Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бутун дунёда журналистлар ўлдирилишининг 85 фоизи очилмай қолмоқда. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳар йили 2 ноябрда нишонланадиган журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2023 йил августидан 2025 йил майигача 163 нафар журналист ўлдирилган. Улардан 109 нафари можаро ҳудудларида, жумладан, Ғазо, Судан ва Украинада ҳалок бўлган. Энг кўп қурбонлар араб мамлакатларида - 82, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида - 34, Осиё ва Тинч океани минтақасида - 30, Европа ва Шимолий Америкада - 12 тани ташкил этади.
БМТнинг қайд этишича, кўрсаткич 2022 йилга нисбатан бироз пасайган бўлса-да, жазосиз қолиш даражаси жуда юқорилигича қолмоқда. 85 фоиз ҳолатда айбдорлар жавобгарликка тортилмаган.
Жазосиз қолишнинг энг юқори даражаси Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида қайд этилган. Бунга суд тизимининг заифлиги, коррупция ва сиёсий ироданинг етишмаслиги сабаб бўлган.
Гутерришнинг таъкидлашича, журналистларга ҳужумлар демократия ва сўз эркинлиги асосларига путур етказади. У Ғазода журналистларнинг ўлдирилишини қоралади ва халқаро мухбирларнинг можаро зонасига киришига тақиқ қўйилишини қабул қилиб бўлмаслигини айтди.
Бундан ташқари, 2023 йилдан 2025 йилгача бутун дунё бўйлаб 1100 дан ортиқ журналист ҳибсга олинган, уларнинг деярли ярми ҳали ҳам ҳибсда сақланмоқда. Аксарият ҳолатлар Беларус, Хитой, Исроил, Мянма ва Россияда қайд этилган.
БМТ ва ЮНЕСКО жаҳон ҳамжамиятини журналистларни ва уларнинг касбий мажбуриятларини таҳдид ва босимларсиз бажариш ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирди.
"Журналистлар сукут сақлашга мажбурланганда, барчамиз овозимизни йўқотамиз", - дея таъкидлади БМТ бош котиби.
Эслатиб ўтамизки, ЮНЕСКО Бош конференцияси президенти Хондкер Муҳаммад Талха журналистлар тобора кўпроқ мустақил овозларни бостиришга қаратилган ҳужумлар қурбонига айланаётганини таъкидлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас