Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Минг афсуски, Ўзбекистон фуқароларида ўз ҳуқуқлари учун курашишга қонуний йўллар қолмади, ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳеч қандай натижа бермаяпти, халқ адолат ва қонун устуворлигига ишончини йўқотмоқда, деди Batafsil.uz мухбирига таниқли жамоат арбоби ва журналист Абу-Али Ниёзматов.
"Шаҳарнинг турли бурчакларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз муаммоларини ҳал қила олмайдиган аҳолидан кўплаб шикоятлар менга келиб тушмоқда. Бу муаммолар асосан савдо объектларини қуриш учун ер участкаларини ноқонуний олиб қўйиш билан боғлиқ", - деди Ниёзматов.
Унинг сўзларига кўра, қурилиш компаниялари мавзелар ичидаги ернинг ҳар- бир қаричи, болалар ва спорт майдончалари, яшил майдончаларни эгаллаб олаётгани, болалар боғчалари ва шаҳар парклари ҳудудларини ҳам қўлга киритаётгани сир емас.
"Табиийки, аҳоли тўлақонли ҳаёт кечириш учун зарур бўлган бўш жойдан воз кечмоқчи эмас, улар барча идораларга, шу жумладан, судга ва депутатларга мурожаат қилишмоқда. Лекин ҳамма жойдан бир хил жавоб қайтарилади. Агар иш судгача борса, суд мажлислари қонуннинг устидан қилинган очиқ масхарага ўхшайди, аксарият ҳолларда судлар ҳужжатлари жойида бўлмаса ҳам қурувчилар тарафида бўлади", - деб таъкидлади жамоат арбоби.
Яъни Ниёзматов таъкидлаганидек, ҳукуматнинг барча тармоқлари томонидан қонунлар эътиборсиз қолдирилаётган, оддий одамлар эса адолатга эриша олмаётган бир вазият кузатилмоқда. Шундай экан, оддий халқ олдида қолган ягона чора – бу қонуний талаблари билан кўчага чиқишдир.
Жамоат арбобининг қайд этишича, амалдорлар митинг, пикет ва юришлардан ташқари одамларга бошқа йўл қўймаётганликларини яхши англашмоқда. Дарвоқе, бу чоралар қонунчилик томонидан назарда тутилган. Бироқ, улар бундай қилиш учун халқ жуда қўрқоқ, деб ўйлашади.
"Расмийлар чуқур янглишмоқда. Буни одамлар билан бевосита, юзма-юз мулоқот қиладиган киши сифатида тўлиқ масъулият билан айта оламан. Фуқаролар қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кескин қадамларга тайёр. Чунки улар бепарво ва очкўз амалдорларга қарши курашмаса, ҳамма нарсани – қулай ва чиройли шаҳарда яшаш, ўз фикрини билдириш, умуман, қонуний ва адолатли давлатда яшаш ҳуқуқини йўқотишларини билишади",-деб таъкидлади Ниёзматов.
Унга кўра, қурилиш соҳасида тадбиркорлар учун фуқароларнинг ҳуқуқларини бузмайдиган, шаҳар аҳолисининг ҳаёти ва фаолиятига путур етмайдиган пул топишнинг бошқа йўллари ҳам кўп.
"Тошкентда, жумладан, пойтахт марказида бузиш лозим бўлган эски мавзелар борлиги, уларнинг ўрнида барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар-жойлар қуриш мумкинлиги ҳақида бир неча бор таъкидлаганман. Албатта, бу борада қурувчилар айрим харажатларни қоплашлари, жумладан уй эгаларига компенсация тўлашлари, янги коммуникацияларни ўрнатишлари керак бўлади. Бунинг эвазига шаҳар сиқилмайди, тош қопга айланмасдан, ривожлана боради", - дея таъкидлади Ниёзматов.
У вазият учун масъул бўлган барча амалдорларни шаҳар ва аҳоли манфаати учун ҳаракат қилишни қандай бошлаш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди.
"Ахир сиз ва оилангиз шу шаҳарда яшайди. Қилаётган ҳаракатларингиз ўзингиз ва яқинларингиз учун чуқур қазишга баробар эканлигидан ташвишланмайсизми? Ёки ўз келажагингизни Ўзбекистон билан боғламаяпсизми?",- деди Ниёзматов амалдорларга мурожаат қилиб.
Изоҳлар мавжуд емас