Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбеккосмос" агентлиги Ўзбекистон тарихидаги илк космонавтни аниқлаш учун очиқ танлов ўтказилишини эълон қилди. Номзодларга нисбатан саломатлик, жисмоний ҳолат, илмий салоҳият ва хорижий тилларни билиш бўйича қатъий талаблар қўйилади.
Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимовнинг "Ўзбекистон 24" телеканалига маълум қилишича, танловда ҳозирда билим олаётган талабалар ёки турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этиши мумкин. Ҳозирча саралашнинг аниқ муддатлари ва батафсил шартлари очиқланмаган бўлса-да, жараён тўлиқ халқчил тамойиллар асосида ташкил этилиши таъкидланган.
Шу билан бирга, соҳада яна бир муҳим лойиҳа — биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Айни пайтда Япониянинг Кюсю технология институтида таҳсил олаётган 7 нафар ўзбекистонлик талаба ушбу қурилмани ишлаб чиқишга жалб этилган.
Давлат раҳбарига тақдимот қилиш учун сунъий йўлдошларнинг икки хил модели тайёрланган. Бу қурилмалар асосан Ерни масофадан зондлаш вазифасини бажаради. Тақдимотда сунъий йўлдошнинг ички тузилиши, фойдали юк қуввати, қуёш панелларининг ишлаш механизми ва орбитадаги ҳолати ҳақида батафсил маълумот берилиши кўзда тутилган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдошни учириш ва илк ўзбек космонавтини тайёрлаш бўйича дастлабки босқичдаги ишлар тақдимоти билан танишгани ва мутасаддиларга барча лойиҳалар юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар, пухта амалий таклифлар ишлаб чиқишни топширгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас