Бундай лойиҳани ташкил қилиш учун характер талаб этилади. Ирина Матвиенко ўзи ва NeMolchi.uz ҳақида гапириб берди
Жамият

Бундай лойиҳани ташкил қилиш учун характер талаб этилади. Ирина Матвиенко ўзи ва NeMolchi.uz ҳақида гапириб берди

832

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Янгиликлар агентлигимиз томонидан Ўзбекистон аёлларига бағишланган мақолалар туркумини чоп этиш давом эттирилмоқда. Бу гал биз журналист, блогер, фаол аёл ва NeMolchi.uz лойиҳасининг муаллифи Ирина Матвиенко билан суҳбатлашдик.

NeMolchi.uz – Ўзбекистондаги энг шов-шувли лойиҳалардан бири ҳисобланиб, зўравонликка қарши курашиш баробарида аёллар ҳуқуқларини ёритади ва ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан шуғулланади. Ушбу ресурс 2017 йилда пайдо бўлган ва илк мақолалар Facebook ижтимоий тармоғида чоп этилгач, долзарб масалалар бўйича муҳоокамалар майдончасига айланган.

Шу билан бирга, Ирина Матвиенко Ўзбекистонда ва хорижда ўзининг 2011 йилдан бошлаб амалга ошираётган бошқа бир лойиҳаси туфайли танилган. Яъни, унинг ҳунарманд аёллар учун мўлжалланган Ladoshki.uz платформаси ҳам мавжуд бўлиб, шу туфайли кўплаб аёллар иш билан таъминланган, “хендмэйд” ишқибозлари эса муаллифлик буюмларни сотиб олишмоқда.

Биз у билан қўрқитишлар, маориф, касбий толиқиш, уйдаги зўравонлик ва лойиҳага қарши чиққанлар ҳақида суҳбат қурдик.

- Медиа соҳасидаги энг шов-шувли лойиҳалардан бирини юритиш осонми?

Тўғрисини айтсам, нима дейишни билмайман. Лойиҳани шунчаки юритаяпман холос.

- Сизга таҳдид қилишадими? Уларнинг сони қанча?

Мен таҳдидларни санамайман. Лекин назаримда сони камайганга ўхшайди. Балким бунинг сабаби - лойиҳамиз асосан рус тилида эканлиги бўлиши мумкин. Ўзбек тилидаги версиямиз ҳам бор, лекин у унчалик оммабоп эмас. Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусида ўзбек қизларнинг интервьюсини ҳам кузатиб бораяпман. У ерда мутлақо бошқа муносабатга гувоҳ бўласиз.

Назаримда, бу вазиятни қандай қабул қилиш билан боғлиқдир. Аёллар ҳуқуқи ҳақида гапирганимда кўпчилик мени русийзабон, европача тарбияланган киши сифатида тушунади. Улар мени тинглаб, майли гапираверсин, бу бизга тегишли эмас, менталитетимизга тўғри келмайди, деган хулосага келишади. Шу мавзуларни ўзбек ҳамкасбларим кўтариб чиқса, шов-шув бўлади. Бу миллий қадриятларга таҳдид сифатида қабул қилинади.

- Сиз ва лойиҳанинг бошқа аъзолари ўз эмоцияларини қандай бошқаришади?

Биз уларни бошқариб билмаймиз ва кўп ҳолларда касбий толиқишга дуч келамиз. Лойиҳанинг барча волонтёрларини билмадиму, шахсан ўзим шу муаммога дуч келганман. Бундан ташқари, узоқ вақт мобайнида бизнинг SMM шуғулланган қизимиз хам толиқиб қолди. Мана бир неча ойдирки, у дам олаяпти, лойиҳамиз психологи у билан иш олиб бормоқда. Лекин тикланиши учун кўп вақт керак. Ўзим ҳам психологга мурожаат қилганман, тикланишни ўргандим, қачон тўхташ кераклигини англаб етдим. Кейинги пайтларда якшанба ва шанба кунлари мақсадли дам олаяпман: ишламаслик учун ноутбукни уйга олиб бормайман. Фикримча, лойиҳа фаоллари дам олиш керак, бу борада мен жисмоний дам олишни назарда тутаяпман. Албатта дам олиш кунлари ёки уйга борагнимда муаммоларни унута олмайман, чунки нималарнидир телефон орқали ўқишга тўғри келади. Лекин компьютер ёнимда бўлса, албатта ахборот оқими анча кўпроқ бўлади.

— Ирина, айтинчи, шу каби лойиҳаларни қилмоқчи бўлган журналист қайси сифатларга эга бўлиши лозим? Шахсан ўзингиз нималарни ўргангансиз? Зўравонлик ҳақида ёзиладиган ахборот майдонида қандай қоидалар амал қилади?

Менимча, энг муҳим талаб – бу гендер сезувчанликдир. Бу сифат мавзуга чуқур кириб бориш ва махсус адабиётлар билан танишиш натижасида шаклланади. Кейинчалик, гендер нуқтаи назаридан муаммо келтириб чиқариши ёки нотўғри тушунилиши мумкин бўлган ҳолатларни интуитив тарзда сезиш мумкин. Зўравонлик қурбонлари ҳақида ёзадиган кишилар учун эмпатия муҳим саналади, кишилар уларга ишониши, ўз дардини айта олиши керак. Яна бир талаб шуки – инсон ҳуқуқларини билиш, инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни қўллаш лозим.

Мазкур мавзу билан ишлашда журналистик этика масаласига ҳам эътибор бериш керак. Бу ҳам қайсидир маънода гендер сезувчанлиги билан боғлиқ. Яъни, қайси маълумотни қаерда қўллаш ўринли эканлигини билиш керак. Асосийси – журналистга мурожаат қилган кишига гамхўрлик кўрсатиш масаласи ётади.

Масалан, жабрланган аёлнинг интервьюсини унинг фотосурати билан бериш катта таъсир қиларди. Бизга мурожаат қилган аёллар орасида юзини ошкор қилмочи бўлганлар ҳам йўқ эмас. Суҳбат давомида шахсий маълумотларни ошкор қилиш оқибатларини тушунишади. Шундан сўнг аёллар охиригача бориш ёки юзини яшириш ўртасида танлаши керак.

Шу ерда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Шунчаки кишининг тарихини олиб, ҳикоя қилиш эмас, бунинг оқибати инсоннинг кейинги тақдирига қандай таъсир кўрсатишини тушунтириш, айрим ҳолларда ошкоралик масалани ҳал қилмаслигини очиқчасига айта олиш керак.

Бизда эса айримлар муаммо ҳақида айтиб берса, масала дарров ҳал бўлади, деб ўйлашади. Бу мутлақо нотўғри. Шундай бир воқеани айтиб берай. Бу ҳақда шу йилнинг апрель ёзилганди. Бир аёл уни эрининг акаси зўрлагани, уни уришгани, битта кўзига протез қўйилгани, бошқа кўзи минус тўққизга тушганини айтган ва зўрлагани учун эркакни жавобгарликка тортишни сўраган.

Бу воқеа маълум бўлгач, прокуратура ишни кўриб чиққан ва далиллар етарли бўлмагани боис, жиноий иш қўзғатилмаган. Натижада аёл жамият томонидан қаттиқ таҳқирланган. Видеода унинг юзи кўринмасада, одамлар уни таниб олишган, уйдагилар ҳайдашган. Бу албатта ачинарли.

Менинг фикримча, агар журналистлар бирор киши ҳақида ёзадиган бўлса, кейинчалик бу одамнинг тақдирини кузатиш масъулиятини ўзига олиши керак. Ошкора қилиб унутиб қўйиш яхши эмас. Ўйлайманки, зўравонлик қурбонлари билан ишлашда доимо охиригача бориш шарт.

-Бир пайтлар лойиҳа муаллифи сифатида ўз исмингизни ошкор қилмагансиз. Ҳатто яқинларингиз ҳам Сиз Nemolchi.uz. билан шуғулланишингизни билмаган. Бунинг сабаби нимада бўлган?

Буни оилам билган. Лекин атрофдагиларимнинг барчаси ҳам бундан хабардор эмасди. Бунинг сабаби шундан иборатки, мазкур мавзу мамлакатимизда, айниқса Каримов даврида умуман кўтарилмаган. Бу иш билан мақсадли шуғулланганман, ошкора қилиш зўравонлик мавзусига эътиборни жалб қилишини тушунганман. Шундай бўлди ҳам. Ишимни бошлаганимда, муносабат қандай бўлишини билмаганим боис, исмимни ошкор қилмасдан лойиҳани давом эттирганман.

- Ёрдамга мурожаат қилиб, айтганидан воз кечган қизлар бўлганми? Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Уларга ким таҳдид қилади – ички ишлар идорасими ёки қариндошларими? 

Буни аниқ айта олмайман. Айрим ҳолатларда бу қизларнинг муаммолари ички ишлар идорасигача ҳам етиб борган. Бунга қариндошларнинг босими ҳам, уларнинг ўзи ҳам сабаб бўлиши мумкин. Балким, стереотиплар таъсирида ёки “уйдан гап чиқармаслик” йўсинда фикрлаш таъсирида улар муддаосидан қайтгандир. Балким, масаласи ҳал бўлгандир.

Муаммо ҳақида ёзиш билан бирга параллель равишда ИИВга ҳам мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Биз Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги хотин-қизлар ишлари бўйича бошқарма билан ҳамкорлик қиламиз. Уларга ҳужжатларни бераман. Баъзида шу орқали аёлларнинг муаммолари ҳал бўлади ва мендан ошкора қилмасликни сўрашади. Ёки аксинча, воқеа ошкор қилинганидан кейин масала ҳал бўлганини қўшимча қилиб ёзамиз.

- Лойиҳани бошлаб, характерингизда қандай янги сифатлар пайдо бўлди? Илгари билмаган бирор нарсани кашф этдингизми?

Бундай лойиҳани очиш учун маълум характер талаб қиланади. Янги топган нарсам ҳақида айтадиган бўлсак, аёллар ўртасидаги дўстликни кашф қилдим, бу қанчалик қудратли куч эканлигини хис қилдим. Аёллар ўртасида дўстлик йўқлиги тўғрисидаги фикр катта хато эканлигига гувоҳ бўлдим. Бироқ, аёллардан иборат кўмак доирасини шакллантириш улкан мадад бўларкан.

- Атрофингизда волонтёрлар, психологлар, ҳуқуқшунослардан иборат жамоа тузгансиз. Улар ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганларми ёки зўравонлик қурбоними? Уларни лойиҳанинг бир қисмига айланишга нима ундаган?

Бу саволга жавоб қайтаришим жуда қийин. Уларнинг ҳар-бир ўз тарихига эга, айримлари бўйича ўз лойиҳамизда сўз юритганмиз. Улар ўз мотивацияси билан ташриф буюрган.

- Фаолиятингиз давомида дуч келган энг даҳшатли воқеани эслай оласизми?

Нима дейишга ҳам ҳайронман. Бундай воқеалар жуда кўп бўлган ва қайсинидир алоҳида кўрсатиб ўтишни хохламайман. Бирта воқеани баён қила туриб, бошқасини қадрсизлантириш мумкин. Шу боис, ҳар-бир кишининг воқеаси унинг ҳаётида муҳим ўрин тутишни эсда тутиш лозим.

- Зўравонлик билан боғлиқ вазиятни ўзгартириш ҳақида гапирганда Сиз жазонинг муқаррарлигини таъкидлайсиз. Афсуски, Ўзбекистонда бу масаланинг ечими оғир. Сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Менимча, айрим ижобий ўзгаришлар бошланган. Бош прокуратура ҳузурида оилавий зўравонлигига қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳи тузилган. Мен йўл харитасини кўздан кечирдим ва ўйлайманки, асосли ёндошув танланган. Қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, одилона суд тартибига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган. Хусусан, жиноий ва маъмурий кодексни ўзгартириш, зўравонлик билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда суд амалиётига янгиликлар киритиш белгиланган.

Бу қанчалик тўлиқ татбиқ этишини билмайман. Бироқ, ишчи гуруҳга ҳар-хил мутахассислар киритилади ва турли идораларнинг фикри тингланади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, мазкур ишчи гуруҳи тузилган ва йўл харитасининг бандлари жуда зўр. Бундай ёндошув кишини илҳомлантиради ва умид қиламанки, давлат томонидан   оилавий зўравонликка қарши жиддий кураш олиб борилади.

- Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида аёллар ўзини ва болаларини ўлдирмоқчи бўлгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида кўп ёзилмоқда. Мутахассис сифатида бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Бу ишга қўл уриш учун аёлга ягона сабаб бўлмайди. Доимо муаммолар мажмуини кўриб чиқиш керак. Кимнинг ночорликни хис қилади. Дейлик, аёл   маҳаллага ёки бошқа идораларга мурожаат қилиб кўрган бўлсада, фойда кўрмаган. У ҳеч ким, ҳаттоки ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам ёрдам бермаслигини тушунади. Унинг назарида бутун тизим қарши чиқаётганидек. Охир-оқибат, иложсизликдан кетишга қарор қилади. Аёлнинг назарида ҳаёт шафқатсиз бўлиб, болаларининг бундай даҳшатли дунёда яшашини истамайди. Бу тахминлардан бири.

Бошқа бир вазиятда аёл умуман ҳеч қаерга мурожаат қилмайди. Миясидаги стереотиплар кескин қадам қўйишга мажбурлайди. Масалан,   яқинлари аёлни ўғил фарзанд туға олмасликда айблаши мумкин. Дарвоқе, шундай бир воқеа ҳақида ОАВда кўп маротаба ёзилган. Бу ҳолатда ҳам аёл ўзи ва фарзандларини бу дунёда яшашини истамайди.

Умидсизликкача олиб борилган аёллар ҳам бор. Умидсизлик турлича бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда   руҳий касалликлар учрайди. Бизда бу масаланинг ечими жуда оғир кечади. Психофаоллик деган тушунчанинг ўзи йўқ.

Афсуски, кўпчилик психолог ёки психиатрга мурожаат қилишни айбли деб билади. Гўёки, шундан кейин ҳамма унга бошқача қарайди. Шунинг учун муаммони сезиб турганлар ҳам, энг чекка нуқтагача етиб борганлар ҳам ёрдам сўрашмайди. Эҳтимол, мутахассисга мурожаат қилинса, муаммо ўз ечимини топиши ҳеч гап эмас.   Инсон ўз саломатлигини мунтазам кузатиб бориши, зарур ҳолатларда дори-дармондан фойдаланиши керак. Бизда эса буни ҳеч ким қилмайди.

- Бундан 10 йил илгари Ўзбекистонда зўравонлик ҳақида очиқчасига гапирилишини ва бундай лойиҳа муаллифи бўлишингизни тасаввур қилганмисиз?

Йўқ.

- Замонавий қизларни нимага ўргатиш керак?

Аввалом бор, аёл ҳам инсон эканлиги ва танлаш   ҳуқуқи борлигига ўргатиш керак. Лекин бу борада ҳам табиий савол туғилади- нега фақат қизларни ўргатишимиз керак?

Биринчидан, аёл ҳам инсон эканлигини ўғил болаларга ҳам ўргатиш зарур. Иккинчидан, қизларга урғу бермасак ва ота-оналарнинг онгини ўзгартирмасак, биз авлодлар тўқнашувини   чуқурлаштирамиз ва натижада қизлар синади. Чунки бизнинг жамиятда ота-оналар ва катталарнинг обрўси ниҳоятда кучли.

- Ўзбекистонда гендер масаласи узоқ вақт мобайнида фақат қоғозда қолиб кетган ва халқаро ташкилотларга ҳисобот бериш учун иштатилган. Айни пайтда маълумотни юзага чиқариш имконига эга бўлдик. Лекин жамият шу ўринда бир қатор “ҳимоявий” фикрларни шакллантириб бўлган.   Бунга мисол тариқасида ЛГБТ, анъана ва урфлар, шунингдек тарбия штампларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Жамиятнинг муайян мавзуга нисбатан муносабатини   эркинлаштириш учун қанча вақт талаб этилади? Ўзбекистонда бунинг иложи борми ўзи?

Бу масалада муайян нисбий ўзгаришларни жорий ёки кейинги авлодда эмас, бир неча авлоддан сўнг кузатишимиз мумкиндир. Онги ва дунёқараши ўзгарган болалар вояга етмагунига қадар, бунинг иложи йўқ. Болаларнинг онги ўзгариши учун даставвал ота-оналарнинг онги ўзгариши керак. Бу ҳақиқатан ҳам бир нечта авлоднинг   алмашиши тақозо этади.

- Рақибларингиз Сизни грант эвазига Ўзбекистонга ёт бўлган либерал ғояларни тарғиб қилишда айблайди. Уларга айтадиган гапингиз борми?

Уларга шундай жавоб бермоқчиман. Майли гапираверишсин. Чунки, ўзининг фикрига ишонган кишиларга нима десам ҳам, барибир ўзиникида қолади. Улар шу тушунча билан яшашлари осон кечса,   яшайверишсин. Мен ниҳоятда бандман ва уларга ишим йўқ.    Фаоллик   майдонига лоқайд бўлмаган кишилар киради. Ниманидир ўзгартирмоқчи бўлган, қатъий қадриятлар тизимига эга ва атрофдаги оламни яхшироқ қилишга интилганлар   бу ишга қўл уради. Бу уларнинг асосий мотивацияси ҳисобланади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...