Бандлик  ва  меҳнат муносабатлари вазири: пандемия даврида асоссиз ишдан бўшатишлар,  ойлик иш ҳаққи, ҳомиладорлик ва туғиш  нафақасини тўлашдан бош тортишлар сони ортмоқда
Жамият

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири: пандемия даврида асоссиз ишдан бўшатишлар, ойлик иш ҳаққи, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашдан бош тортишлар сони ортмоқда

1943

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг айтишича, пандемия даврида асоссиз ишдан бўшатишлар, ойлик иш ҳаққи, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашдан бош тортишлар сони ортмоқда. 

“Халқаро Меҳнат Ташкилоти кўмагида вазирлик COVID-19 нинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш устида иш олиб бормоқда ва ўтказилган сўров натижаларига кўра, инқироз иқтисодиётнинг бир қатор муҳим соҳаларида (хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқалар) ишчиларни, айниқса, кичик бизнесда банд бўлган ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга жуда кучли салбий таъсир кўрсатди”- дея таъкидлади у Европа ва Марказий Осиё Минтақавий сессиясида қилган маърузаси давомида.

Ўзбекистон томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг пандемияга қарши курашининг тўртта асосий тамойилларига тўла мос келади, яъни у иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантиришга, корхоналарни, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлашга, ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилишга ва ижтимоий мулоқотга қаратилган. Президент ташаббуси билан 10 триллион сўм миқдорида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва «Меҳр-саҳоват ва кўмак» кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилган.

Бундан ташқари, ҳукумат томонидан коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий ҳолати ва ҳаёт даражаси ёмонлашган оила аъзоларини иш билан таъминлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланган.

Вақтинча бандлик бўйича жамоат ишлари Фонди маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз фуқаро, шахсий томорқаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар бериш механизми орқали 33 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар ва аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган субсидиялар ҳисобига 3 минг банд бўлмаган фуқаролар иш билан таъминланган.  20 минг ишсизга ишсизлик бўйича нафақа берилди. Шундай қилиб, уч ой давомида 374 минг фуқаро банд бўлиб ва доимий даромад манбаига эга бўлган.

Ўз нутқида Нозим Ҳусанов иш жойларида ишчиларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Биринчи навбатда, Давлат меҳнат инспекцияси эпидемиология хизмати билан биргаликда корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизимини мониторингини йўлга қўйган.

Бугунги кунга қадар меҳнат инспекторларининг мониторинг гуруҳлари 5757 корхонада бўлиб, уларнинг 892 тасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси меъёрларининг бузилишини аниқлаганлар. Ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича Инспекторлар томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилган.

Коронавирус пандемияси амалдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Норматив меъёрлар ҳозирги шароит ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ишчиларни ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил қилишни максимал даражада таъминлаши керак. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги янги қонунни ишлаб чиқишда ХМТ билан ҳамкорлик қилишга умид билдирди.

“Пандемия пайтида ноқонуний ишдан бўшатиш масалалари кун тартибида пайдо бўлди, иш ҳақини, ҳомиладорлик ҳамда туғуруқ нафақасини тўлашдан бош тортиш ҳоллари кўпайди. COVID-2019 пандемияси даврида Давлат меҳнат инспекцияси фуқароларнинг меҳнат қонунлари бузилиши ва иш жойида ҳуқуқни чеклашга оид 8,2 мингта, шу жумладан, аёллар томонидан юборилган 3 мингта шикоятни кўриб чиқди. Текширувлар натижаларига кўра, 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди ”, - дея таъкидлади вазир.

Кўпгина корхона ва ташкилотлар карантин-чеклов чоралари шароитида ўз фаолиятларини масофавий ишлаш режимига мослаштирганлар. Бундай иш режимига ўтиш ва барча меъёрларга риоя қилишни таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги «Ходимларни масофавий иш усулига ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом»ни ишлаб чиқди ва жорий этган.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини, гендер тенглигини, иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини мамлакатимиз қонунчилигига татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...