Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги мактаб ўқувчиларининг дарс пайтида мажбуран сочи олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Вазиятни Миллий гвардия, Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва болалар Омбудсмани изоҳлаган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Хабар қилинишича, “тадбир” Навоий шаҳридаги 2-мактабда бўлиб ўтган. Мажбурий соч олиш мактаб директорининг ташаббуси билан амалга оширилган. Бунинг учун узун сочли болалар дарс пайтида спорт залига тўпланган. Шу билан бирга, бутун жараён Миллий гвардия ходимлари томонидан назорат қилинган.
"Гвардиячилар спорт залида нима бўлаётганини кўрганларида, директорга бу ҳолат қабул қилиниши мумкин эмаслиги ва ўқувчилар синфларга қайтишлари кераклиги айтилган. Улар назорат қилишмаган, зўравонлик билан соч олиш жараёнини кузатишмаган, аксинча, директорни мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқларига риоя қилишга чақиришган", – дея маълум қилмоқда Миллий гвардия.
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вазиятни назорат остига олганини маълум қилган. Мактаб раҳбариятига нисбатан қонуний чоралар кўрилади.
"Қонун ҳужжатларида ўқитувчилар профессионал даражада ўқувчиларни ўқитиш ва тайёрлашни таъминлаши, педагогик ахлоққа риоя қилиши, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши кераклиги кўрсатилган. Мактаб директорининг ўқувчиларга бўлган муносабати педагогик ахлоққа зиддир. Ушбу ҳолат юзасидан қонунга мувофиқ тегишли чоралар кўрилади", – дейилмоқда бошқарма баёнотида.
Вазиятни болалар Омбудсмани ҳам текширмоқда.
"Мактаб маъмуриятининг бундай ҳаракатлари мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Аввало, бу умумий таълим муассасаларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зиддир. Бу боланинг Конституция билан кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқини бузади. Ушбу қилмишда айбдорларга нисбатан тегишли чораларни кўриш керак", - деди бола ҳуқуқлари бўйича вакили.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бошқа таълим муассасаларида ҳам бундай номақбул хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилмоқда экан.
Изоҳлар мавжуд емас