Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz.Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг матбуот хизматининг таъкидлашича, бугунги кунда чиқиндилар муаммоси дунёдаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб бормоқда.Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндилари йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Айниқса, ХХI асрда маиший чиқиндилар ҳажмининг ўсиши экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда ривожланган мамлакатлар чиқиндиларни 40 фоиздан 60 фоизгача чиқиндиларни қайта ишлайдилар. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари ҳар хил турдаги чиқиндиларни ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади.
Жаҳон миқёсида чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлашга жараёнларига рециклинг номи берилган. Рециклинг атамаси халқаро миқёсда маиший чиқиндиларни ишлаб чиқариш жараёнларига қайтариш механизми сифатида тушунилади.
Рециклинг билан бугунги кунда жаҳоннинг қатор мамлакатлари кенг шуғулланиб келмоқда. Хусусан, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди, 13 та санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 174 та филиали, шунингдек, “Махсустранс” ДУК ҳамда 101 та хусусий корхоналар фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси” тасдиқланди.
Стратегия доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизими яратилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунга келиб ҳудудларда санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш бўйича аҳолининг қамров даражаси 85,1 фоизга етказилди ва 2021 йил охиригача 100 фоизга етказиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 17 фоиздан 21 фоизга ортди.
Чиқиндиларни қайта ишлашнинг муҳим босқичларидан бири бу – чиқиндиларни алоҳида саралаб йиғиш ҳисобланади. Бунда чиқиндилар турига қараб алоҳида чиқинди контейнерларига йиғилади.
Айни дамда мамлакатимизда ҳам чиқиндиларни алоҳида саралаб йиғишга, бунда аҳолини рағбатлантириш механизмларини жорий этишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 декабрдаги “Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ: 2021 йил 1 мартдан бошлаб чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими қуйидаги тартибда босқичма-босқич жорий этилади:
1-босқичда (2021 йилда) — Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;
2-босқичда (2022 йилда) — «Махсустранс» давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудлардаги якка тартибдаги турар-жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;
3-босқичда (2023 йилдан бошлаб) — барча туманларда чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган», «органик», «хавфли маиший чиқиндилар» ва бошқа тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш.
Шу билан бирга чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари истеъмолчилар томонидан чиқиндилар саралаб йиғилганлигини инобатга олиб пасайтирилган ҳолда белгиланади.
Сараланган чиқинди тури, хусусан кенг тарқалган пластикни қайта ишлаш муҳим аҳамият касб этади. Пластикдан гранула олиниб, иккиламчи хом ашёга айланади. Мазкур хом ашёдан кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқариш мумкин. Хусусан Ўзбекистонда “Sanfa Products” компанияси биринчилардан бўлиб кластер тизими асосида пластик чиқиндиларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб экспортга қўйган компаниялардан бири ҳисобланади. Ҳозирда мазкур компания томонидан бир йилда 2000 тонна пластмасса идишларини қайта ишлаш натижасида линолеум учун асос, автойўллар, гидроиншоотларнинг қурилиши учун зарур геотекстиль, полимер геомембрана, енгил саноат учун синтепон ва ҳоказо маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда.
Шундай корхоналардан яна бири Сурхондарё вилоятида жойлашган “БиоТехно Эко” корхонаси бўлиб, йиллик қуввати 180000 т, бир суткада 500 тонна маиший чиқиндиларни саралаб қайта ишлайди. Целлофан, пластик, пластмасса каби маиший чиқиндилардан гранулалар, полиэтилен қувурларни ишлаб чиқаради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шимолий Европа мамлакатларида аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган, натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади.
Чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаш жараёнларида уни шакллантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Агарда аҳоли ўртасида чиқиндиларни алоҳида турига қараб саралаш маданияти онгли равишда шаклланмас экан, чиқиндиларни алоҳида саралаш учун мўлжалланган контейнерларни ўрнатиш билан кўзланган мақсадга эришиш мушкул ҳисобланади. Мамлакатимизда, хусусан Тошкент шаҳрида мазкур мавзудаги таълим жараёнларини олиб боришда “Hashar week” лойиҳаси гуруҳи бу борада ишлар фаол ташкил этиб келмоқда. “Hashar week” лойиҳаси илк бора 2019 йил март ойида амалга оширилган бўлиб, ҳукумат, кенг жамоатчилик, хусусий ташкилотлар ва фуқароларнинг эътиборини атроф муҳитнинг глобал муаммоларига, хусусан чиқиндилар масалаларига жалб этишга йўналтирилган.
Мамлакатимизда чиқиндиларни саралаб йиғиш жараёнларига бутунлай ўтишига қанча вақт кетишини айтиш мураккаб бўлса-да, асосийси Ўзбекистон бу борадаги қадамларини ташлади. Айни дамда Тошкент шаҳрида мазкур жараён учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ишлари бошланди. Маъжозий маънода чиқиндилар иккинчи ҳаётга эга бўлмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас