Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хорижда вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадларини олиб келиш учун ижтимоий тармоқларда пул йиғилаётган ҳолатлар юзасидан Миграция агентлиги расмий баёнот билан чиқди.
Агентлик ватандошларни фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Ижтимоий тармоқларда турли пластик карталарга пул йиғиш акциялари кўпинча эски ёки нотўғри маълумотларга асосланган бўлиб, одамларнинг ҳис-туйғулари орқали маблағларни ўзлаштиришга қаратилган.
Аслида тартиб қандай?
Ўзбекистон фуқароси чет элда вафот этса, унинг жасадини ватанга олиб келиш харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади.
Агентлик шубҳали хабарлар ва номаълум карталарга пул ўтказмасликни сўрамоқда.
Мутасаддилар ушбу хизмат бепул эканини ва давлат томонидан кафолатланганини эслатиб, фуқаролардан фақат расмий каналлар орқали кўмак олишини тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил бошидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги хорижда вафот этган 483 фуқаронинг жасадларини ватанига қайтаришни ташкил этган.

Изоҳлар мавжуд емас