"Дарсни тез-тез қолдириш муаммоларнинг  индикатори бўлиши мумкин".  Нима учун ота-оналарга огоҳлантиришлар юборилмоқда ва  гвардиячиларнинг мактабларга боришидан мақсад нима?
Жамият

"Дарсни тез-тез қолдириш муаммоларнинг индикатори бўлиши мумкин". Нима учун ота-оналарга огоҳлантиришлар юборилмоқда ва гвардиячиларнинг мактабларга боришидан мақсад нима?

42

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда мактаблардаги давомат масаласи қаттиқ назоратга олинди. Ўқувчиларнинг ота-оналарига огоҳлантириш хатлари юборилмоқда. Давомат ишчи комиссия томонидан текширилмоқда, масалага Миллий гвардия ҳам жалб қилинган.

Вазият ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрларни келтириб чиқарди, фойдаланувчилар юзага келиши мумкин бўлган жарималарни   муҳокама қилмоқдалар. Бундан норозилар ҳам йўқ эмас. Нима учун бундай чоралар кераклигини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Миллий гвардия тушунтириб берган.

Фақат алоҳида ҳолатларда

Февраль ойи бошида бўлиб ўтган ижтимоий соҳа масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида президент топшириғидан сўнг дарсларни қолдираётган ўқувчилар билан яқиндан шуғулланишмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) бош мутахассиси Файзиддин Зарипов мухбиримизга ота-оналарга жарималар фақат профилактика мақсадида ва тарбиянинг бутун механизми муаммони ҳал қилишга ёрдам бермаган ҳолларда ундирилишини айтди.

Ҳар ҳафта камида уч кунни узрли сабаблар ва асословчи ҳужжатларисиз қолдирган ўқувчилар мактабнинг алоҳида эътиборида бўлади. Бундай ўқувчиларнинг масаласини мактабнинг жамоат кенгаши, шу жумладан болалар психологи, маҳалла вакиллари, ота-оналар қўмитаси ва ёшлар ишлари агентлиги кўриб чиқади.

Агар кенгаш зарур деб ҳисобласа, боланинг иши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга топширилади. Бу ерда ушбу болаларнинг ота-оналарининг тақдири ва жарима солиш масаласи ҳал қилинади.

Файзиддин Зариповнинг таъкидлашича, мактабда бир ёки икки кунни узрли сабабларга кўра қолдирган ўқувчиларнинг ота-оналари жарима ҳақида ташвишланмаслиги мумкин.

Муаммо индикаторлари

Шунингдек, ММТВ мутахассиси асосий эътибор жазога эмас, балки мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва олдини олишга қаратилганлигини таъкидлади. Ўқитувчилар ҳар бир муаммоли ўқувчи билан ота-оналар, болалар психологи, маҳалла қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда ишлайди. Қизлар билан ишлаш учун маҳалла хотин-қизлар ишлари қўмитаси раисининг ўринбосарлари жалб этилади.

Дарсларни тез-тез колдириш муаммолар индикатори бўлиши мумкин. Масалан, ота-оналар боласини бозорда савдо қилишга мажбур қилишади, бола компьютер клубларида "осилиб қолади" ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан шуғулланиши мумкин. Шунинг учун мактаб ва жамоатчилик муаммога муносабат бериши керак. Албатта жарима солиш асосий эмас, балки муаммога эътиборни жалб қилиш мақсади кўзланган",- дея қўшимча қилди у.

Давоматни текширишга қўшилган Миллий гвардия вакиллари болаларнинг мактабга бормаслиги сабабларининг аниқ мисоллари хусусида гапириб беришди. Хусусан, баъзи ўқувчилар оилада маблағ етишмаслиги сабабли дарсларга қатнашмайдилар. Болаларда йўл учун пул, мавсумий кийим-кечак ва ўқув қуроллари йўқ.

"Масалан, битта вилоятда бола жисмоний тарбия дарси куни мактабга бормайди, чунки спорт   кийими йўқ. Гвардиячилар нима қилишди: уларни сумка, форма, кроссовкалар билан таъминладилар. Бошқа бир вилоятда, гвардиячилар учинчи синф ўқувчисини ва биринчи синфда ўқиётган синглисини мактабга олиб борадилар, чунки улар мактабдан узоқда яшайди ва оилада икки нафар бола учун пул йўқ", - деди Миллий гвардия вакили.

Болаларнинг бир қисми дарсларга қатнашмайди, чунки ўқувчи тадбиркор бўлган ота-онасига ёрдам беради. Ота-оналар ўқишни муҳим деб ҳисобламайдилар, бу ҳолда улар маъмурий Кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва ўқитиш мажбуриятларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади. Таълимнинг баъзи “рақиблари” аллақачон жарималарини олишди. Бироқ, бундай ҳолатлар кам.

"Репетиторларни ёллаган ва мактабда ўқитувчилар йўқлигини айтадиган ота-оналар ҳам бор. Уларга барибир мактабга бориш кераклиги, чунки репетиторлар маълум фанлар бўйича ёлланиши, қолган фанларни ҳам ўрганиш кераклиги тушунтирилади. Гвардиячилар ўқитувчиларнинг етишмаслиги ҳақида ҳам билиб олишади ва улар билан яқиндан ишлайдиган ММТВ хабар беришади", - дейишди Миллий гвардия вакиллари. 

Агар мактабга бормасликка буллинг сабаб бўлса, унда бундай ҳолатлар назоратга олинади. Психолог жабрланувчи ва таъқиб қилганлар, шунингдек иккала томоннинг ота-оналари билан ишлайди. Таъкидланишича, бугунги кунда битта ўқувчи дарсга бормасликнинг шундай сабабини айтиб ўтган. Бу ҳолат текширилмоқда.

Ўқитувчиларни ҳимоя қилиш

"Давоматни назорат қилиш ўқитувчиларни ўқувчиларнинг уйларига бориш, уларни ўқишга кўндириш ва ота –оналарни базавий мактаб таълими зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилишдан озод қилади. Ахир айрим ота-оналарнинг ўзлари болаларни турли баҳоналар билан мактабга юборишмайди”- , дейилмоқда Миллий гвардия хабарида.

Шунингдек, гвардия ўқитувчиларни ота-оналар ёки ўрта мактаб ўқувчилари томонидан калтакланиши ва ҳақоратланишига йўл қўймаслик учун ҳимоя қилади.

Ота-оналарга таълим мажбуриятларини бажармаганликлари учун нима бўлади?

Айтиш жоизки, таълим муассасалари ўзларининг хатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасига мурожаат қилишади. Санкциялар ҳуқуқбузарлик турига ва оғирлигига боғлиқ.

Шундай қилиб, ота – оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича, шу жумладан вояга етмаганлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга сабаб бўлган мажбуриятларни бажармаганликлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 10 бараваригача-340 мингдан 3,4 миллион сўмгача жарима солинади.

Ота–оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан такрорланишига қараб болаларнинг мажбурий умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига тўқинлик қилиш эса БҲМнинг 10 дан 25 бараваригача - 3,4 дан 8,5 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, 15 кунлик маъмурий қамоқ ҳам тайинланиши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, бухоролик ота-оналар огоҳлантириш хатларини биринчилардан бўлиб олишган.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+