Загрузка
Загрузка
Беш йил илгари банклар мени ақлдан озган киши деб қабул қилишарди. Рагида Нурмухаметова Ўзбекистонда e-commerce ҳақида сўзлаб берди
Жамият

Беш йил илгари банклар мени ақлдан озган киши деб қабул қилишарди. Рагида Нурмухаметова Ўзбекистонда e-commerce ҳақида сўзлаб берди

687
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда бизнес қилиш осон иш эмас, аёл киши учун эса бу икки баробар қийин. Ўзбекистонда электрон коммерцияга нималар тўсқинлик қилиши, амалдорларнинг лаёқатсизлигига қандай жавоб қайтариш кераклиги, банкларнинг кредит бермаслиги, “хўжайин”ни чақириш илтимос қилиниши ҳақида Beautybox.uz косметика маҳсулотлари йирик интернет-дўконларининг асосчиси Рагида Нурмухамедова билан суҳбатлашдик.

Автопортрет

Мен ҳаётда аълочиман. Халқда биз кабиларни “ботаник” деб аташади. Менда ҳар-бир нарса кутубхонадагидек, жой-жойида турибди. Мен ўзимга ва бошқаларга нисбатан жуда талабчанман.

Менинг мактаб дафтарларимни барчага ўрнак қилиб кўрсатишарди. Ҳозир хам ишларимни имкон қадар яхши бажаришга интиламан. Лекин натижадан доимо қониқмайман. Мукаммалликка интилишим жуда юқори.

Ёшлигимда ўзимни ҳар томонга урардим. Тоқатсиз бўлиб, ҳамма нарсанинг дарров ва дарҳол бўлишини хохлардим. Бироқ, ортга назар ташлаб айтишим мумкинки, қаерга бормай, нима билан шуғулланмай - доимо янгиликни ўрганганман. Айни пайтда бу жуда фойдали бўлмоқда.

Мен оптимистман. Бу бизнес билан шуғулланаётган аёлга жуда асқотади. Атрофимдагилар керак эмас, уддасидан чиқмайсан, десада – мен ўзимга ишонаман ва олдинга қараб бораман!

Шу билан бирга, таваккалчиман. Яъни, “дарҳол ҳаракат қилиш”, ишни эртага қолдирмасликни хуш кўраман. Мен дастлаб ишни бошлаб, кейинчалик бўлиши ёки бўлмаслигини ўйлайман. Агарда бизнес-режа ёзишни бошласанг, ҳеч нимани оча омаслигинг аниқ. Чунки ҳисоб-китобдан сўнг, “Эй Худо, бунча маблағни қаердан оламан”, -деб ўйлаб қоласан. Бу тарзда иш тутиш аксарият аёлларга хосдир. Эркаклар эса бошқача ўйлашади. Улар аввалига 10 марта таҳлил ва ҳисоб-китоб қилиб кўришади.

Низоли вазиятларда мен аксинча иш тутаман: ўз харакатларимни ўйлаб кўриш, ҳис-туйғуларимни жиловлаш учун вақт оламан. Бунга йиллар давомида эришганман. Илгари эса кўп асабийлашганман.


Карьера

Менинг биринчи касбим – ҳисобчи бўлган. 1996 йилда 9-синфни битирганимда оиламиз квартира олгани боис, Тошкентнинг Қорасув туманига кўчиб ўтдик. Бу ердаги мактаблар қандай эканлигини билмасдик, шунинг учун мамлакатда эндигина пайдо бўлган коллежга боришга қарор қилдим. Ҳисобчи ва компьютер операторлигидан бошқа мутахассислик бўлмагани учун шу йўналишни танлаганман. Умуман олганда, ҳаётимда кўп нарсалар ўз-ўзидан содир бўлади.

Дипломни олгач, Туркия компаниясида котиб, кейин реклама агентлигида менеджер бўлиб ишга кирдим. 2001 йилда "ПрессТИЖ” номли оммабоп ҳафталик журналига бош муҳаррир вазифасини бажарувчи этиб тайинландим. Мен у ерга деярли кўчадан, олий маълумотсиз, газетадан олинган эълон асосида борганман. Мен нашриёт муҳаррири ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилиндим, икки йил ичида эса маълум мартабага эришдим.

24 ёшимда ўзимнинг биринчи ишимни ташкил қилдим. Мустақил равишда реклама билан шуғуллана олишимга ишонардим. Худди шу даврда мен ишга қабул қилиш агентлигини ишга туширдим. Ўша вақтга келиб бизнес муҳитида кўплаб танишларим борлиги сабабли дарҳол йирик шартномалар тузишга муваффақ бўлдим. Ўша йилларда йирик бир шартнома ҳисобидан 500 доллар топганман. 2000 йилларда бу катта пул эди. Ҳозир ҳам менинг бу иш билан шуғулланмаслигимдан кўпчилик афсусда. Мен агентликни осонликча сотиб, Москвага кетганман. Тўғриси, кейин қайтдим.

Олий маълумотни ҳам ўз-ўзидан олганман. Бу 35 ёшимда Россияга отамнинг олдига борганимда юз берган. Беш йил Россия давлат гуманитар университетининг халқаро компанияда топ-менежерлик факультетида таҳсил олдим. Айни пайтда диплом ҳимояси босқичида турибман. Афсуски, пандемия тўсқинлик қилди.

Маркетинг, пиар, сотувлар ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган. Мен Хитой савдо уйи, радиода, дорихоналар ва ресторанлар тармоғида ҳам ишладим. Лекин, жамоат овқатланиш соҳасига тушишимни тасаввур қилганим йўқ. Зарар билан фаолият юритган овқат етказиш хизматини сердаромад йўналишга айлантиришга муваффақ бўлдим. Бир ҳафтада иккита буюртма олинган холос. 31 декабрь кунига келиб эса, 10та машина ёрдамида етказиб беришни йўлга қуйдик. 


Косметика онлайн-дўкони

2016 йилда ҳамкасбимнинг рафиқаси билан бирга бьюти-боксларни сотиш бўйича Beautybox.uz онлайн-дўкон ташкил қилишга қарор қилдим. Ўша пайтда тасаввуримизда бўлган бу ғояни шунчаки расмийлаштирдик холос. Мен режа тузиб, сотувлар чегарасини ўрнатдим. Шу билан бирга, нафақат бокслар, балким косметика маҳсулотларини ҳам алоҳида сотишга келишиб олдик. Иккаламиз шу ишга 500 доллардан тикдик. Ўша куннинг ўзида домен сотиб олиб, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очдик.

Икки йил ўтгач, шеригим билан хайрлашдим. Албатта ҳиссий ва молиявий йўқотишларсиз бўлмади. Шундан сўнг, лойиҳани якка ўзим давом эттирдим. Яхшиямки, барча ҳужжатлар менинг номимга расмийлаштирилган экан. Ҳамкорларим олдидаги барча мажбуриятларни ўзим ёпиб, бизнесимни тоза варақдан бошладим.

Ўша пайтдаги кўримсиз идора ва арзимаган сармояларни эслаб, кулгим келади. Лекин бошидан ўзимга ишонганман. Ишни режалаштирганим ҳам фойда берган. Ҳар йили янги мақсадлар қўйганман.

Ўтган йиллар давомида айланмамиз 200 фоизга ортиб бормоқда. Албатта энг катта сотувлар байрам кунлари бўлади. Жорий йилнинг ноябрь ойида Beautybox.uz беш йиллигини нишонлайди. Бу йиллар осон кечмади. Лекин, назаримда мувафақиятли бўлди.


Бизнес шартлари

Онлайн-дўкон очганимизда, бизда бундай тушунча ҳаттоки қонуний жиҳатдан мустаҳкамланмаган эди. Бошқа мамлакатдан келган биринчи буюртмани яхши эслайман. Бир киши дўконимизга буюртма бериб, шу ерда яшайдиган қариндошига совға қилмоқчи бўлди. Банк тегишли операцияни амалга ошира олмади. Улар бу аёлга ўзи нима керак деб, мени ақлдан озган киши деб қабул қилишди.

Ўша пайтда қуйидаги регламент амал қиларди: божхона шартномасини тайёрлаш, уни божхона тизимида рўйхатдан ўтказиш, кейин харидорга шартнома юбориш ва унинг имзоси билан операцияни амалга ошириш лозим эди. Лекин буюрмачи яхлит партия эмас, бор-йўғи бир дона маҳсулот олмоқчи эди. Бу бемаъни ҳолат бўлиб, ечими йўқ эди. Энди ҳамма нарса осонлашди. Сайтда тўловни халқаро тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Хорижий харидорларга ҳам бемалол хизмат кўрсатамиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда валюта конвертацияси очилди. Бу билан боғлиқ жуда кўп муаммолар бор эди. Чет элдан хом ашё сотиб олган киши бир йил кутиши мумкин эди! Энди бирор нарса сотиб олиш ва уни мамлакатга импорт қилиш осонроқ. Маҳсулотларни сертификатлаштириш ҳам осонлаштирилди. Илгари янги партиянинг ҳар-бир маҳсулоти учун алоҳида ҳужжат олиш лозим эди. Бу йилдан бошлаб йиллик сертификат олиш мумкин.

Мавжуд муаммолар қаторида бюрократия ва давлат идораларида малакасиз кадрлар мавжудлигини кўрсатиб ўтишим мумкин.

Кичик бизнес субъектларини кредитлаш яна бир алоҳида масала. Бу ҳақда жуда кўп ёзилмоқда ва гапирилмоқда. Лекин менга бир кичик кредит керак бўлганида, мен том маънода банкда кураш олиб борганман. Қизиғи шундаки, бизнинг банкларимиздаги фоиз ставкалари шу даражада юқорики, кредитларни ёппасига бериш керак. Бизда эса кредит олиш катта муаммо.

Бундан ташқари, плагиат ёки ғояларнинг очиқ ўғирланиши тадбиркорлик фаолиятининг оғриқли нуқтасидир. Мана бир мисол. Деярли ҳар ой, менга тегишли бренд номи билан ёки дўконим бренди остида бир неча саҳифалар очилади.


Онлайн сотувларга ишонч ҳақида

Бизга бўлган ишончни биринчи кунлардан бошлаб тарбиялаб келдик. Сайтимизда ҳар-бир маҳсулотга нисбатан “Мулоҳазалар” қисми мавжуд. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда ҳам “Сизнинг мулоҳазаларингиз” номли рубрика яратилган. Биздан маҳсулот олган харидорларнинг барча фикрларини чоп этиб борамиз.

Нима учун одамлар онлайн-дўконларга ишонишмайди? Ўзбекистонда ҳозир ўз мижозларини алдаётган ноқонуний сотувчилар ниҳоятда кўп.

Одамлар бизга тез-тез ёзиб туришади. Яқинда самарқандлик бир қиз сўради: "Сиз буни менга аниқ етказасизми? Мен жуда кўп буюртма берганман, лекин ҳеч нарса олиб билмаганман".

Биздан барча одамлар, ҳатто мамлакатнинг энг чекка бурчакларида бўлганлар ҳам ўз буюртмасини олади. Лекин бир талаб бор – бизнинг дўкон ҳудудларга етказиб бериш учун 100 фоиз олдиндан тўловни талаб қилади. Бу бизнесни ҳалол юритишга ёрдам беради. Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор - биз мол юбораётган харидорга ишонамизми? Тадбиркорлар катта миқдорда мол сотиб олиб, харидорлар шунчаки ғойиб бўлганлиги билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни биламан. Оқибатда буюртмалар зарарга айланади…


Пандемия зарар келтирди

2020 йилнинг март ойида онлайн-дўконларнинг савдоси уч баравар ошди. Карантинда одамлар иложсиз қолиб, уйдан чиқмасдан керакли косметикани сотиб олиш имкониятини қидира бошладилар.

Бир ҳафта давомида бизда мавжуд бўлган санитария-гигиена маҳсулотларининг барча захиралари сотиб олинди. Ҳаттоки ниқобларни ўзимиз тикишга мажбур бўлдик. Уларга бўлган талаб ва шунга мувофиқ нархлар кескин ошди. Маҳсулот деярли кўз олдимизда сотилиши боис, захирани тўлдириб турдик.

Барча жабҳаларда ўсиш кузатилди. Дарвоқе, бу даврда дўконимизга кўплаб брендлар келиб, ўз маҳсулотларини таклиф қила бошлади. Чунки офлайн режимда сотиш имкони йўқ эди.

Яхшиямки, ҳаракатланиш учун стикери бўлган компаниялар омборимизга мол келтириб турди. Бироқ, рухсати бўлмаганлар ҳам бор эди. Бирданига карантинга ёпмасдан, олдиндан хабар берилгани бизни қутқариб қолди. Ўша кунларда дистрибюторлар максимал даражада бизга молларни етказиб туришди.

Дўкон яқинида яшаб, у ерга бемалол бора оладиган ходимнинг борлиги бизга асқотди. Яна бир курьер бор эди. Иккаласи ҳам эркак. Пандемия пайтида улар маҳсулотни, товарларнинг хусусиятларини тўлиқ ўрганиб чиқишди. Қаерда гиалуронли, қаерда эса коллагенли маҳсулот турганлигини аниқ билиб олишди. Улар тақдим этилган брендлар қаторидан кераклисини осонгина топа олишади.

Ўша даврда кўпчилик Интернетга муносабатини ўзгартирди. Айнан карантин даврида Ўзбекистонда кўплаб онлайн-савдо сайтлари ишга тушди. Улар дастлабки қадамларни ташлар экан, биз ишимизни янада такомиллаштираяпмиз. Биздаги буюртмаларнинг катта ҳажми товарлар ҳисоб-китоби борасидаги муаммони келтириб чиқарди. Айни пайтда бухгалтерия ҳисобини автоматлаштирмоқдамиз, шунда харидор маҳсулот омборда ёки офлайн дўконда борлигини билиб олади.

Карантин тугаганидан сўнг, бир оз пасайиш юз берди. Бунинг сабаби шундаки, одамларда маблағ миқдори камайди. Илгари қимматбаҳо шампунь танланган бўлса, ҳозирга келиб кўпчилик пулни тежашга ва арзонроқ маҳсулотни танлашга интилади. Шундай қилиб, истеъмол талаби тушиб кетди, лекин вазият аста-секин ўзгариб бормоқда.

Бизнесда нима муҳимроқ? Катта орзуми ёки режаларми?

Мен бундай деган бўлардим: режа бошқа, орзу бошқа.

Орзулар кўпроқ моддий бойликлар билан боғлиқ бўлиб, “хохлайман” деган тушунчага тегишлидир. Режа эса “қўлимдан келади” деган тушунчага бориб тақалади.

Масалан, 8 мартга беш кун қолганида бир компания бизга мурожаат қилиб, 1150та совға боксларини тайёрлашни сўради. Мен дарҳол бунга киришдим. Ўша кунга қадар тезкор буюртма олмаганмиз, лекин кўзланган маррага эришдик. Демак, келгуси йилда икки барабар кўпроғини бажара оламиз.

Мен бир нарсани аниқ биламан. Қанчалик қийин бўлмасин, қанчалик кўп асаб сарфланмасин- оқибатда барибир натижа бўлади. Энг муҳими шундаки, ишни якунлаб, “Мана, бўларканку”, дея оламиз.

Ҳар сафар йўлимдан чиқадиган марралар тобора юксалиб бормоқда. Балким бу фалакнинг ишидир. Биласизми, бирта чизиқдан ўтишингиз биланоқ, иккинчиси пайдо бўлаверади.


Эркаклар ҳақида

Севган инсоним ва эркак дўстларим бор. Бу борада ҳаммаси ажойиб, қайси масала бўйича мурожаат қилмай, доим ёрдам қўлини чўзишади.

Лекин давлат идоралари ёки банкларда ишлаётган эркакларга келсак, лаёқатсиз ёки тўсиқ қилаётганларни мен дарҳол жойига қўйиб биламан. Илгари бошқача эди. Ҳозир эса муаммо пайдо бўлса, қонунчилик жиҳатидан яхши қуролланиб, у билан шахсан гаплашиш учун бораман. Тўғрироғи – ўз манфаатимни ҳимоя қилишга отламан.

Шундай ҳолатлар ҳам борки, аёл тадбиркор олдига келиб, “хўжайин”ни сўрашади. Яъни, масалани эркак билан ҳал қилмоқчи бўлишади. Бундай ҳолатлар кўп бўлмасада, ҳанузгача учраб туради. Бу каби вазиятларда қатъийликни намоён қилиб, бизнесга ким хўжайин эканлигини кўрсатиб қўйиш керак.

Аёллар ҳақида

Аёллар табиатан ҳис-туйғуга кўпроқ берилади. Ўзимда ҳам шундай ҳолатлар бўлган. Лекин яқинларим менга қарата: “Нималар деяпсан? Бир йил олдин қандай эдию, ҳозир қандай?” деб таскин беришган.

Эндигина бизнесга кириб бораётган аёллар учун асосий муаммо шундаки, уларнинг аксариятида молиявий саводхонлик йўқ. Кенг қамровли маслаҳат хизматларини тақдим эта оладиганларни ҳам кўрмайсиз. Охир-оқибат, барча нозик жабҳаларни шахсан пухта ўрганишингиз керак бўлади.

5 йиллик фаолиятим давомида давлатдан ҳеч қандай ёрдам олганим йўқ. Ҳар сафар имтиёзли кредитлар ҳақида, аёлларнинг қўллаб-қувватланиши ҳақида ёзилганда, ким ёрдам қилгани ва шу ёрдамни ким олганини шахсан кўргим келади.


Қизим учун мотивация

Икки йил олдин, қизим нима билан шуғулланишимдан ҳайрон бўларди. Интернет орқали ҳам бизнес бўларканми, деб сўрарди. Энди эса, ўн олти ёшида, у SММ бўйича айрим вазифаларни олиб, менга ёрдам беради. Мен эса унга маош тўлайман.

Энди шахсий харажатлари учун пули бор, олинган иш учун жавобгарликни хис қилади. Бу ўз-ўзидан содир бўлди. Лекин бундан олдин унинг синфдошлари “смм”чи керакми, деб мендан сўрашган. Бу йўналишда ишлашни унинг ўзи хохлади. Ҳозирча она сифатида ҳам, менежер сифатида ҳам мамнунман.

Хордиқ

Мен учун энг яхши дам олиш – бу меҳнат. Усиз яшай олмайман. Тоғга борсамда, ярим кунгина чидай оламан. У ерда зерикаман.

Дам олиш кунлари детектив сериаллар ва муваффақиятли одамлар билан суҳбатларни томоша қилишни ёқтираман. Шунингдек, мантиқни ривожлантираман, илҳомланаман, янги ғоялар излайман.

Ростини айтганда, мен табиатан уйқучиман, лекин ўзига хос жадвалим бор: кундузи, кечқурун ва кечаси бир неча соат ухлайман холос.

Аёллар ҳақидаги Влог

Мен ўз бизнесида муваффақиятга эришган аёллар ҳақида YouTube каналини ишга тушираяпман. Бу Girls Power деб аталади. Мен унда заиф жинс ҳақидаги стереотипларни йўқотмоқчиман. Бу феминистик-мотивацион канал бўлади. Бирор нарса қилишни истаганлар билан маълумот алмашаман. Мазмун шундаки, аёлнинг ҳар доим ўз бизнеси бўлиши керак. Гап эркакнинг кетиб қолишида эмас. Ўлим боғлиқ ҳолатлар ҳам бор. Аёл 15 йил уйда ўтириб, болаларини қандай қилиб боқиши, қандай қилиб ва қаердан пул топишни билмайди. Бундан ҳеч ким ҳимояланмаган. 40 ёшли аёл маълумотсиз ва тажрибасиз, уч нафар бола билан ёлғиз қолса - бу жуда қийин.

Мен бу лойиҳани очишга қарор килганимнинг боиси шундаки, нашримизни очар эканмиз, бир хил кишиларни кўрамиз. Уларнинг 99 фоизи аёллар эмас. Аслида эса, биз кабилар жуда кўп.

Эндигина иш бошлаётганларга маслаҳат

Энг асосийси - қўрқмаслик, оптимист бўлиш ва яқинларнинг кўмагига таянишдир. Бу жуда муҳим.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...