Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Таниқли блогер ва жамоат арбоби Азиза Умарова нима сабабдан йирик экспортёр ҳисобланган давлат фуқароларининг ўзи иссиқлик ва иссиқ сувсиз яшашмоқда, вилоятдаги болалар эса қишда синф хоналарида курткада ўтиришга, тезак ва кўмир билан исинаётгани ҳақида фикр юритган.
“The Economist журналини варақлаб туриб, доим биз ҳақимизда ёзишларини хохлардим. Айникса, муҳаррирга йўналтирилган хатлар менга ёқади. Унда интеллектуаллар, турли давлат вазирлари ва ҳаттоки бош вазирлар глобал воқеалар хусусида ёзишади. Мана бу гал ҳам улар фикр билдиришган. Бироқ, мақтов эмас, денгиз бўйлаб газ савдоси ривожланаётган бир пайтда газ соҳасидаги рақобатбардошлигимизнинг тушиб кетганлиги ҳақида баён қилинган”, -деди у ўзининг Телеграм-каналида.
Мақоланинг қисқача мазмуни қўйидагича: коронавирус инқирози туфайли бу йил Хитой ва Россия биздан газ сотиб олишмаган. Бу эса 2019 йилда ишлаб чиқарилган газнинг 80 фоизини, яъни 2.3 миллиар долларни ташкил қилмоқда. Бу газни ўзимиз истеъмол қилмоқчимиз. Шунингдек, мақолада қолган газдан Қаршида бензин ва пластик ишлаб чиқарилиши, бу шаҳарда 3.6 миллиард долларга тенг мегазавод қурилиши айтилган. Бу заводдан қўзланган мақсад шуки, 2025 йилга бориб газ экспортини тўлиқ тугатиш ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулот экспортини амалга оширишдир.
“Дарвоқе, атом электростанциясининг барпо этилишини ҳам амалдорларимиз GTL, Устюрт, Қандим, БНҚЗ, ФНҚЗ ва бошқалар учун газ етказиб бериш зарурияти билан изоҳлашмоқда. Оддий истеъмолчи бўшаган газлар заводларга етиши, инқироз шароитида газ жамиятнинг оғриқли нуқталарига йўналтирилади, деб ўйлаши мумкин. Афсуски, вилоятларда газ йўқлиги, одамлар тезак ёки охирги дарахтларни ёқиб тугатаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз”, - дея ёзмоқда Умарова.
Унинг қўшимча қилишича, бирдан бизнесни газдан узиб қўйиш ҳақидаги қарорга келинган. Бизнеснинг ўзи пандемия шароитида зўрга кун кўраётгани, солиқ тўлаётгани (мислсиз имтиёзлар берилган заводлардан фарқлиулароқ), оддий кишиларга (Бангладешдан эмас) нон бераётганини биров ўйлаётгани йўқ.
“Бизнесга ҳеч бўлмаганига экспорт нархларда газ беришга нима тўсиқлик қиляпти? Бунга тармоқ инфратузилмаси тайёрми? Кимга керак бўлса ўзи олади. Газ билан боғлиқ 2003 йилдан буён давом этаётган машмашалар бизни нафақат Россия ва Хитойга қарам қилиб қўйди, балким жамиятнинг охирги кучини ҳам сўриб олмоқда. Ахир йирик газ экспортёри бўлган давлат фуқаролари иссиқлик ва иссиқ сувсиз кун кечиришмоқда, қишда болалар синф хоналарида курткада ўтиришга, тезак ва кўмир билан исинишга мажбурдирлар”, – дея таъқидламоқда у.
Умарованинг фикрича, бу қанчалик ғалати туюлмасин, у бошқа бировларга кетаётган 14 миллиард газнинг бир кун тугаб қолиши ҳақида орзу қилади.
“Ва ниҳоят газни биздан олишга қизиқиш йўқолади. Вилоятдаги ҳар-бир тадбиркор газни четдан сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Грузия каби кичкина ва бой бўлмаган бир давлат Озарбайжон ва Туркманистон газини олис тоғ ҳудудларигача олиб борган. Муҳими, бу давлатда газ имтиёзли ҳукумат нархида етказиб берилар экан. Ҳа. Коррупциясиз газ олис қишлоқларгача албатта етиб боради. Келинг, бизнес вакилларига газни экспорт нархида бўлса ҳам, берайлик (хохлаганига),”- дея якунлади у.
Изоҳлар мавжуд емас