Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Азизбек Болтаев коронавирус билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, Ўзбекистонни яқин ойларда ҳаммамиз ёзда бошимиздан кечирган ўша даҳшат кутмоқда, деб айтди.
"Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш даражасининг ошиши янги йилга яқин юз беришини тахмин қилгандим. Лекин бу ҳозир кузатилмоқда. Бунинг эҳтимолий сабаби шундаки, яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, инсон коронавирусга дучор бўлганидан сўнг, унда 7 ойгача бўлган даврда иммунитет ривожланади ва қондаги антитаначалар сони кескин камайиши натижасида қайта юқтириш хавфи ортади", - деб ёзмоқда у Телеграм каналида.
"Тахминимча, (Ўзбекистонда бу фаразни тасдиқловчи тадқиқотлар ўтказилмаган) ўтган йили аҳолимизнинг аксарият қисми коронавирус билан касалланиб, бизда жамоавий иммунитет шаклланиб бўлган. Энди эса бу иммунитет табиий равишда йўқолмоқда. Зеро, у охир-оқибат грипп ва бошқа кўплаб юқумли касалликларга нисбатан ҳам йўқолади",- деди шифокор.
Унинг фикрича, Ўзбекистон бутун дунёда амалга оширилгани каби зудлик билан аҳолини коронавирусга қарши эмлаши керак.
"Лекин бизда эмлаш билан боғлиқ вазият қандай? Дунё бўйича аҳолининг ўртача 20%дан ортиғи биринчи вакцинани олган. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 50-70% ни ташкил этади. Ўзбекистонда эса 15 июнга келиб аҳолининг 5% дан камроғи вацинанинг биринчи дозаси билан эмланган. Биз дунёдан беш марта, қўшни Қозоғистондан эса икки марта ортдамиз. Аниқлик учун графикни келтираяпман. Дарвоқе, шу графикдан биз қанчалик ривожланган (ёки ривожланмаган) давлат эканимизни аниқ кўришимиз мумкин”, - дея қайд этмоқда Болтаев.
Унинг қўшимча қилишича, коронавирус бўйича ҳукумат комиссияси бошчилигидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига пандемияга қарши чора-тадбирларни ўта паст даражада ташкил этганлиги, ўтган йилги сабоқлардан хулоса чиқармасдан, эмлаш кампаниясини очиқчасига суст олиб бораётгани учун икки баҳо қўйиш мумкин.
Ҳукумат нима қилиши керак? Болтаевнинг сўзларига кўра, эмлаш кампаниясини қуйидагилар орқали мустаҳкамлаш керак:
-
вакцинанинг керакли ҳажмини зудлик билан харид қилиш учун йирик молиявий ва дипломатик ресурсларни сафарбар қилиш;
-
қачондан бери ваъда қилиб келинаётган “Спутник V" вакцинасининг маҳаллий ишлаб чиқарилишиги жадаллаштириш;
-
қонида вирусни бартараф этувчи антитаначаларга эга бўлмаган аҳолининг айрим тоифалари (тиббиёт ходимлари, ўқитувчи/тарбиячилар, “погонлилар”, давлат хизматчилари)нинг мажбурий эмланилишини тартибга солиш;
-
эмлаш ҳуқуқига эга бўлган аҳоли тоифларига ўрнатилган чекловларни олиб ташлаш - ким эмланмоқчи бўлса, дарров бунга имконият берилиши керак.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ёпиқ иншоотларда оммавий тадбирларни ўтказилишини таъқиқлаш лозим. Бундан ташқари, давлатнинг биринчи раҳбарлари шахсий намунаси орқали ниқоб режимини кучайтириш, ниқобларни ҳамма жойда бепул тарқатилишини йўлга қўйиш, ички ишлар идоралари томонидан ниқоб режимига риоя қилмаганлар устидан қатъий назорат ўрнатиш, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жарима санкцияларини қўллаш керак.
“Эмлаш даражасининг пастлиги ва ниқоб тақиш даражасининг тушиб кетганлиги (бу борада ҳам тадқиқотлар ўтказилмаган, менинг кузатишим бўйича, айни пайтда 10 фоиздан кам аҳоли ниқоб тақмоқда) Ўзбекистонни яқин ойларда ҳаммамиз ёзда бошимиздан кечирган ўша даҳшат кутмоқда. Эслатиб ўтаман, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йили коронавирусдан жами 614 киши вафот этганлигини эълон қилганди. Бироқ, расмий статистикага кўра, 2020 йилда ўтган беш йилнинг ўртача кўрсаткичларидан 21000 та кўпроқ ўлим қайд этилган”, - дея якунлади у.
Изоҳлар мавжуд емас