Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг “энг адолатли суди” томонидан яна бир ғалати қарор чиқарилган. Гап шундаки, бир эркак нотаниш қизнинг ортидан бориб, уни шу даражада қўрқитганки, бечора қиз қимматбаҳо дорилар билан даволанишга мажбур бўлмоқда. Аммо суд тажовузкор эркакка арзимас жарима тайинлаган холос. Бу ҳақда зўравонликка қарши “Немолчи” лойиҳаси маълумотларига таянган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Қишнинг бир кунида дўконга чиққан қизнинг ортидан бир эркак ўралашиб қолган, у бақирган, қизга хуштак чалган, кўчада ва подъезда уни ўз ҳолига қўймаган.
“Мен квартирамга кириб, эшикни қулфлашга улгурдим ва шу заҳоти ўша одам эшикнинг дастагини торта бошлади. Онам уйда эди, унга ҳаммасини айтиб бердим. Шу вақт давомида ҳам эркак уйимизга киришга унираверди”, - деди қиз.
Қизнинг онаси милиция чақиришини таъкидласада, тажовузкор ҳаммани ўлдиришини айтиб, узоқ вақт подъездда бўлиб турган. Қизнинг онаси 102ни чақирсада, ҳеч ким етиб келмаган.
Жабрланувчилар милицияга ариза беришган, кузатув камерларидан ёзувларни тақдим қилишган бўлсада, участка инспектор уларга қўнғироқ қилмаган. Қизнинг онаси порталга ёзишини айтганидан сўнггина, участка инспектори 183 модда (майда безорилик) бўйича судга ариза киритган. Ушбу модда бўйича БҲМнинг уч баробаридан беш баробаригача жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ белгиланган.
Судда кузатув камераларидан олинган ёзувлар ва тиббий маълумотнома умуман эътиборга олинмаган, ҳолбуки, қизда ваҳимали қўрқувлар пайдо бўлган, у гавжум жойларга бора олмаяпти.
Шифокорлар медикаментоз даволашни тавсия қилишгани боис, қизнинг онаси даволаш харажатларини ундириш учун қайта фуқаролик судига мурожаат қилган. Аммо суд унинг даъвосини қисман қониқтирган ва жавобгардан бор-йўғи 2 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган. Шу пулни ҳам эркак ҳанузгача тўлаб бермаган.
Суддан кейин жабрланувчилар Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишган, аммо натижаси бўлмаган. МИБ ходимлари жавобгарга нисбатан ҳеч қандай чора кўришмаяпти.
“Қўлимизда барча ҳужжатлар бор, аммо чора кўрилиши учун қаерга мурожаат қилишни билмаймиз. Ўша эркак эса қўшни яшайди, ҳар сафар ёнимиздан ўтганда табассум қилади”, - дея маълум қилмоқда жабрланган томон.
Бу воқеада ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимларининг ҳам, суднинг ҳам муносабати кишини ҳайрон қолдиради. Видеоёзувни кўрмасдан туриб, фақат маънавий зарарни ундириш бериш нақадар тўғри? Ахир қиз катта пул эвазига даволаниши лозимку! МИБ ходимларининг жавобгарга нисбатан эътиборсизлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари мазкур воқеани ўқиб, “адолатга умид қолмади”, “қонунлар ишламаса, бу жуда қўрқинчли”, дея ёзишмоқда. Умид қиламизки, ҳолатнинг ошкор қилиниши адолатни тиклашга ёрдам беради.
Изоҳлар мавжуд емас