Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЯА Чорсу бозори марказида "Chorsu Plaza" савдо маркази биносида тадбиркорлар ва бино эгалари ўртасида келишмовчилик юзага келган. Иккинчи томоннинг таъкидлашича, марказнинг иккинчи қавати ижара ҳақини тўламаёиган тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Натижада бино эгаси - Жанубий Кореянинг Korea Rental Corporation Central Asia компанияси иккинчи қаватни бутунлай ёпиб қўймоқчи. Batafsil.uz мухбири можаро тафсилотларини ўрганиб кўрди.
Бино эгаларининг айтишича, иккинчи қаватни ёпиш – зарурий чорадир. Сабаби - кўплаб тадбиркорлар майдонларни ноқонуний эгаллаб олиш баробарида ижара ҳаққини ҳам тўламай келишмоқда.
"Korea Rental Corporation Central Asia” - бино мулкдори бўлган корейс компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. 2018 йилда суд қарори асосида ушбу бино ижарага олган тадбиркорлар билан бирга бизга берилган”, - деди Korea Rental Corporation Central Asia бош директорининг ўринбосари Александр Алексеенко.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, ишбилармонларга ўз дўконларида қолиш ва қонуний асосда ишлаш имконияти берилган.
"Биринчи қаватда ҳамма қонуний ишлаб, ўтган йили барчаси шартнома тузган эди. Афсуски, иккинчи қаватдаги тадбиркорларнинг ярмидан кўпи шартнома тузишмади ва бизга ҳужжатларини тақдим этишмади", - деди бош директорнинг ўринбосари.
Korea Rental Corporation Central Asia бош бухгалтери Кристина Бурьянованинг сўзларига кўра, янги эгалар ҳуқуқни қўлга киритгач, шартнома тузиш учун ҳужжатларни тақдим этиш кераклигини барчага расмий равишда хабар қилишган.
"Кўпчилик янги раҳбариятни қабул қилмайди. Биз қонуний мулкдор бўлсакда, улар мулкни ўзиники деб билишмоқда.. Шундан сўнг биз ё шартнома тузинг ёки майдоннни тарк этинг деган шарт қўйдик. Аммо улар ўз ишини давом эттирмоқда. Улар ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқлиги боис, ҳаттоки судга ҳам мурожаат қила олмаймиз», - деди Бурьянова.
Бу можаро бир ярим йилдан бери давом этмоқда. Тадбиркорлар дўконларни сотиб олишганини важ қилиб, ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортишмоқда. Аммо аввалги эгалар ҳеч қандай расмий ҳужжатларни тақдим этмаганлиги учун қонун бўйича улар бино эгаси ҳисобланмайди.
"Биз тадбиркорларга меросхўр эмаслигимиз ва уларнинг муаммоларини ҳал қила олмаслигимизни тушунтирдик. Биз қонунга мувофиқ, ноқонуний сотишларсиз ва нақд пул айланмасисиз ишламоқчимиз", - дея қўшимча қилди бош бухгалтер.
Шунингдек, Жанубий Корея компанияси ходимларининг сўзларига кўра, улар кўп маротаба давлат органларига мурожаат қилишган. Аммо негадир бу бирон бир натижа бермаган. Тадбиркорлар шартнома ҳам тузмайдилар, зарарни қопламайдилар ва бўшатишдан ҳам воз кечишмоқда.
Муаммони ҳал қилиш учун бино мулкдори яқинда тадбиркорлар иштирокида махсус йиғилиш ўтказган. Унга шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ДСҚ ва бошқа ташкилотлар вакиллари таклиф қилинган. Лекин ёзма шаклда берилган розиликка қарамай, улар ташриф буюришмаган. Йиғилишда фақат ижарага берувчи фирма вакиллари, тадбиркорлар ва таклиф этилган журналистлар иштирок этишган.
Korea Rental Corporation Central Asia ходимлари йиғилишда: “Бош бошқарувчи фирма билан биргаликда бинонинг иккинчи қаватини ёпиш тўғрисида мураккаб, аммо қатъий қарорга қелдик. Ушбу чора кўплаб тадбиркорлар иккинчи қаватдаги биноларни ижара шартномасисиз эгаллаб олганликлари ва тегишли тўловни амалга оширмаётганликлари учун қабул қилинди", - деб эълон қилишган.
Ушбу қарордан сўнг, йиғилган тадбиркорлар ўз шартларини илгари суришни бошлаб, норозиликларини билдиришган. Кўпчилик юқори ижара нархлар ҳақида айтишган. Баъзилар мулкдор билан қонуний шартнома тузилганлигига қарамасдан, дўконлари ёпилиши учун вазият қурбонига айланганликларини таъкидлашган.
"Энди эса ҳаммамизни иккинчи қаватдан ҳайдашмоқчи. Илгари биз ҳар доим ижара ҳақини тўлаб келар эдик, аммо янги мулкдорлар нархни сезиларли даражада ошириб юборишди. Илгари ҳар квадрат метр учун 50 минг сўм бўлган бўлса, энди унинг нархи 135 минг сўмга кўтарилди, бу эса жуда оғир. Ҳозирда харидорлик қобилияти жуда паст. Бизда бундай юқори ижара ҳақини тўлашга имконимиз йўқ», - деди ўз исмини ошкор қилишни истамаган ишбилармон аёллардан бири.
Унинг сўзларига кўра, агарда иккинчи қават ёпиладиган бўлса, кўп одамлар кўчада даромадсиз қоладилар.
"Бизда ҳар доим ҳужжатлар бор эди, биз нархлар оширилмаганига қадар ҳар доим ижара ва солиқни тўлардик", - деди у.
Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, улар ўз муаммолари билан давлат идораларига расмий равишда мурожаат қилишган. Афсуски, ҳеч ким жавоб бермаган.
Учрашувдан сўнг, баъзи тадбиркорлар Жанубий Корея компаниясининг бош директорига жорий йил учун шартнома тузишни, агар нархи пасаядиган бўлса, охирги тўрт ой учун ижара харажатларини қоплашни таклиф қилишди. Бироқ, томонлар умумий қарорга кела олишмади. Чунки бошқа аксарият тадбиркорлар ўз нуқтаи назарларини ўзгартирмадилар. Улар илгари ўзлари сотиб олган дўконлар учун пул тўлаш ниятида эмас.
Воқеа бошланиши
Korea Rental Corporation (Корея Республикаси) компанияси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судининг 2018 йил 26 июлда қарорига асосан " Chorsu Plaza " савдо маркази (илгариги “Болалар дунёси") мулкдори ҳисобланади.
Бинони самарали бошқариш ва ундан узлуксиз фойдаланиш, шунингдек техник соз бўлишини таъминлаш мақсадида Жанубий Корея томони Korea Rental Corporation Central Asia шўъба корхонасини ташкил қилиб, уни тадбиркорларга савдо майдончаларни ижарага бериш ваколати билан таъминлаган.
Жанубий Корея компаниясининг маълумотларига кўра, 2018 ва 2019 йилларда кўплаб жисмоний шахслар ўзбошимчалик билан ва бино мулкдори рухсатисиз иккинчи қаватдаги савдо майдончаларини эгаллаб олиб, эшикларига қулфлар ўрнатишган ва айни пайтда савдо фаолиятларини олиб боришмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас