Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ҳар қандай ишлаб чиқаришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи - юқори малакали мутахассислардир. Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) каби йирик корхоналар учун кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш масаласи айниқса муҳим аҳамиятга эга. Кўплаб маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари битирувчиларининг касбий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш майдончаси сифатида комбинат ёшларни илмий-ишлаб чиқариш ҳамкорликка фаол жалб қилишни давом этмоқда. Энг сўнгги лойиҳалардан бири - Тошкентдаги Инха университети билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.
Илм ва ишлаб чиқариш туташувида
Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини муҳокама қилиш учун Жанубий Корея университети филиали ўқитувчилари Чирчиқда жойлашган Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига таклиф этилди. Меҳмонларга нафақат компания тарихи, унинг ютуқлари ва келажакдаги истиқболлари ҳақида айтиб берилди, балки ҳамма нарса амалда ҳам кўрсатилди.
Бу ерда вольфрам ва молибден каби нодир металлар ҳамда қаттиқ қотишмалардан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Комбинатнинг ушбу бўлинмаси муваффақиялари ҳақида гапирганда, ўтган икки йил мобайнида бу ерда 51 миллион долларлик 30 дан ортиқ янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилганини таъкидлаш лозим.
Ўтган йили товар маҳсулотларининг ўсиш суръати 2019 йилга нисбатан 164,3 фоизни ташкил этган. Жумладан, металл молибден ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 207,3 фоизни ташкил қилган. Бундан ташқари, қарийб 15 млн. долларлик ишлаб чиқарилаётган молибден ва вольфрам маҳсулотларининг 95 фоизи Европага - Нидерландия ва Германия, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинган. Бугунги кунда ОКМК томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жами 170та маҳаллий ва хорижий корхона истеъмол қилмоқда. Улар асосан пўлат ва машинасозлик саноатида, шунингдек, ҳарбий-саноат соҳасида қўлланилади.
"Жорий йилда 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, маҳсулот ишлаб чиқаришни 15 фоизга ошириш кутилмоқда. Жумладан, илгари ОКМК ва республиканинг бошқа корхоналари томонидан импорт қилинган 32 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш режалаштирилган”, - деди Илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг ишлаб чиқариш бўйича бўйича директор ўринбосари, техника фанлари доктори Улуғбек Рўзиев.
Унинг сўзларига кўра, бирлашма айни пайтда 9 та инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Мисол учун, яқинда Германиядан янги технологик ускуна-қаттиқ қотишма маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар мустаҳкамлигини оширадиган вакуумли учоқ олиб келинган. Шу кунларда германиялик мутахассислар билан биргаликда ушбу ускуналар ўрнатилмоқда.
Ахборот қисмидан сўнг университет ўқитувчиларига тайёр маҳсулотлар акс этган стендлар, шунингдек, 28 минг нусха техник адабиётларга эга бўлган кутубхона намойиш этилди. Дарвоқе, бугунги кунда электрон каталогни рақамлаштириш жараёни бормоқда. Шундай қилиб, яқинда бу катта билим йиғиндисидан комбинатнинг барча ходимлари фойдалана олади.
Корхона тарихида янги босқич
Илмий ишлаб чиқариш мутахассислари меҳмонларга цехлардаги ишлаб чиқариш жараёнларини намойиш ҳам қилишди. Бу ерда корхонанинг барча тизимларини автоматлаштириш доирасидаги мақсадлари маълум қилинди. Унга кўра, Инха университети ўқитувчилари ва талабалари ўз тавсияларини тайёрлашлари мумкин бўлади.
Бугунги кунга келиб, бирлашмада еттита асосий таркибий бўлинма фаолият олиб бормоқда. 2019 йилда Ўзбекистон-Корея фан ва технология маркази (ФТМ)нинг ташкил этилиши корхона тарихида янги босқич бўлди. Ушбу марказда фаолият кўрсатаётган лабораторияларда минераллар хом-ашёни бойитиш, юқори тозаликдаги металлар, қаттиқ қотишмалар, нанотехнологиялар, композицион ва илғор материаллар ишлаб чиқариш усуллари ўрганилмоқда. Шунингдек, тажриба - ишлаб чиқариш цехи ҳам мавжуд.
Таъкидлаш лозимки, Марказий Осиёда бу марказнинг ўхшаши йўқ ва айнан унинг мисолида фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин ўзаро алоқасини кўриш мумкин.
Бу ерда энг янги лаборатория ускуналари ўрнатилган. Айниқса мажмуавий ахборот алмашиш тизими ходимларда фахр уйғотади. Инха университети вакилларининг телекоммуникация технологиялари соҳасидаги тажрибаси Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва умуман ОКМКни янада ривожлантириш учун фойдали бўлиши мумкин.
"Тизимимиз Корея Нодир металлар институти (KIRAM) билан маълумот алмашиш имконини беради. Ушбу тизимдан видеоконференция ва вебинарлар ўтказиш учун фойдаланамиз. Барча ускуналар Интернетга уланган, реал вақт режимида маълумот алмашиш ва KIRAMнинг исталган лабораторияси билан қўшма тажрибалар ўтказиш мумкин. Сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилган таржималар амалга оширилади. Барча маълумотлар хавфсиз булутли серверимизда сақланади. Шу боис, Жанубий Кореягача бўлган 5.400 километр масофа биз учун муаммо туғдирмайди", - деди Илмий-техник маркази Композит ва илғор материаллар нанотехнологиялари лабораторияси раҳбари Амир Обидов.
Ушбу тизимнинг афзалликлари ҳақида гапирганда, марказ мутахассислари ўз ишини амалда намойиш этиш учун кореялик ҳамкасблари билан алоқа ўрнатишди. Кореялик мутахассислар экранда корхона меҳмонларини "Ассалому алайкум" деб қутлашди.
Илмий ишлаб чиқариш бирлашма раҳбариятининг сўзларига кўра, жиҳозланиш ҳали тўлиқ якунланмаган. 2021-2022 йилларда бу ерга 3,6 млн. долларлик лаборатория ускуналарининг иккинчи партияси етказиб берилади. Худди шу маблағ миқдорида учинчи партиянинг олиб келиниши 2022-2023 йилларда кутилмоқда. Шунингдек, бирлашма 11 та тажриба саноат ускуналарини етказиб бериш учун 15,5 млн. доллар миқдорида Official Development Assistance (Жанубий Корея) дастури доирасида грант топширган.
“Аслида, биз жорий қилишнинг тўлиқ цикли билан шуғулланмоқдамиз. Яъни ғоялар ишлаб чиқиш, лаборатория тадқиқотларини ўтказиш, яратилган технологияларни дастлабки ишлаб чиқаришга бериш, норматив-техник ҳужжатларни тайёрлашни амалга ошириб, инвестиция лойиҳалари учун тўлиқ ишлаб чиқаришга топширамиз", - деди Обидов.
Ходимлар корхонанинг асосий бойлиги
Таъкидлаш керакки, ОКМКнинг Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида жами 860 дан ортиқ ходим меҳнат қилади. Уларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Шундан 153 нафар ходим - олий маълумотли, 4 нафари фан доктори. Улар 25 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОТМлар, жумладан, Москва пўлат ва қотишмалар институти, Кумо Миллий технология институти (Корея), Томск Политехника университети, Тошкент Давлат техника университети, маҳаллий иқтисодиёт, ахборот технологиялари, шарқшунослик институтларини битиришган. Шу боис, Жанубий Кореянинг нуфузли университети филиали ўқитувчилари билан учрашувнинг асосий кун тартиби сифатида олий таълим муассасасида таҳсил олаётган истеъдодли ёшларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш масаласи танланганлиги албатта бежиз эмас.
“Биз кўплаб университетлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз. Масалан, илмий-технологик лойиҳалар соҳасида Москва пўлат ва қотишмалар институти ва Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети билан доимий асосда ҳамкорлик қиламиз. Андижон машинасозлик институти билан биргаликда пайвандланган қаттиқ қотишмаларимизни синовдан ўтказдик. Бу ихтиро катта салоҳиятга эга, энди стартап ёки янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз мумкин", - деди Амир Обидов.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида телемедицинага ўхшаш мажмуавий ахборот алмашиш тизими ўрнатилган. Айнан шу йўналишда Инха университетининг телекоммуникация технологиялари соҳасидаги катта тажрибаси фойдали бўлиши мумкин.
"Мазкур ОТМда IT, маркетинг ва менежмент соҳасида кўплаб иқтидорли талабалар таҳсил олади. Шунинг учун ҳам улар билан, айниқса, технологик тадбиркорлик доирасида ҳамкорликни ривожлантирмоқчимиз. Марказимизда янги технологияларни ишлаб чиқиш, уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, ўхшашларини яратиш, стартап-компанияларини яратиш учун биргаликда иш олиб боришимиз мумкин. Бу Ўзбекистон тараққиёти учун катта қадам бўлишига ишонаман", - дейди суҳбатдошимиз.
Университет делегацияси вакиллари ҳам узоқ муддатли ҳамкорликка умид билдиришди.
"Ишлаб чиқариш мамлакат тараққиётининг энг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Пировард мақсадга эришиш, яъни Ўзбекистонда кучли саноат базасини яратиш учун телекоммуникация, дастурлаш ва йирик маълумотлар таҳлили борасидаги тажрибамизни беришимиз мумкин. Мисол учун, мен Samsung компаниясида ишлаган тажрибам билан ўртоқлашишни истардим. Умид қиламанки, бу тадбир Инха университети ва ОКМК ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун бошланғич нуқта бўла олади", - деди профессор Ли Ин Тек.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас