Загрузка
Загрузка
Ҳалоллик ҳақиқий куч-қудрат. Коррупция одатий ҳолга айланган маданиятни қай тарзда ўзгартириш мумкин?
Жамият

Ҳалоллик ҳақиқий куч-қудрат. Коррупция одатий ҳолга айланган маданиятни қай тарзда ўзгартириш мумкин?

15
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупция фақат ўғирланган пул эмас. Бу ўғирланган истиқбол ҳамдир. Ҳар сафар кимдир давлат ташкилотидаги лавозим учун пора берганида, таниш-билиш орқали шифохонадаги навбатдан ўтиб кетганида ёки тегишли текширувларсиз қурилишга рухсат олганида, бошқа биров - яъни, таълим олган, келажагини кутган ва қоида бўйича яшаган одам ютқазади.

Аммо кўпчилик ҳали ҳам тан олмайдиган ҳақиқат шуки, коррупция шунчаки жиноят эмас. Бу қадриятларнинг муваффақиятсизлиги бўлиб, бунинг учун битта жазо ҳеч қачон етарли бўлмайди. Коррупцияга қарши курашда ғалаба қозониш учун уни маънавий жиҳатдан қимматга тушишига эришиш керак. Коррупция шунчаки хавфли эмас, у шунчаки қонунга хилоф эмас, у шармандали ва жирканч ҳолат эканлигини сингдириш лозим.

Менинг устозларим ва экспертлар Роберт Клитгаард, Роналд Маклин-Абароа ва Линдси Перрис ўз китобларида коррупция айнан ахлоқий қадриятлар паст бўлган жойда гуллаб-яшнашини таъкидлашади. Хўш, уни қандай кўтариш мумкин? Бу ишлашини исботловчи учта усулни реал мисоллар билан кўриб чиқамиз.

Одамлар нимани кўрсалар ва нимага мукофот берилса, ўшанга эргашадилар. Коррупциялашган тизимларда порахўрлар янги машиналарда юришади, лавозимга кўтарилиб, роҳат-фароғатда яшашади. Ҳалол амалдорлар эса унутилган, масхара қилинган, четга суриб қўйилган. Тизим огоҳлантиради: ҳалол бўлиш фойдасиз. Буни ўзгартириш керак.

Боливия бунга ёрқин мисол бўла олади. Ла-Пас шаҳри мэри Роналд Маклин-Абароа лавозимга киришиши билан коррупцияга ботган шаҳарни қабул қилиб олди. Оммавий ишдан бўшатиш ўрнига у ҳалоллик кампаниясини бошлади: ҳалол давлат хизматчилари тақдирланди, улар ҳақида оммавий ахборот воситаларида гапирилди. Венада у менга шундай деди: "Бу шараф тизими одамларга коррупция бера олмаган нарсани - ҳурмат ва мақомни берди".

Ҳалоллик Сингапурда ҳам одатий ҳолга айланди, унинг модели кўпинча "олтин стандарт" деб аталади. Аммо уни нафақат давлат хизматчиларининг юқори маошлари, балки коррупциянинг ижтимоий шармандалиги ва ҳалолликнинг юқори мавқеи ҳам самарали қилади. Мамлакат ҳукумати йирик пора олишдан бош тортган йўл инспектори ёки қоидабузарликларни аниқлаган аудитор ҳақидаги воқеани фаол тарғиб қилмоқда. Тўғрилик - бу ажойиб нарса.

Яна бир мисол - Кения. У ерда мураккаб вазиятларда тўғри йўлни танлаган ўқитувчилар, полициячилар, амалдорларни тақдирлаш учун Ҳалоллик миллий мукофоти ўтказилади. Финалга чиққан фуқаролар номзод қилиб кўрсатади. Уларнинг ҳикоялари миллий телевидениеда намойиш этилади.

Филиппин эса бошқа, лекин ундан кам бўлмаган мисолларни намоён қилади. 1953 йилда президент Рамон Магсайсай коррупцияга қарши кураш дастури ва "халққа хизмат қилиш" шиори билан сайловда ишончли ғалабага эришди. У шикоятлар ва ҳаракатлар бўйича президент комиссиясини тузди - бу орган нафақат ишларни текширди, балки ҳалол амалдорларни омма олдида рағбатлантирди, шунингдек, фуқароларни қонунбузарликлар ҳақида хабар беришга чақирди. Унинг машҳурлиги қўрқувга эмас, балки шахсий маънавий нуфузга асосланган эди.

Яна бир ибратли мисол - Руанда. У ерда коррупцияга қарши кураш пастдан юқорига қараб қурилади: ҳар ойда ўтказиладиган жамоат йиғилишларида қишлоқ раҳбарлари ва округ амалдорлари ўз ишлари ҳақида - бюджетлаштиришдан тортиб, можароларни ҳал қилиш ва коррупцияга қарши курашишгача бўлган ишлар ҳақида жамоатчилик олдида ҳисобот беришади. Энг ҳалолларини мақташади.

Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида фуқаролик баҳолар табели жорий этилди. Ҳеч қандай жазо йўқ - шунчаки давлат хизматлари рейтинги газетада эълон қилинади. Давлат хизматчилари, агар уларнинг департаменти рўйхатнинг охирида бўлса, уяла бошлашди.

Грузияда жамоатчилик кампанияси доирасида реал воқеалар ҳақида ҳикоя қилишди: кимдир пора беришдан бош тортгани, лекин барибир муваффақиятга эришгани ошкор қила бошланди. Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлар ва мультфильмларда эълон қилинди. Коррупция одатий ҳолдан шармандали ҳодисага айланди.

Бир аср олдин Таиландда қирол Чулолонгкорн давлат хизматини шарафли қилиш, яъни иш ҳақини ислоҳ қилиш, ахлоқий меъёрларни жорий этиш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш керак, деган хулосага келган эди. Шаффофлик ва жамият томонидан тан олиниш суиистеъмолчиликларга қарши курашнинг марказий элементларига айланди.

Собиқ коммунистик мамлакатларда Transparency International томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳалолликнинг рамзий тан олиниши молиявий рағбатлар каби хатти-ҳаракатларга таъсир қилади. Ҳалол амалдорлар омма олдида эътироф этилган, ахлоқсизлари эса ишдан бўшатилган ёки фош этилган жамоаларда, ҳатто ҳуқуқий ислоҳотлар секин бораётган бўлса ҳам, жамоатчилик ишончи ортиб борди.

Бу усулларни Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин. Аммо бир масалани унутмаслик керак: агар ҳалолликни расман улуғласангиз - жамият буни ҳис қилади. Сохта мукофотлар, саҳналаштириш маросимлари ва қуруқ шиорлар сурбетлик ва яамасликни кучайтиради. Ҳалолликни қандай қилиб барқарор қилиш мумкин экан?

Ҳақиқий намуналарни аниқлаш юқоридан пастга эмас, балки ҳамкасбларнинг яширин номинациялари, фуқароларнинг ташаббуси ва тасдиқланган ҳикоялар орқали бошлаш лозим. Тизимдаги қоидабузарликлар ҳақида хабар берган ҳоким ўринбосарлари ва ҳокимлик ходимлари рағбатлантирилсин. Пора олишдан бош тортган ва "таниш-билиш"ларидан қатъи назар ўзини тийган шифокорлар, ўқитувчилар ва ЙПХ инспекторлари эътироф этилсин.

Бу воқеаларни очиқ-ойдин айтиб бериш, нафақат мукофотларни, балки ахлоқий танловни ҳам таъкидлаш керак, улар нимадан воз кечгани, қандай босимга дуч келгани, қандай бардош берганини ҳамма билсин!. Ҳалоллик осон йўл эмас, лекин шарафлидир.

Муҳими: агар ҳалоллик йилда бир марта шарафланса - бу қандайдир кўзбўямачиликка ўхшаб кўринади. Лекин ҳар бир бўлимда ҳар ойда ўзининг "куйланмаган қаҳрамонлари" алоҳида ажратиб турилса - бу маданиятга айланади.

Ижтимоий меъёрларни ҳам ўзгартириш керак. Коррупция кўпинча сукутда яшайди - чунки "ҳамма шундай қилади". Аммо меъёрлар ўзгармоқда, ахир тамаки чекиш ёки ахлатга бўлган муносабат ўзгаргани осон бўлмади.

Ва ниҳоят, оқибатлар керак - ҳар доим ҳам судга боғлиқ эмас. Ҳар қандай ахлоқсиз хатти-ҳаракат жиноят эмас, лекин ҳар бирининг оқибати бўлиши керак. Бизга қўрқув эмас, масъулият керак.

Масалан, Нью-Йоркда мактаблар қурилишида коррупцияга қарши гуруҳ ишлаган. У ҳаммани кетма-кет қамамасди, лекин фирибгарликка алоқадор шахсларни ҳам компаниянинг қора рўйхатига киритиб қўярди. Бу натижа берган , “откатлар” камайган, тендерлар ҳалолроқ ўта бошлаган.

Жанубий Кореяда ахлоқсизлиги аниқланган амалдорларга уч йил давомида лавозимда кўтарилиш тақиқланади. Бу иш беради, чунки мартаба ўсиши жуда муҳим.

Малайзияда бош вазир Ҳусайн Он 1970 йилларда "сен буғ-у-сичқон ёки аждаҳо бўлсанг ҳам," коррупция таъқиб қилинади, деган эди. Селангор штати бош вазири коррупция учун суд қилинганда, ҳам ҳеч ким қонундан устун эмаслигини ҳамма тушунишди. Ҳалол кишилар эса ўз меҳнатлари муҳимлигини англаб етдилар.

Руандада харидорлар активлар ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилишлари шарт. Даромадларни яшириш ёки фаворитизм ишдан бўшатиш ёки паст лавозимга туширишга олиб келади. Бу кучли тийиб турувчи омилдир.

Ганада аудиторлик хизмати вазирликлар ва ҳудудларнинг шубҳали харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни эълон қилади. Ҳуқуқий оқибатлар бўлмаслиги мумкин, аммо оммавий фош қилиш истеъфога чиқишга ва сиёсий оқибатларга олиб келади. Суддан ташқари, аммо самарали жавобгарлик мана шундай.

Нима учун бу ҳозир муҳим? Чунки коррупция ҳар доим ҳам қичқирмайди. Баъзан у "пора бер - ҳамма шундай қилади", "конвертни ол - ҳеч ким билмайди", “курашиш бефойда - ҳар доим шундай бўлган”, дея шивирлайди ва ишонтиришга уринади.

Аммо маданият ўзгариши мумкин. Одамлар ҳалоллик обрў ва ҳурмат келтиришини кўргач, уни танлай бошлайдилар.

Коррупцияга қарши кураш ёвузларни овлаш эмас. Бу алдаш -уят, ҳалоллик эса - тўғри йўл деб ҳисобланадиган жамият қуришдир.

Назаримда, Ўзбекистон ўзгаришларга тайёр. Мамлакатда ҳалолликни танлайдиган ёш раҳбарлар ва ислоҳотчилар аллақачон етишиб чиққан. Уларни қўллаб-қувватлаш керак. Чунки ҳақиқий жанг маҳкамаларда эмас - қалбларда кечади.

Қодир ҚУЛИEВ, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро эксперт

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...