миқдорида йиғим қўшилди.

Демак, жисмоний ва юридик шахслар импорт қилинадиган автомобиллар нархининг пасайишига эришдилар. Аммо  дилерлар  автомобиллар  нархини камайтиришарканми?  Бу  саволга жавоб бериш  мушкулдир.

Бизга  шунинг  кераги борми?

Бугунги кунда республикадаги автопаркнинг 27 фоизини 20ёшдан ўтган автомобиллар ташкил этади. Ҳар куни йўлларда  жуда эскириб кетган ва зўрға ҳаракатланаётган машиналарни кўрамиз. Шубҳасизки, уларни алмаштириш керак. Бунинг  сабаби нафақат уларнинг атроф-муҳитга зарар етказишига боғлиқ, балки  қачонлардир бирор-бир  эҳтиёт қисмининг  ишдан чиқиши боис  мазкур машиналар йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлиши   мумкиндир.

Бундай транспорт воситаларини утилизация қилиш тизимининг йўқлиги жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Мисоллар учун узоққа бориш шарт эмас. Саноат корхоналари атрофига борсангиз, улар қандай қилиб "қўлбола" усулида  утилизация қилаётганларини кўришингиз мумкин. Техник суюқликлар  шунчаки дарёга қуйилади  ёки махсус идишларда  кўмилади. Йиллар давомида қуёш остида қолган ва атроф-муҳитни ифлослантираётган автомобилларнинг нометалл ва заҳарли қисмларини ҳам шу қисмат кутади.

Оддий  бир мисол – Nexia 3  таркибида  секин биологик парчаланадиган ва токсик бўлган 4 литр мотор мойи мавжуд. Яна бир зарарли модда -  қўрғошин-кислотали батареядаги электролитдир. Nexia 3 да 1,6 литр электролит мавжуд. Ўз ҳолига  қолдирилган ушбу моддалар  тупроққа ва ер ости сувларига қўрғошин, кадмий, рух ва алюминий каби оғир металларни сиздириб, ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамларни заҳарлашига сабаб бўлади.

Шунинг учун, бу борада тўлаш ёки тўламаслик ҳақида гапириш ўринли эмасдир. Барчамиз атроф-муҳитга ғамхўрлик қилишимиз, бу йиғим миқдори ва унинг автомобилнинг якуний нархига  қандай таъсир этиши ҳақида  ўйлаб кўришимиз айни муддаодир. 
Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...