Четдан бир назар. Россиялик шифокорлар делегацияси раҳбари Ўзбекистонда ковидни даволашдаги асосий қийинчиликлар ҳақида айтиб берди
Жамият

Четдан бир назар. Россиялик шифокорлар делегацияси раҳбари Ўзбекистонда ковидни даволашдаги асосий қийинчиликлар ҳақида айтиб берди

541

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонга ташриф буюрган россиялик мутахассислар гуруҳи раҳбари, анестезиолог-реаниматолог, Москвадаги Пирогов номидаги Миллий тиббиёт ва жарроҳлик марказининг анестезиология ва реаниматология кафедраси мудири Михаил Замятин Ўзбекистонда ковидни даволашда шифокорлар қандай қийинчликларга дуч келаётгани ҳақида гапириб берди. 

- Россиялик мутахассисларнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида гапириб берсангиз, қайси вилоятларга боришга муваффақ бўлдингиз?

- Ўзбекистонга Москва, Санкт-Петербург, Москва вилояти ва Татаристондан бир гуруҳ шифокорлар келишди. Ҳаммаси бўлиб - 39 киши. Ташрифимиздан кейинги кун биз гуруҳларга бўлиндик, уларнинг ҳар бирида анестезиолог, реаниматолог, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, пульмонолог, кардиолог, педиатр, жарроҳ бор. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига жўнадик. 

Барча келган шифокорлар бир неча ой давомида "қизил" ҳудудда ишлаш тажрибасига эга бўлишди. Бу ерда ҳам "қизил" ҳудудда, бевосита бемор ётоқ жойи ёнида, ординаторлар хонасида шифокорлар билан иш олиб боряпмиз. Қолаверса, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизими тез-тез дуч келадиган мушкул масалаларни муҳокама ва ҳал қиляпмиз. 

Айни кунларда гуруҳлар Урганч, Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Термиз, Жиззах, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ишламоқда. Россиялик шифокорларнинг асосий вазифаси - коронавирусли беморлар ётқизилган касалхоналарда ишлаш, ёрдам бериш, маслаҳатлар ўтказиш, маҳаллий шифокорлар дуч келган энг қийин вазиятларни муҳокама қилиш ва тажриба алмашишдан иборат. 

Бутун гуруҳимиз ҳар куни протокол бўйича стандарт даволаш етарли бўлмаган тахминан 500 нафар оғир беморларни кўздан кечиради. Бу- Ўзбекистон шифокорлари билан биргаликда ҳал қилаётган асосий вазифамиз ҳисобланади. 

- Ковидни даволашда ўзбекистонлик шифокорлар ёндашувининг ижобий ва салбий томонлари нимада ? 

- Аввало шуни таъкидламоқчи эдимки, Ўзбекистонда пандемияга тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилган улкан ишлар бизни жуда ҳайратга солди. Тошкент яқинида икки мингдан зиёд ўринга мўлжалланган катта касалхона қурилган. Бу замонавий, эпидемиологик хавфсизлик ва парваришнинг барча талабларига жавоб берадиган замонавий лойиҳа экан. Буларнинг барчаси жуда қисқа вақт ичида, 2 ойдан кам вақтда амалга оширилган. Бу Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан ўлим ва хавфини сезиларли даражада камайтирган жуда муҳим лойиҳадир. 

Агар биз муаммолар ҳақида гапирадиган бўлсак, эҳтимол улар ушбу вирусга дуч келган барча мамлакатлар учун умумий бўлса керак. Чунки бу соғлиқни сақлаш тизими учун янги ва катта муаммодир. Ахир илгари юқумли касалликларни даволаш билан шуғулланмаган турли мутахассисликдаги шифокорларни жалб қилишга тўғри келган.

- Сизнингча, республикада ковид тарқалиши билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштириш, пандемия пайтида кескин кўпайишини олдини олиш ниманинг ҳисобидан эришилган? 

- Умуман олганда, юқумли касалликлар тарқалишида эпидемияга қарши чоралар бўйича тезкор қарор қабул қилиш - асосий роль ўйнайди. Бунга карантин чоралари, ҳимоя воситалари, ниқоб тақиш, одамлар ўртасидаги мулоқотда турли хил чекловлар, жамоат жойлари ва спорт тадбирларини ёпиб қўйиш ва бошқалар киради. Ушбу чораларнинг Ўзбекистонда қабул қилиниши вирус тарқалиши билан боғлиқ тарангликни кескин пасайтирган. 

Шунингдек, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишни тўғри ташкил этиш зарур. Россияда бўлгани каби , Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ковидни даволаш бўйича олтита услубий тавсияларни чиқарган, республиканинг барча етакчи мутахассислари ва бутун дунё тажрибасини жалб қилган. Умуман олганда, шу боис яхши натижаларга эришилган. 

- Тажриба алмашиш жараёнида ўзбекистонлик ҳамкасбларингиздан қайси саволлар кўпроқ берилди? Сиз қандай тавсиялар беришга улгурдингиз?

- Аслида ковидли беморларни даволаш муайян протокол бўйича амалга оширилади. Бу дунё тажрибаси. Ушбу протокол касалхонага ётқизилганидан кейин маълум бир текширув турларини ўз ичига олади. Масалан, биринчи куни, учинчи, бешинчи куни ва ҳоказоларда муайян муолажалар белгиланган.

Худди шу тарзда, даволаш усулларини танлашда вирусга қарши, микробга қарши, антикоагулянт терапия ва симптоматик даволашни ўз ичига олган стандарт ёндашувлар мавжуд. Ушбу турларнинг барчаси Ўзбекистондаги шифокорлар фойдаланадиган протоколда бор. Аммо, ҳар доимгидек, ушбу позицияларнинг ҳар бирини қандай бажариш кераклиги ҳақида алоҳида маълумотлар келтирилган. Чунки айрим беморларда ҳамроҳ касалликлар бўлиши мумкин. 

Шунингдек, бу борада беморлар турли ҳолатда - кимдир оғирроқ, кимдир эса енгилроқ ҳолатда қабул қилинишини эътиборга олиш зарур. Айнан шу ҳолатлар жиддий таҳлил қилишни, қоида тариқасида фанлараро ёндашувни, керакли тажрибага эга бўлган турли соҳа мутахассисларининг иштирокини талаб қилади.

Шунинг учун, айни ҳолатда ўзбекистонлик шифокорларга билмаганларини ўргатишимиз ҳақида гап кетмаяпти. Биз шунчаки ўз тажрибамиз билан ўртоқлашдик, нималарнидир муҳокама қилдик ва ҳаттоки баҳслашиб ҳам турдик. Масалан, гормонал ва микробга қарши дориларни қачон ва қандай ишлатиш керак, ҳар-бир босқичда қандай таҳлиллар устувор эканлигини кўриб чиқдик. Россия юқумли касалликлар шифохоналарида эришилган тажрибалар бу ерда қўл келади, деган умиддамиз.

- Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланган беморлар учун ўпкани сунъий шамоллаштиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича ишлар қанчалик самарали ташкил этилган? 

- Дарҳақиқат, биз шифокорлар билан тез-тез муҳокама қиладиган соҳалардан бири - бу респиратор терапиясидан фойдаланиш бўлди. Беморларнинг аксарияти нафас етишмовчилиги билан касалхоналарга ётқизилади. Уларда кислород этишмаса, тиббий ёрдамга мурожаат қилишга мажбур бўлишади. 

Бу ёрдамнинг энг осон йўли - бурун катетерлари орқали кислород ингаляцияси ҳисобланади. Чунки касалликнинг енгил ёки ўртача шакли билан касалхонада бўлган беморларнинг тахминан 80 фоизига бундай терапиянинг ўзи етарли. Асосий терапия фонида кислород ингаляцияси ҳал қилувчи таъсирга эга. Ушбу гуруҳдаги деярли барча беморлар соғайиб кетишади. 

Беморларнинг тахминан 21 фоизида ўпканинг жиддий зарарланиши мажудлиги боис бу даволаш етарли эмас. Улар респиратор терапиянинг бошқа усулларига муҳтож. Бу ҳолатда, бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистондаги шифокорлар ҳам авваламбор, энг кам зарар етказадиган усуллардан, яъни нафас олишни қўллаб-қувватловчи инвазив бўлмаган усуллардан фойдаланишмоқда. Улардан бири – сипап-терапия деб аталади. Бунда аппарат кислород билан тўйинган ва иситилган аралашмадан нафас олиши учун беморга ёрдам беради. 

Айтиш керакки, мазкур масалада биз бўлган касалхоналарда Ўзбекистон жуда яхши натижаларга эришган. Реанимация бўлимларида ишлайдиган шифокорлар бу усулни жуда яхши билишади. Улар бундан фойдаланишмоқда ва таъкидлаш жоизки, бу респиратор терапиянинг асосий усули бўлмоқда. Қолаверса, бу терапия беморларнинг тахминан 15 фоизига тажовузкор тартибларсиз муолажа олишга, уларнинг ҳаётларини сақлашга қолишга имкон бермоқда. 

Аммо, афсуски айрим беморларда касаллик жуда агрессив шаклда ўтади, бир неча кун ичида деярли бутун ўпка зарар кўради. Бу ҳолатда, ҳаттоки сипап-терапия ҳам фойда бермаслиги мумкин. Шунда ўпканинг сунъий шамоллатилишни қўллаш, беморни интубация қилиш ва ўпканинг инвазив сунъий шамоллатилишини амалга ошириш керак бўлади. 

Ушбу терапия усули юқори ўлим кўрсаткичларига олиб келади, дейишганда у энг оғир беморларга нисабатан қўлланилишини тушуниш керак. Уларнинг ўпкалари шу қадар зарарланган бўладики, мустақил нафас олишнинг имкони қолмайди. Шунинг учун бу усул - уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун яна бир уринишдир. Бу турдаги 10 нафар бемордан 4 ёки 5 кишини қутқарсак ҳам, катта ютуқ бўлади. Ўпкани сунъий шамоллатиш усулисиз 10тадан 10таси ҳалок бўларди. 

Ўпкани сунъий шамоллатишга ўтказиш ҳолатининг ўзи шуни кўрсатадики, демак касаллик энг номақбул кўриниш олган бўлиб, буни қилишга мажбурмиз, чунки акс ҳолда бемор ўлади. Ушбу гуруҳдаги одамни қутқариб қолишнинг ўзи жуда катта ютуқдир. Яна бир ҳаёт сақланиб қолди, деган хулоса ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларига берилган энг одилона баҳо бўлади.

Ҳеч ким шунчаки беморларни ўпкани сунъий шамоллатишга ўтказмайди. Бу борада биз Ўзбекистон шифокорлари билан умумий ёндошувга эгамиз. Улар сунъий инвазив шамоллатиш усулидан камдан кам фойдаланадилар ва даволашнинг бошқа усулларини ишлатишга ҳаракат қилишади.

- Гидроксихлорохин билан касалларни даволаш бўйича фикрингизни билмоқчи эдик ? 

- Ушбу дори нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ҳам қўлланилади. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги - еттинчи тавсияларида ушбу дори қолдирилган. Айтиш керакки, унга муносабат ҳар-хил бўлиб, менинг фикримча, бунинг сабаби шуки - индивидуал ва оммавий қабул қилиш шароитида кўплаб дориларнинг таъсири кескин фарқланади. 

Гидроксихлорохин - албатта беморни инфекцияни ривожланишидан ҳимоя қилмайди. Гидроксихлорохин ўлимга таъсир қилмаслиги мумкин, аммо касаллик намоён бўлишининг оғирлигини камайтиради. Шу сабабли, шифокорлар касалликнинг ривожланишига йўл қўймаслик учун енгилроқ шаклларда уни тавсия қилишади. 

Гидроксихлорохинни тадқиқ қилиш ҳақида гап кетганда, унинг ҳамроҳ таъсири борлигини эслатиш лозим. Улардан биринчиси - бу ҳақиқатан ҳам юрак мушагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар беморда маълум бир патология мавжуд бўлса, бу аритмоген таъсир қилиши, блокадага олиб келиши ва ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун уни турли инсонларга қўллаш натижалари таққосланганда, ўлим даражаси бошқа даволаш усулларига қараганда кўпроқ эканлиги аниқланди.

Юқоридагилар асосида, беморнинг электрокардиограммаси мунтазам равишда назорат қилинса, юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар шў вақтида баҳоланиб, салбий таъсирлар олди олинсагина гидроксихлорохинни қабул қилишга рухсат этилади. Ушбу препарат риоя қилиниши керак бўлган қарши кўрсатмаларга эга. 

Одамлар ковидга ёрдам бериши ёки бермаслигини билмай дориларни сотиб олиб, қабул қилишни бошлаганлари заҳоти асоратлар кузатила бошлайди. Бу нафақат гидроксихлорохин, балки бошқа кўплаб дориларга ҳам тегишлидир. Агар шифокорлар ЭКГ мониторингини ўтказа олсалар, унда ушбу дори айрим беморлар учун фойдали бўлиши мумкин. Шунинг учун, у ишлатилмоқда ва ҳали тўлиқ олиб ташланмаган. Оғир шаклларда, бемор интенсив терапияда бўлганида, ушбу доридан фойдаланилмайди. У фақат даволанишнинг дастлабки кунларида фойда беради. 

- Ўзбекистондаги асосий муаммолардан бири - бу ковид билан оғриганлигини билмайдиган одамлар томонидан мустақил равишда дори-дармонларни қабул қилишдир. Бу қанчалик хавфли? 

- Аслида, бу биргина Ўзбекистонда эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам катта муаммодир. Одамлар анча саводли бўлишди, Интернетдан турли хил адабиётлардан фойдаланиш имкониятига эгадилар. Уйда даволаниш учун асос сифатида улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияларни қабул қилишади. Аммо ушбу тавсиялар шифохоналар учун тегишли. У ердаги барча даволанишлар асосан шифокорлар назорати остида бўлган беморлар учун режалаштирилган.

Тавсияларда кўплаб даволаш схемалари мавжуд бўлиб, шифокор бемор учун энг мақбулини танлайди. Уй шароитида беморлар қўрққанидан, топилган барча дори-дармонларни сотиб олишади. Натижада, кўпинча битта даволаш схемаси ўрнига одамлар уч ёки тўрттасини қўллашади, бир нечта ўхшаш дориларни ичишади. 

Натижада, бемор касалхонага келганида, ётқизилиш сабаби ҳар доим ҳам аниқ эмас. Кўпинча дорилар, гормонлар, бир нечта антибиотиклар, антикоагулянтларнинг яхлит ва назоратсиз қабул қилишнинг оқибатлари кузатилади. Шу билан бирга, одамлар қарши кўрсатмаларни унутиб, дориларни катта дозаларда қабул қилишади. Бу кимгадир ёрдам бериши мумкин, аммо кўпчиликка зарар етказади. 

Бемор оғирроқ аҳволда келиши натижасида кейинчалик нафақат касаллик билан боғлиқ муаммоларни, балки назоратсиз дори-дармонлар келтириб чиқарган асоратларни ҳам енгишга тўғри келади. Бу гидроксихлорохин ва бошқа кўплаб дориларга тегишли. 

- Ковиднинг енгил шакли учун қандай дориларни қабул қилишни маслаҳат берасиз? 

- Ушбу касалликнинг жуда кўп нозик томонлари ва шакллари бор. Шунинг учун универсал даволаш усули мавжуд эмас. Масалан, гормонал дориларни қабул қилиш жуда хавфли, бу энг нотўғри ва салбий қарорлардан бири, десак хато бўлмайди. Айниқса дастлабки 7-8 кун ичида. 

Бир нарсани айтишим мумкинки, айни пайтда "Фавипиравир"нинг самарадорлиги исботланган. Уни касалликнинг дастлабки пайтларида қўллаш мумкин. “Ремдесивир”дан фойдаланишнинг ижобий натижалари ҳам аниқланган. 

Ўзбекистонда ушбу иккала дори мавжуд ва улардан фойдаланишда ижобий тажриба қўлга киритилган. Аммо уларни 10-20 кун давомида эмас, балки биринчи аломатлар пайдо бўлганда қабул қилиш керак. 

Қолган пайтда одатдагидек, харорат пасайтирувчи, балғам чиқарувчи дорилар қабул қилиш, кўп суюқлик ичиш лозим. Энг муҳими, витаминлар, рух, аскорбин кислотаси ва Д3 ҳақида ҳам унунманг.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+