Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу чора-тадбирлар доирасида энг яхши шифокорлар ва муассасаларга бир марталик 500 миллион сўмгача мукофот пул маблағи ажратилади, шунингдек ходимларни хорижда таълим олиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш имкониятлари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимларини қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари сифатида уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фидойи шифокорларни рағбатлантириш, ёш мутахассисларга имконият яратиш ва жамиятда "Шифокор – аҳоли саломатлиги посбони" шиорини мустаҳкамлаш белгиланди.
2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳар йили энг кам ойлик миқдордаги рағбатлантирувчи тўлов олади. Шунингдек, "Энг яхши шифокор", "Энг яхши поликлиника раҳбари", "Энг яхши шифохона" каби номинациялар бўйича танловлар ташкил этилади. Уларни хориждаги нуфузли таълим дастурларида ўқитиш йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасалари беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Шу билан бирга, иш фаолияти узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида иш ташкил этилади.
Шунингдек, янги даволаш усулларини жорий этган шифокорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари, 15 йиллик иш тажрибасига эга тиббиёт ходимларининг фарзандларига эса олий таълим контрактининг 30 фоизини қоплаш мўлжалланган.
Ҳар йили 500 нафар шифокор ва фармацевтлар учун уй-жой хариди бўйича дастлабки тўловнинг 25 фоизи қоплаб берилади. Шунингдек, халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этган ходимларнинг барча харажатлари ҳам давлат томонидан қопланади.

Изоҳлар мавжуд емас