Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 2019 йилда мамлакатимизда экстрокорпорал уруғлантириш (ЭКУ)га рухсат этилди. Лаборатор шароитда ҳомиладор бўлиш усули 40 йилдан буён бутун дунёда қўлланилиб, кўплаб кишилар учун ота-она бўлишнинг ягона имкониятига айланган.
Менталитет ва динимиз эр-хотинлар томонидан сунъий уруғлантиришни танлашга қандай таъсир қилади ва кўп йиллар давомида тақиқланган бу соҳада аёлнинг ишлаши қийинми? Мамлакатимизда сунъий уруғлантириш қанчалик хавфсиз ва арзон? Турмуш ўртоқлар нимага тайёр бўлиши керак? Ёлғиз аёл она бўла оладими?
Шу ва бошқа масалалар юзасидан мамлакатимизда бепуштлик ва ЭКУ бўйича мутахассис Алёна Штайке билан суҳбат олиб бордик.
Ота-она бўлиш қувончига эришиш имконияти
– Ўзбекистонда бепуштлик бўйича статистика қандай? Бу асосан аёллар ёки эркаклар муаммосими? У ниманинг оқибатида келиб чиқади?
- Илгари аёллар бепуштлиги кўп бўлган. Энди эса статистика бир оз ўзгарди: ўтган ўн йил давомида эркаклар орасидаги бепуштлик ҳам сезиларли даражада ошди. Ҳозир 1996-2000 йилларда туғилган ёш йигитларда ҳам бу муаммо жуда долзарб ҳисобланади, азооспермия каби ташҳисга тез-тез дуч келаяпмиз. Фоиз нисбатида шуни айтишим мумкинки, ҳозир бепуштликнинг 60% аёлларга, 40% эркакларга тўғри келади. Бу муаммо билан менга мурожаат қилган 10 кишидан 4 нафари қоида тариқасида, эркаклардир.
Бунинг айнан нима билан боғлиқлигини билмайман. Аммо эркаклар бепуштлиги кўпинча болаликдаги касалликлар, масалан, эпидпаротит оқибатидир. Бироқ, биз ҳар доим ҳам сабабини топа олмаймиз, чунки йигит ҳам, унинг ота-онаси ҳам болалигида нима билан касал бўлганини билишмайди. Эркак ва аёллар бепуштлигининг кенг тарқалган сабаби - ҳали ҳам мамлакатимизда кўп учрайдиган қариндошлар ўртасидаги никоҳ бўлиши мумкин.
Аслида, бунинг жуда кўп сабаблари бор, лекин нима бўлишидан қатъий назар, энг муҳими, тўғри ташхис қўйиш ва бу муаммони ҳал қилишни бошлаш учун ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишдир. Вақт бу масалада ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
- Бепуштликни қачон сезиш мумкин? Қайси пайт мутахассисга мурожаат қилиш керак?
- Агар ҳомиладорлик фаол жинсий ҳаёт билан бир йил ичида содир бўлмаса, унда ҳеч бўлмаса, маҳаллий поликлиникага мурожаат қилиш ва муаммо нимада эканлигини тушуниш учун энг оддий таҳлилларни топшириш зарур. Агар муаммо 3-4 ойдан чўзилса, у ҳолда репродуктологларга мурожаат қилишга тўғри келади. Билмайман, бу яхшими ёки ёмонми, лекин ёш келин-куёвлар уринишлардан 3-4 ойдан кейин дарров шифокорга боришади. Бу муддат хулоса чиқариш учун қисқа вақт ҳисобланади.
- Сунъий уруғлантиришга икки ярим йил аввал расман рухсат берилган эди. Ўзбекистон бу вақт ичида масалани ўрганиб, мутахассислар тайёрлашга муваффақ бўлдими? Кўпчилик ЭКУ учун Туркия ёки Исроилга боришмоқда. Бунинг сабаби нима (мутахассисларга ишончсизликми, ўзимизда қимматлилигими)?
– Биз бунга тайёр эдик. Қозоғистон ва қўшни мамлакатларда бу масала аллақачон жуда ривожланган бўлиб, биз транспорт протоколлари, хусусан беморларни тайёрлаш ва муолажани ўтказиш учун чет элга юбориш билан шуғулландик. Шунинг учун бу масалани ўрганишимиз керак эди. Бунинг бошида турган мутахассислар бизнинг давлатда ҳам ЭКУга рухсат бериш лозимлиги, фарзандсиз кишилар жуда кўплиги, турли сабабларга кўра улар чет элга чиқиш имкониятига эга эмаслигини таъкидлашган. Бундан ташқари, парвознинг ўзи ҳам ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши ва унинг тушишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистонда ушбу тартибга рухсат берилганидан жуда оз вақт ўтганига қарамай, ўн йиллардан буён бу масала билан шуғулланиб келаётган мутахассислардан кам эмасмиз, деб ҳисоблайман. Натижаларимиз кўлами ҳақида кўпчиликнинг хабари йўқ, баъзилар Ўзбекистонда ЭКУ умуман йўқ, деб ёзади. Бироқ, бу икки йил давомида шу орқали бир нечта болакай дунёга келди. Эҳтимол, бизнинг менталитетимиз туфайли аксарият аёллар бундай йўл орқали фарзанд туғишганини яширишар, бизни ҳимоя қилишмас.
Статистика ҳақида гапирадиган бўлсак, 10та аёлдан тўрттаси кутилган ҳомиладорликни қўлга киритади. Қолган олтитаси ёши ёки оғир ташхиси туфайли ҳомиладор бўла олмаган беморлардир. Умуман, фуқароларимиз ЭКУ учун бошқа мамлакатга бормаслиги керак, деб ҳисоблайман.
– Бу муолажа Ўзбекистонда мавжудми? Гап унинг нархи ҳақида кетмаяпти. Уни амалга ошириш учун бирор бир регламент борми? Ундан фақат оилаларни аёллар фойдалана оладими? Вилоятлардаги аҳолининг имкониятлари қандай?
- Ўзбекистондаги клиникаларда ЭКУ дастурининг нархи деярли бир хил. Мамлакатимизнинг барча фуқаролари учун бу ўта қиммат эмас. Ҳудудлардаги имкониятлар борасида шуни айтмоқчиманки, Фарғонада замонавий ускуналарга эга ЭКУ-маркази мавжуд. У ерда 5 ой ичида яхши натижаларга эришилган. Бизда расман турмуш қурмаган кишилар учун донорлик ва ЭКУ дастурлари тақиқланган. Балки диний сабабларга кўрадир. Шунинг учун турмушга чиқмаган аёл бу имкониятдан фойдалана олмайди. Биз транспорт протоколига мувофиқ, бундай беморларни бошқа мамлакатларга юборишимизга тўғри келаяпти.
– Экстрокорпорал уруғланиш қандай кечади?
- ЭКУ дастури бир неча босқични ўз ичига олади. Биринчи босқичда умумий вазият, илгари нима қилингани ўрганилади. Бундан ташқари, эр-хотин таҳлил топширади. Таҳлилларнинг аксарияти организми гормонал стимуляцияга учрайдиган аёл томонидан топширилиши керак. Албатта, ЭКУ саратонга олиб келиши ҳақидаги миш-мишлардан хабардорсиз. Муолажанинг ўзи онкологияга сабаб бўлмайди, лекин олдиндан ўчоғи мавжуд бўлса, кейинчалик ўтказиладиган гормонал стимуляция жараёни саратон ҳужайраларини ўстириши мумкин. Шунинг учун шифокор мазкур муолажа аёлга зарар етказмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак. Умуман олганда, агар ҳамма нарса жойида бўлса, унда тайёргарлик жараёни тахминан бир ой давом этади. Сўнгра ЭКУ маркази билан келишув муҳокама қилинади, эр-хотин қоидалар билан танишади, дастурнинг турлича асоратлари ва натижалари уларга тушунтирилади. Барча жиҳатлар муҳокама қилинганидан сўнггина, тухумдонни гормонал стимуляцияси қилиш бошланиши мумкин. Стимуляция бир вақтнинг ўзида бир нечта фолликуллар олиш учун керак, чунки улар орасида бўшлари, яъни тухум хужайлари бўлмаганлари бор.
Бундан ташқари, барча тухум хужайрлари ҳам юқори сифатли ва уруғланишга қодир бўлмайди. Ҳар-бир аёл учун индивидуал дастур протоколи ва стимуляция учун препаратлар танланади. 9-14 кундан кейин тухум хужайралари ва эркак биоматериаллари тўпланади, кейин уруғланиш содир бўлади. Кўпинча эмбрионлар бешинчи кунгача сақланади, шундан сўнг улар дарҳол бачадон бўшлиғига ўтказилади ёки музлатиб қўйилади.
- Бунинг натижасида кутилган ҳомиладорликка 100 фоиз эришиладими? Муолажанинг ижобий натижаси нималарга боғлиқ?
– Албатта, бемор ҳомиладор бўлиб кетиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Лекин бу 100% ҳомиладорликни бермайди. Тиббиётда ҳеч қандай кафолат бўлиши мумкин эмас. Биз юқори сифатли тухум хужайраларини олиб билмаслигимиз, бачадонга экишга тайёр бўлган босқичгача эмбрионлар ҳосил бўлмаслиги мумкин. Тухум хужайралари умуман уруғланмаслиги мумкин. Бу биоматериал сифатига, беморларнинг ёшига боғлиқ бўлади.
Шунинг учун хам эр-хотиннинг ёши ижобий натижага таъсир этувчи асосий омиллардан биридир. Қанчалик ёш бўлса, шунчалик сифатли ҳужайралар олиниши мумкин. Ҳомиладорлик биринчи экишдан содир бўлишининг эҳтимоли ҳам шунчалик юқори бўлади. Умуман олганда, статистикага қарайдиган бўлсак, асосан бачадон найчаларида тўсиқлари бўлган аёллар томонидан ЭКУ қилинади. Улар жуда соғлом, аммо механик тўсиқ туфайли ҳомиладор бўла олмайдилар. Бундай беморлар ёшлигиданоқ мазкур муолажа учун мурожаат қилади.
Кўп нарса беморнинг итоатига ҳам боғлиқ: стимуляция протоколида белгиланган дорилар бир вақтда ва қатъий олиниши керак, ҳатто бир неча дақиқа ҳам катта роль ўйнаши мумкин. Натижада, ҳужайралар бўш бўлиши, овуляция содир бўлиши мумкин. Фарғонада аёллар билан ишлаганимизда буни тушунтириш жуда қийин кечган. Айримлари уколни ўз вақтида олмаганликларини яшириб келишган. Биз эса, нимани нотўғри қилган эканмиз деб, бош қотириб турардик. Режага мувофиқ ҳаракат қилганлар албатта муваффақиятга эришишган.
Қолаверса, беморларнинг кайфиятига ҳам кўп нарса боғлиқ. Агар эр-хотин бутун протоколдан ижобий муносабат билан ўтиб кетган бўлса ва ҳатто салбий натижаларни тўғри қабул қилса, улар дастлаб ҳамма нарсага ишончсизлик билан муносабатда бўлганларга қараганда яхши натижаларга эришадилар.
- Қандай ҳолларда ЭКУ тавсия этилмайди?
- Гормонал стимуляция уни қабул қилиш тақиқланган беморларга тавсия этилмайди. Жумладан, айрим онкологик касалликларга чалинганларга мумкин эмас. Улар учун табиий циклдаги ЭКУ мавжуд. Бу ҳолатда фолликуллар табиий ўсишини кутамиз. Бироқ, бу ерда биз ҳужайрани умуман ололмаслигимиз мумкин ёки бор-йўғи бирта эмбрионни қўлга киритамиз, яъни ҳомиладорлик учун ягона имконият бўлади. Шунингдек, мамлакатимизда руҳий касалликлар, сил касаллиги, шунингдек, ОИВ билан касалланган одамларга ЭКУ қилинмайди.
- ЭКУ натижасида ҳомиладорлик табиийдагидек кечадими? Ҳомиланинг ривожланиши давомида қандай махсус парваришлаш талаб қилинади?
- Ҳа, бундай ҳомиладорлик табиий равишда бўлгани каби бир хил кечади. Фақатгина биринчи ойда дори-дармонларни қабул қилиб туриш керак. Ҳомиладорлик ривожланиб бораётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинганидагина, дорилар бекор қилинади ва беморни оддий акушер-гинекологлар назорати остига ўтказиш мумкин. Агар унинг ўзи бу тарзда ҳомиладор бўлганини айтмаса, ҳеч ким фарқлай олмайди.
Туғиш ҳам табиий равишда амалга ошади. ЭКУ албатта боланинг кесиб олинишини назарда тутмайди. Аммо, эҳтимол, аёллар фарзанд туғилишини узоқ вақт кутишгани учун, уни йўқотишдан қўрқишади ва туғишнинг шу усулини талаб қилишади.
– Сунъий уруғлантириш чақалоқлар ва оналар саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкинми?
- Эмбрионнинг кўчирилиши янги циклда (стимуляция қилинган циклнинг ўзида) амалга оширилса, яъни тухумдонлар катталашиб, гиперстимуляция синдроми юзага келган тақдирда хавф бўлиши мумкин. Бироқ, бу вақтинчалик ҳолат, ҳамма нарса тезда меъёрий ҳолатга қайтади. Бошқа ҳеч қандай хавф йўқ. Болалар мутлақо соғлом ва тенгдошларидан кам бўлмаган ҳолатда туғилади.
ЭКУ ва менталитет
– Бизнинг ўзига хос жамиятда ЭКУга қандай қаралмоқда? Сиз билан мулоқот қилганда, кимдир буни ғайритабиий деб айтганми?
– Айтишим керак, айни пайтда бунга жуда яхши муносабатда бўлишмоқда. Икки йил олдин, албатта, бу қийинроқ эди. Бироқ, кўплаб усулларни қўллаб, натижага эриша олмаган кишилар бу жараёнга бошқача кўз билан қарай бошлайди. Улар Интернетдан, танишларидан сўраб-билиб, дарров бошқача фикрга келишади. Салбий муносабатни асосан бу муаммога дуч келмаганлар, узоқ кутмасдан табиий йўл билан фарзанд кўрганлар билдиради.
– Сизга ёрдам учун мурожаат қиладиган аёллар қандай ҳис-туйғулар (уят, қўрқув, шубҳа, хижолат ва бошқалар)га дуч келишади? Улар турмуш ўртоқлари билан бирга боришадими?
–Биз эрлар ҳам келиб, қандай имконият ва хавф-хатар борлигини эшитишларини сўраймиз. Ҳатто бутун оила бўлиб - ота-она, ака-ука, куёвлар бирга келади. ЭКУ дастурига эркакларнинг ундови билан кўплаб ёш аёллар ташриф буюради. Аёлнинг ўзи ва оиласи томонидан бу жараён мутлақо тўғри қабул қилинишидан хурсанд бўламан. Албатта, қариндошлар ва қўшниларнинг ўринсиз саволларига жавоб бермаслик учун буни яширадиганлар ҳам йўқ эмас.
Бу усулни қабул қилмайдиганлар ҳали ҳам бор, лекин бу вақт ўтиши билан ўз жойига тушади. Вазият аста-секин ўзгариб бормоқда. Менимча, яқин орада табиий йўл билан фарзанд кўра олайдиганлар ҳам бу усулдан кенг фойдаланишса, ажаб эмас. Айтайлик, кимгадир эгизаклар керак. Жинсий ҳаёт жадвали бир-бирига бос келмайдиган эр-хотинлар бор. Масалан, эр доимо сафарда бўлиб, овуляция кунларига тўғри келмайди. Бундан ташқари, ЭКУ экишдан аввал эмбрионнинг генетик ташҳисини ўтказиш ва олдиндан соғлом болага эга бўлиш имконини беради.
Умуман, ҳар куни бизга 10тагача одам келади, ҳар бирининг дарди ва охирги умиди бор. Шунинг учун ЭКУ-марказларида психолог бўлиши керак. Бироқ, беморларимизни ўзимиз қўллаб-қувватлашга ўргандик. Биз ва беморларимиз бир катта оилага ўхшаймиз.
– Суҳбатлардан бирида бу борада, хусусан, вилоятларда маърифий ишлар олиб борилаётганини айтдингиз. Ўзингиз бу мавзуни ижтимоий тармоқлар орқали оммага тарғиб қиласиз. Бу қандай натижа бермоқда: мурожаат қилувчилар сони ошдими?
- Ҳа, катта ёрдам беради. Кўпчилик буни реклама деб ўйлайди. Лекин мен ҳомиладорликка осонлик билан эришган ёш қизларнинг оддий воқеалари билан ўртоқлашмайман. Мен шундай ҳолатлар ҳақида гапираманки, ўзим ҳам "наҳотки бунинг уддасидан чиқдик?", деб ўйлаб қоламан. Бу деярли барча аёлларга умид беради. Кўпчилик айнан шу ҳикоялар туфайли ёнимизга боради. Албатта, бу ҳақда аёлларнинг ўзлари айтиб беришини истардим. Лекин, эҳтимол бунга менталитетимиз йўл қўймаётгандир.
Касбим – ҳар-бир оилага бахт улашиш
Нима учун акушер-гинеколог бўлишга қарор қилдингиз? Сиз учун касбингиз нимани англатади?
- Болалигимдан шифокор бўлишни орзу қилганман. Акушерлик ва гинекология курси бошланган 4-босқичда бошқа йўналиш энди қизиқ эмаслигини тушуниб етдим. Туғруқ йўналишида ишладим, лекин бепуштларга дуч келганимда репродуктологияга қизиқиб қолдим.
- Репродуктолог сифатидаги амалиётингизда ноёб ҳолатлар юз берганми?
- Ҳа, кўп бўлган. Шу каби оғир ҳолатлар куч бахш этади. Буни фақат мўъжиза деб аташ мумкин. Сиз ўнлаб кутилган ҳомиладорликларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин, лекин битта шу каби ҳолат катта энергия ва илҳом беради. Шунинг учун биз мураккаб беморларга муҳтожмиз, улар бизга қийин муаммоларни ҳал қилиш имкониятини беради, бўшашишга қўймайди, қўлимиздан ҳамма нарса келаркан, деган фикрдан йироқлаштиради.
– Постларингиздан бирида баъзан беморларга ЭКУ қилмасликни тавсия этишингиз ҳақида ёзгансиз. Нима учун?
- Баъзан эр-хотин ЭКУ учун келса, улар шунчаки шошаётганини тушунасиз. Бу борада яна менталитет роль ўйнайди: агар эр-хотин бир йил ичида болали бўлмаса, ғийбат бошланади. Мен учун ЭКУ қилиш осон. Агар эр-хотин табиий йўл билан фарзандли бўлишини пайқасам, албатта ЭКУ қилмасликни тавсия бераман.
- Фаолиятингиз кечинмалар билан боғлиқ. Гоҳида хурсанд, гоҳида хафа бўларсиз. Ҳиссий толиқишни қандай енгасиз?
- Умуман олганда, менинг куним ХСГ таҳлилига боғлиқ, яъни аёл ҳомиладор ёки йўқлигини билиб олади. Ижобий натижалар менинг кунимни белгилаб беради. Салбий натижалар ранжитади. Албатта, беморлар биздан кўра кўпроқ ташвишланишади. Мен беморларнинг тарихини, улар бу ҳомиладорликни қанчалик кутганини биламан. Кимдир муолажа учун катта пул сарфлаган, кимдир қарз олади. Буларнинг ҳаммаси қалбингиздан ўтади. Шунинг учун психолог нафақат беморлар учун, балки биз, шифокорлар учун ҳам керак.
Албатта, таътил олиш керак. Барча салбий ва ижобий натижалар кўнглингиздан ўтса, бу кишини толиқтиради. Умуман олганда, мен ойига 15 дан ортиқ дастурни бажармасликка ҳаракат қиламан, чунки протоколлар қанча кўп бўлса, сифати шунча паст бўлади, шунча кам вақтни мен ҳар-бир беморга ажрата оламан.
– Сиз одамларга оналик ва оталик бахтини топишга ёрдам берасиз. Сиз бахтли инсонми?
Ҳа, мутлақо. Мен ижобий ҳомиладорлик натижалари (у ЭКУ ёки табиий бўлсин) ҳақида гапирмоқчи эмасман. Аниқ айтишим мумкинки, мен касбимни севаман. Агар сиз буларнинг ҳаммасини мендан олиб қўйиб, "уй бекаси бўлинг" десангиз, эҳтимол, ақлдан озарман. Эрталаб ўйғониб, ҳеч қачон "даҳшат, яна ишгами" деган фикрни айтмаганман. Буларнинг барчасига менга жуда қизиқ, айниқса, янада ижобий натижаларга эришиш учун технологиялар ва ускуналар такомиллашмоқда.
- Ота-она бўла олмаётганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Биринчи маслаҳатим-вақтни чўзмаслик керак. Эркакларда репродуктив ёш узоқ давом этади, аёлларда эса жуда қисқа (мақбули 35 ёшгача).
Иккинчиси, агар бир нечта дастур ўтилган бўлсаю, ҳомиладорлик юз бермаса - бир-бировни бунга айбламаслик керак. Бу синовдан ўтиш учун қўл ушлашиб, қадам босишни давом этиш лозим. Бундай эр-хотинлар кўп, улар 10та дастурдан ўтган бўлиши мумкин. Уларга қанчалик мадад берманг, тинглашни истамайди. Лекин бироз вақт ўтиши билан, улар олдинга қараб бориш кераклигини англашади. Албатта, бу фарзанд кўриш истиқболи бўлмаган кишиларга тааллуқли эмас. Ёлғон умид бериш ҳам нотўғри.
Шунга қарамай, бугун кўпчилик учун бепуштлик 10-20 йил аввалдагидек охирги ҳукм эмас. Бу билан шуғулланиш, шифокорга ишониш ва эҳтимол, қандайдир мўъжизани кутиб яшаш керак. Бу инсонга илҳом бахш этади.
Изоҳлар мавжуд емас