Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. ЎзА Миллий ахборот агентлиги ҳукуматдан янги сайт яратиш ва моддий-техник базани янгилаш учун 5.4 миллиард сўм (ярим миллион доллардан ортиқ) маблағ сўрамоқда.
Буларнинг барчаси тижорат асосида аудио ва видео ахборотларни тақдим этадиган агентликнинг янги ахборот порталини яратиш, шунингдек воқеа жойидан онлайн репортажлар ва трансляция тарқатишга мўлжалланган медиа-марказни яратиш зарурати билан асосланмоқда.
Ушбу янгилик нафақат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини, балки таниқли иқтисодчилар, блогер ва журналистларни ҳайрон қолдирди. Ахир бу маблағни давлат бюджетидан, яъни сиз ва бизнинг чўнтагимиздан олиш таклиф этимоқда.
Демак, шундай ҳам ҳар йили ўз фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун давлатдан миллионлаб маблағни олиб келаётган агентлик давлат бюджетидан яна бир йирик улушни ўз томонига тортиб олишга қарор қилган. Бу пуллар халқга тегишли эканлигини инобатга олган ҳолда, балки совет тарғиботининг энг яхши анъаналарига мувофиқ равишда иш олиб бораётган ҳамда замондан ортта қолган ахборот бюроси ўзбекистонликларга керакми деб сўрашнинг вақти келгандир? Фойдаланувчилар қолдирган шарҳларга кўра, бунинг жавоб аниқ. Яхшиси бу маблағни мактаблар ва болалар боғчаларини қуриш ва жиҳозлашга сарфлаб, ЎзАни ёпиб юбориш керак.
Таниқли иқтисодчи Юлий Юсуповнинг сўзларига кўра: “Ғалати бир ёндошув кўзга ташланмоқда. Бозор тамойилларига ўтиш, тижорат порталини яратиш вазифалари қўйилган бўлсада, негадир пулни давлат бюджетидан олишмоқчи. Менимча, бу ерда катта тафовут мавжуд. Ўзбекистонда кўплаб электрон оммавий ахборот воситалари мавжуд бўлиб, агарда давлат учун жуда муҳим бўлса, айнан улар шу каби портални яратиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлашни бемалол уддасидан чиқишади. Нима учун буни айнан ЎзА, қолаверса давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириши керак? Агарда ҳақиқатан ҳам буни бюджет маблағлари эвазига қилиш керак бўлса, очиқ танлов эълон қилиш ва унда ғолибни аниқлаш лозимдир".
Сиз ЎзАни биласизми?
Биз Тошкент кўчаларида оддий фуқаролардан Миллий Ахборот Агентлигининг борлигини билишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдик. Уларнинг кўплари бу саволга жавоб беришга қийналишди. Жавоблар қуйидагича бўлди: "Ниманидир эшитдим, лекин ўқимайман, "Бу телевидениега ўхшаш" ва ҳоказо. Одамлар давлатга даҳли бўлмаган ва энг асосийси, давлат дотацияларини олмайдиган Kun, Daryo ва бошқа бир қатор хусусий сайтларни Интернетдаги асосий маълумот манбаи сифатида тилга олишди.
Бу важларни билвосита очиқ статистика ҳам тасдиқлайди. Тўққиз тилда нашр этиладиган ЎзА сайти www.uz миллий ахборот-қидирув тизими маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичида энг кўп ташриф буюрилган биринчи ўнталикдан ўрин олмаган. Агар "Янгиликлар ва оммавий ахборот воситалари" бўлимига мурожаат қиладиган бўлсак, унда ЎзА сайти 11-ўринда турибди.
Ўтган ой давомида, яъни 17 январдан 17 февралгача ЎзА сайтига 739 937 фойдаланувчи ташриф буюрган ва улар томонидан 1633 966та саҳифа кўриб чиқилган. Таққослаш учун қуйидаги рақамларга эътибор беринг. Айнан шу вақт мобайнида ЎзАга нисбатан Daryo сайтига 10 маротаба кўпроқ - 10 210 833 нафар фойдаланувчи ташриф буюриб, улар 86 175 303 та саҳифани кўришган.
Ундан бизга нима наф?
Бир нарсани яхшигина англаб олиш зарур. ЎзА – ҳаддан ташқари кўп сонли маъмурий ходимлар ва ўнлаб журналистлардан иборат, шаҳарнинг қоқ марказида сақлаш учун қимматга тушадиган ўз биносига эга бўлган баҳайбат тузилма ҳисобланади. Бундай агентликни сақлаб туришдан асосий мақсад нима эканлиги очиқлигича қолмоқда. Бу саволга қандай жавоб берманг, уни асослаш мушкул вазифадир.
Агар буни давлат тарғиботи сифатида қабул қиладиган бўлсак, демак у параллель воқеликда, яъни ўтган асрнинг 80-йилларида яшамоқда. Агентлик сайтига қилинган ташрифлар сони ҳам буни ёрқин исботламоқда. Ҳар йили давлат ЎзА фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун миллионлаб маблаг сарфласада, бунинг эвазига агентлик бор-йўғи кунига ўртача 25-35 минг фойдаланувчини қамраб олмоқда. Бундан ташқари, ушбу фойдаланувчиларнинг аксарияти бу муассасага мақолалар учун эмас, балки ЎзАдан бошқа бирон бир жойда топилмайдиган расмий ҳужжатларни олиш учун ташриф буюришади. Масалан, Daryo сайтига ўртача 450-550 минг фойдаланувчи ташриф буюради.
Миллий ахборот агентлигининг фаолиятига таниқли дизайнер ва блогер Азамат Шомузафаров жуда аниқ таъриф берган. Унинг Телеграмм каналида айтилишича: “ЎзАнинг умумий фаолияти гўёки 60 йилларда қолиб кетган янгиликлар орқали мияни ачитишдан иборат бўлиб қолган. Бу – қип-қизил тарғибот бўлиб, ундан келажаги буюк ҳамда ажойиб давлатимиз ҳақида бирор бир ёмон сўз эшитмайсиз. ЎзА сарлавҳалари совет “журналистикаси”нинг ўзгинаси, яъни маъносиздир”.
Шомузафаров қўшимча қилиб ўтдики, агар ЎзА шунчалик пул сарфлаши керак бўлса, жиҳозлар учун эмас, балки таълим ва янги бош директор учун маблағ сарфлаши мақсадга мувофиқ бўларди.
Ички фойдаланувчилар билан омади чопмаган агентлик балким ташқи контур билан ишлаётгандир? Миллий ахборот-қидирув тизимининг ўша сайтида оддий манипуляцияларни амалга ошириб билиб олиш мумкинки, ўтган ой давомида ЎзА сайтига ташриф буюрган 739 937 нафар фойдаланувчидан 623 882 нафари айнан ўзбекистонликлар ташкил этади.
Албатта, бу борада шуни таъкидлаш керакки, ЎзА ғурур билан давлат тарғиботи байроғини кўтариб юрмоқда. Шу ўринда табиий бир савол туғилади - ҳеч ким ўқимайдиган тарғибот кимга керак? Шунча пулни ҳеч ким муҳтож бўлмаган нарсага сарфлашдан фойда нима?
Қўшниларимизга бир эътибор берайлик. Россияда РИА Новости ва ТАСС - асосий тарғиботчилар бўлиб, ўқиш ва иқтибос нуқтаи назаридан биринчи ўринда туришади. RT ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Уларнинг ташвиқотга бўлган ёндашуви алоҳида масала ҳисобланади. Аммо шунга қарамай, улар мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситаси сифатидаги пулларини тўла оқлайди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Афсуски, ЎзА ҳақида бундай дейишнинг иложи йўқ.
Ғайриоддий вазият юзага келган. Ҳар йили бюджетдан молиялаштириладиган ЎзА мамлакат ичида, қолавера ундан ташқарида ҳеч кимга керак эмас. Агентлик айни дамгача лавозимда бўлган совет намунасидаги бир гурух мансабдор шахслар учун керакдир.
Вақт аллақачон илгарилаб кетганлигини тан олиш вақти келди ва бу борада юзаки чоралар билан ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди. Юз миллионлаб долларга асбоб-ускуналарни сотиб олиш ва янги сайт яратиш ҳам мумкин. Аммо Миллий ахборот агентлигининг ёндашувлари эскича бўлиб қолаверса, бу пулларни ҳавога совуриш билан баробар. Энг асосийси шундан иборатки, тор гуруҳдаги амалдорлар ва ҳокимларга ёқишга ҳаракат қилиб, уларнинг буюртмасига асосан ёқмаган блогер ва хусусий ОАВга қарши маълумот тайёрлаш ўрнига аҳоли манфаатлари ва унинг муаммоларини ёритишга эътибор бериш зарур.
Одамлар нима дейишмоқда?
ЎзАга маблағ ажратиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси фойдаланувчиларнинг кўплаб салбий шарҳларини келтириб чиқарди. Биз улардан фақат бир қисмини ҳавола қиляпмиз. Муаллифларнинг имлоси сақлаб қолинган.
"Ундан кўра мактаб ёки болалар боғчасини қуринг. Аввалги агентликни ислоҳ қилдингиз. Ана ўша ердан жиҳозларни олишингиз мумкин. Лекин бюджетга тегманг, агар тижорат билан шуғулланадиган бўлсангиз, кредит олинг - кейин кредитни қайтариб олиш учун ишлашингиз мумкин бўлади!"
“Мутлақо ЙЎҚ. Бу энг бефойда монополияли ахборот агентлигидир. Унда барча нашрлар тарғибот характерига эга бўлиб, замон талабларига умуман жавоб бермайди. Даставвал, таҳририят сиёсатини ўзгартиришсин. Шундан сўнггина солиқ тўловчидан пул сўрашсин. Ёпилиши керак бўлган фойдасиз расмий ташкилот. Ушбу лойиҳани ёпиш ва ҳеч қачон эсламаслик керак. "
"Кўринишига қараганда, порталнинг ўзи тендерсиз амалга ошириладиганга ўхшайди? Улар "аниқ" рўйхатни унутиб қўйиб, маблаг ажратилганидан кейин ўйлаб топишади. Янги порталнинг техник топшириқлари ҳам унутилганга ўхшайди. "Шахсий жавобгарлик" ҳам жуда хурсанд қилмоқда.
“Алишер Тожиев ўзининг Facebook саҳифасида ЎзАга шартнома тўлови эвазига талабаларга бепул сайт яратишни таклиф қилиш лозимлигини билдирди. Аммо у сайтнинг ҳақиқий харажатларидан кейин қоладиган қўшимча 5,39 миллиардни ҳисобга олмади шекилли".
"Яна пулни ҳаволга совуриш. Бундай корхона молиявий жиҳатдан ўзини ўзи оқлаши керак, бюджет маблағларини сарфлашга тайёр одамлар кўп."
"Бир қарашда ҳақиқатдан йироқроқ туюлади ... "Тижорат асосида аудио ва видео маълумотларни тақдим этадиган агентликнинг ахборот портали". Улар худди ўша материални текинга топиш мумкин бўлган Интернет борлигини билишмайдими?! Шундай экан, давлат банкидан кредит олиб ўша портални ишга туширишсин-чи. Кўрамиз, бунинг эвазига қанча пул ишлай олишади".
Темир Қодиров (таҳририят фикри муаллиф фикридан фарқ қилиши мумкин)
Изоҳлар мавжуд емас