Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда 10 июлдан бошлаб карантин кучайтирилди. Бу нимани англатишини амалиётда кўриб чиқамиз.
Транспортга оид ўзгаришлар
Шахсий автотранспорт воситаларида махсус рухсатнома (стикер)сиз фақат куннинг маълум вақтида - соат 07.00 дан 10.00 гача, 17.00 дан 20.00 гача ҳаракатланиш мумкин. Шунда ҳам машинада шунчаки юриш мумкин эмас. Иш жойига бориб-келиш, озиқ-овқат ва дори-дармон учун машинада ҳаракатланишга рухсат этилган.
Бундан ташқари, скутер ва велосипедлардан фойдаланиш мумкин. Бироқ, бунда ниқоб тақиш мажбурийдир.
Стикернинг бахтли эгалари машинада исталган даврда юришлари мумкин. Ҳукумат томонидан янги стикерлар берилмаслиги боис, илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар амал қилишни давом эттиради.
Таъқиқланган даврда ҳаракатланиш қоидаларни бузганларнинг автомобиллари жарима майдончаларига олиб борилади. Автомашина эгалари нафақат жаримани, балки автомобиллар жарима майдончасида турган вақти учун ҳам ҳақ тўлашлари лозим бўлади.
Бироқ, вақтичналик чекловларда айрим истиснолар мавжуд. Бу ерда исталган вақтда стикерсиз ҳаракатланишга рухсат берилган шахслар рўйхати билан танишишингиз кўришингиз мумкин.
Бундан ташқари, фавқулодда ҳолатларда шахсий автомашиналарда исталган вақтда ҳаракатланишга рухсат берилган. Ушбу тоифага шошилинч тиббий ёрдам зарурияти (ҳомиладорлик, туғиш, жароҳат, ОИВ/ОИТС, онкология, нур терапияси, гемодиализ, жарроҳлик ва ҳаёт учун хавфли бўлган бошқа ҳолатлар) киради.
Жамоат транспорти 10-июлдан 1-августгача ишламайди.
Такси хизмати учун яшил чироқ
Шуниси муҳимки, карантин чорларининг кучайтирилиши шароитида такси хизматлари фаолиятига рухсат берилди. Аммо улар бир қатор муҳим талабларга риоя қилишлари шарт.
Йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим.
Шу билан бирга йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши шарт.
Ҳаракатланишга таъқиқлар
Ҳукумат томонидан вилоятлар ўртасида ҳаракатланишга таъқиқ жорий этилди. 10 июлдан бошлаб вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирлди.
Амалда бу вилоятлараро кириш ва чиқиш таъқиқланганлигини англатади. Аммо бу борада ҳам жузъий истиснолар мавжуд.
Масалан, белгиланган чекловлар деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (мева-сабзавот, полиз, кўкат маҳсулотлари ва б.қ.) жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга татбиқ этилмайди. Бунда деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситалари бозорлар, ярмаркалар ва савдо нуқталарига киритишдан олдин дезинфекция қилинади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ўртасидаги блокпостлар эрталаб ва кечқурун очиқ бўлади.
Уйдан чиқманг
Кеча, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз мурожаатида: "Тошкентликлар, уйда қолинг! Сизга керак бўлган ҳамма нарса онлайн мавжуд", - деб айтди.
Амалда, бу мамлакатда ўзига хос комендантлик соати давом этаётганлигини англатади. Соат 23:00 дан 07:00гача кўп қаватли уйлар ҳовлиси ва кўчаларда бўлишга йўл қўйилмайди. Ушбу талабни бузганлик учун жарима солинади.
Жамоат жойлари, кўчалар, дўконлар ва дорихоналар - умуман олганда ҳамма ерда ниқоб тақиш шарт. Йирик супермаркетларда сизни албатта қўлқоп билан таъминлаш, антисептик сепиш ва ҳароратингизни текширишлари керак. Агар ҳарорат 37 даражадан юқори бўлса - ичкарига киришга рухсат берилмайди.
Шунингдек, жамоат жойларида учдан ортиқ кишининг тўпланиши, шунингдек 65 ёшдан ошган шахсларнинг бўлишига таъқиқ жорий этилган
Нималар ишламайди?
10 июлдан 1 августгача буюм ва қурилиш бозорлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари ишламайди.
Ҳукумат ресторан, кафе, ошхоналар ва барча умумий овқатланиш жойларининг фаолиятига таъқиқ ўрнатди. Энди бундай муассасалар фақат етказиб бериш тартибида ишлайди.
Шу билан бирга, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш жойлари, спорт заллари, тренажер ва спорт заллари, сузиш ҳавзалари фаолияти тўхтатилди.
Яна бир нохуш ҳолат шундан иборатки - мулкчилик шаклидан қатъий назар, мактабгача таълим муассасалари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар иши тўхтатилди.
Барча оммавий ва тантанали тадбирлар, тўй ва бошқа байрамларни ўтказиш таъқиқланди. Шунингдек, давлат идораларида ҳар қандай мажлислар ҳам таъқиқ остида.
Давлат идоралари ходимлари имкон қадар қисман таътилга, қисман масофадан туриб ишлашга юборилади.
Нималар ишлайди?
Деҳқон ва озиқ-овқат бозорлари, озиқ-овқат дўконлари одатдагидек ишлашни давом эттиради. Дорихоналар ҳам ишлайди.
Шу билан бирга объектни тўлиқ изоляция қилиш, доимий текшириш ва зарарсизлантириш, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани ўз ичига олган бир қатор талабларга риоя қилган ҳолда саноат корхоналари ва йирик қурилишларнин фаолиятига рухсат берилди.
Карантин и даволаниш
Энди коронавирусли одамлар билан мулоқотда бўлганлар уй карантинига олинади. Уртасаройдаги карантин ҳудуди фақат чет элдан келганларни қабул қилиш учун ишлайди. Бундан ташқари, ОТМ ва коллежлар ётоқхоналарида қўшимча карантин марказлари яратилади.
Агар уй карантинида бўлган кишида «ковид»га ўтказилган таҳлил ижобий натижа берса ва унда инфекциянинг клиник белгилари - йўтал, иситма, ҳид билмаслик аломатлари бўлса, у касалхонага ётқизилади.
Касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади).
Уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда беморлар билан алоқада бўлиб, уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг доимий тиббий назоратда бўлиши белгиланди. Бунинг учун тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган туну-кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи Call-center фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, беморларни назорат қилиш учун тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мобиль гуруҳлар ташкил этилган.
Қандай жазоланади?
Эпидемия билан курашиш қоидаларининг бузилиши фуқароларга 4,4 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача, мансабдор шахсларга 6,6 миллион сўмдан 11,1 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
Агар эпидемияга қарши курашиш қоидаларининг бузилиши оммавий касалланиш ёки инсонлар заҳарланиши хавфига олиб келса ёҳуд оммавий касаллик ёки заҳарланишга сабаб бўлса, қуйидагича жазоланади:
- 11,1 млн. сўмдан 22,3 млн. сўмгача жарима;
- 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
- 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
- 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Изоҳлар мавжуд емас