Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда алимент тўловчи оталарнинг четга чиқишини тақиқлаш борасида тушунарсиз ва адолатсиз тизим шаклланган. Айни пайтда алимент тўлайсизми, йўқми – Мажбурий ижро бюроси инспектори ўз хохишига кўра тақиқ қўйиши мумкин. Шундай қилсада, инспектор хақ бўлиб чиқади. Чунки амалдаги қонунчилик меъёрлари бунга рухсат беради. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Шаклланган тизим даҳшатли даражада оддий ва адолатсиз. Агарда инспекторда кишининг алимент тўлаётгани ҳақидаги маълумотлар бўлмаса, у истаган пайтда тақиқ қўйиши мумкин. Одатда бу ҳақида аэропортда, айни учишдан олдин маълум бўлади. Бунинг сабаби – амалдаги тартибдаги камчиликлардадир.
Ижро варқасига асосан, ҳар ойнинг бешинчи санасида алимент пуллари тўловчининг иш ҳақидан автоматик равишда олиб қўйилади. Яъни, тўлов жараёни амалга ошсада, бу ҳақидаги маълумот негадир инспекторларгача етиб бормайди.
Назарий жиҳатдан, ташкилотлар МИБга тегишли маълумотни юборишлари мумкин, лекин бир томондан, ҳеч ким бундай қилмайди. Бошқа томондан – негадир МИБ тақиқ қўйишдан олдин бу маълумотларни ҳеч кимдан сўраб ҳам олмайди. Қарор чиқарилиб, тақиқ қўйилади холос. Фуқаронинг узлуксиз тўлаб келаётганига эса ҳамма тупурган. Бунинг олдини олиш учун барча алиментларни олдиндан тўлаш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик баравари миқдорида гаров тўлаш талаб қилинади.
Алимент тўловчининг назари билан қараганда
Шу турдаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ қизиқарли воқеалардан бири айни кунларда Бухорода юз бермоқда. Ўрнатилган тақиқни бир марта бекор қилишга муваффақ бўлган, лекин маълум вақт ўтгач яна тақиққа мубтало бўлган бир ўзбекистонлик ўз бошидан кечираётганлари билан ўртоқлашди.
"Яқинда, МИБнинг янги ишга туширилган маълумотлар базасидан қарздорликни ва чет элга чиқишга ўрнатилган тақиқни аниқлаш имкони пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Намунали ва қонунга итоаткор алимент тўловчиси сифатида мободо менга ҳам таъқиқ ўрнатилмаганмикин, дея қизиқдим ва тегишли маълумотларимни жойлаштирдим. Не кўз билан кўрайки, 2020 йилнинг 20 апрель куни МИБ Бухоро тумани бўлими томонидан менга яна четга чиқиш учун вақтинчалик чеклов қўйилган экан!” - деди у.
Ўзбекистонликнинг айтишича, бу тақиқни ўрнатган МИБ ижрочиси унинг алимент тўлаётгани билан ҳаттоқи қизиқиб ҳам кўрмаган.
"Аслида, 2006 йилдан буён тартибли алимент тўловчисиман. Бундан ташқари, келгуси йилнинг август ойида қизимнинг вояга етиши туфайли ижро ҳужжатининг муддати бутунлай тугайди. Бундан ташқари, МИБ ходими чегара хизматларига ҳужжат юборишдан олдин мен узоқ йиллар давомида ОТМда ишлаб келаётганим, барқарор даромадга эга эканлигим, ойма-ой алимент тўлаб келаётганим билан бир қизиқиб кўриши мумкин эдику! Энг муҳими, алимент олувчи томонидан менга нисбатан ҳеч қандай даъво қилинмаган. Демак, ижрочининг хабарсизлиги туфайли мен яна муаммоларга гирифтор бўлиб қоляпман", - дея таъкидлади у.
Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, бу ҳолатда МИБ синалган мантиққа мувофиқ иш кўрган. Яъни, ўз вақтида тўлаётган тўловчига ҳам, алиментдан қочиб юрганлар учун ҳам ёппасига тақиқ ўрнатмоқда.
"Рўйхатларни қайта текширишга не ҳожат? Ким четга чиқмоқчи бўлса, марҳамат – бир азоб чексин. Бу вазият шахсан мен учун такрорланмоқда. Бир неча йил олдин, менга нисбатан ўрнатилган худди шундай таъқиқ суд ижрочилари билан судлашганимдан кейингина бекор қилинди. Яхшиямки, коронавирус туфайли ҳеч қаерга кетишга на имкон, на истак бўлмаган бир пайтда бу ҳақида хабар топдим. Ахир, охирги маротаба мен тақиқ ҳақида учишимдан олдин, аэропортда билиб қолганман. Ўшанда қанчадан қанча асаб бузилган эди", - деди у.
Эркакнинг айтишича, мазкур бюрократлашган тизим давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан ғамхўрлик қилишига бўлган ишончни ўлдиради. Демак, алимент тўлайсанми, йўқми – барибир айбдорсан. Энг асосийси, тақиқ ўрнатилганлиги ҳақида МИБдан бирор-бир хат ёки хабарнома берилмаган.
МИБнинг фикри
Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ матбуот-хизмати раҳбари Феруз Тошпўлатовнинг айтишича, эр-хотин ўртасидаги никоҳ муносабатларининг тугатилиши болаларнинг молиявий таъминотига таъсир қилмаслиги керак.
"Маълумки, алимент тўловлари, аввало болаларнинг таълим - тарбияси, сифатли овқатланиши, шунингдек, уларнинг баркамол ва соғлом ривожланиши учун мўлжалланган. Лекин афсуски, буни унутиб қўйган оталар ҳам бор", - дея таъкидлади у.
Агар статистикага қарайдиган бўлсак, 1 сентябрь ҳолатида Мажбурий ижро бюроси юритувида бўлган 1 миллиондан ортиқ ижро ишларидан 259 мингтаси ( 24.2%)ни алимент ундириш билан боғлиқ ишлар ташкил қилади. 2019 йилда бу кўрсаткич 224 мингта бўлган.
Уларнинг тахминан 132 826 нафари алиментни ўз вақтида тўлайдиган бўлса, 70 906та ижро ҳужжатларига кўра, алиментлар мажбурлаш ижро чораларини қўллаш орқали давлат ижрочилари томонидан ундирилмоқда.
Алимент бўйича ўз вақтида тўловларни амалга ошириш, шунингдек чет элга чиқиб кетиб, алимент тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш учун меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд.
Жумладан, бу "Суд ҳужжатлари ва бошқа идоралар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонуннинг 421-моддаси (Қарздор –жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишига доир вақтинчалик чекловлар)да назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, агар жисмоний шахс-қарздор суд қарори асосидаги ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни белгиланган муддатда узрсиз сабаблар билан бажармаса, давлат ижрочиси ундирувчининг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан қарздорнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши бўйича вақтинчалик чеклов ўрнатишга ҳақлидир.
Қарздорнинг чиқиб кетишини вақтинчалик чеклаш тўғрисидаги Давлат ижрочиси қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади. Кўрсатилган қарорнинг нусхалари қарздорга (агар турар жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (бошқармаси)га ва Давлат чегарасини қўриқлаш идораларига юборилади.
"Мазкур қонунчилик меъёри алимент тўловчилар ҳуқуқларини бузмоқда, деб айтиш албатта нотўғри. Чунки, вояга етмаган фарзандларни парваришлаш учун алимент олдиндан тўланса ёки алимент тўлаш бўйича мажбурият ҳақидаги гаров шартномаси тузилган тақдирда, давлат ижрочиси тўланганлик ҳақидаги ҳужжатни ёки гаров шартномасини олгандан кейинги кундан кечиктирмаган ҳолда дарҳол манфаатдор шахслар, ички ишлар идоралари ва Давлат чегарасини қўриқлаш идораларини қарздорнинг четга чиқиши ҳақидаги чекловни олиб ташлаш ҳақида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилади. Шу билан бирга, гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланганидек, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги керак", - деди Тошпўлатов.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг "Алиментни олдиндан тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасини тузиш тўғрисида"ги 808-сонли қарорининг қабул қилиниши ҳам маълум аҳамият касб этади.
Ушбу ҳужжатда алиментни олдиндан тўлаш тартиби, асослари ва қоидалари, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасини тузиш белгиланган.
"Эндиликда, алимент тўлувчи оталар камида 5 йил муддатга вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун олдиндан алимент тўлашлари мумкин. Агар алиментни олдиндан тўлаш вақтида фарзандларнинг вояга етиши учун беш йилдан кам вақт қолган бўлса, алиментни олдиндан тўлаш қолган муддатга амалга оширилади. Агарда алимент нотариал тасдиқланган келишув асосида ундириладиган бўлса, тегишли ариза ижро ҳужжатини кўриб чиқаётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этилади", - деди у.
Изоҳлар мавжуд емас