Ҳеч кимдан нажот бўлмади. Коронавирусга чалиниб тузалган  тошкентлик бир оиланинг  бошидан  кечирганлари
Жамият

Ҳеч кимдан нажот бўлмади. Коронавирусга чалиниб тузалган тошкентлик бир оиланинг бошидан кечирганлари

1078

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Биз сўз юритмоқчи бўлган қаҳрамонлар ҳаётида Сўнгги икки ҳафта энг оғир кечган бўлса керак. Пойтахтнинг аксарият СЭСлари ҳаддан ташқари ишга кўмилган ёки карантинга ёпилган, хусусий клиникаларда таҳлиллар бўлмаган бир пайтда улар коронавирус билан касалланган. Бу ҳақиқатан ҳам берк кўча бўлиб, айримлар учун фалокатли оқибатларни олиб келди. Касалхоналар таҳлил натижаларисиз ҳеч кимни қабул қилмаган, таҳлил учун туман СЭСлари эшиклари ёнида касаллардан иборат йирик навбатлари юзага келган. Навбатда турганларнинг аксарияти иситмаси туфайли оёқда зўрға туришарди. Боз устига, тез ёрдам қўнғироқларга жавоб бермаган, Call-марказ эса касалларни калака қилиш билан овора эди.

Пойтахтда яшовчи Наргиза коронавирусни қаердан юқтирганини ҳали ҳам аниқ билмайди. Унинг сўзларига кўра, бу бало кутилмаганда келиб қолган.

"Турмуш ўртоғим ва 10 ёшли ўғлим билан яшайман. Эрим ишлайди, ҳозир карантин пайтида таътилда, мен эса уй бекасиман. Биз фақат дўконга ва кун ора тоза ҳавога чиқиб турардик. Бошқалар билан мулоқотимизни мутлақ чеклаб қўйдик. Кутилмаганда душанба куни барчамиз бурундан сув кетиш аломатлари билан уйғондик. Кечқурунга келиб эрим билан менда иситма ва қуруқ йўтал пайдо бўлди ",- деди у.

Наргизанинг айтишича, карантиннинг биринчи кунлариданоқ улар хавфсизлик масалаларига масъулият билан ёндашишган, ҳамма нарсани яхшилаб ювиб туришган, ниқобларни алмаштиришган, ҳар доим ўзлари билан бирга антисептик олиб юришган. Ҳаттоқи юқтиргандан кейин ҳам улар оддий гриппга чалиндик, деб ўйлашган.

Қизиғи шундаки, унда ва эрида касаллик турлича кечган. Турмуш ўртоғи уч кун иситма қилган, биринчи куни термометр 38 даражани кўрсатган. Кейин эса икки кун давомида ҳарорат 37 даража бўлган. Тўғриси, бешинчи куни танасида ва белида қаттиқ оғриқлар пайдо бўлган. Шу билан бирга, аёлнинг сўзларига кўра, эри касалликни жуда осонлик билан бошидан кечирган, яъни   бетобликни “оёқда” ўтказган. Боласи ҳам уч кунгина сал йўталиб, иситмасиз юрган.

Наргизанинг ўзи олти кун иситма қилган: биринчи куни термометр 38 даражани кўрсатган бўлса, қолган кунлар ҳарорати 37-37,5 даража атрофида сақланиб турган. Бундан ташқари, унда қаттиқ йўтал пайдо бўлиб, тахминан бешинчи куни ҳид   билиши йўқолган.

"Тўртинчи куни ваҳимага тушиб қолдик. Тез ёрдамга қўнғироқ қилдик, улар тезда жавоб беришмади ва ниҳоят Call -марказнинг телефон рақамини беришди. У эрда бизни поликлиникага жўнатишди, шунингдек вилоят СЭСга қўнғироқ қилишни тавсия беришди",- деди у.

Эри телефон рақамларини тинимсиз териши ва уни у ёқдан бу ёққа юборишларини кузатиб турган аёл қалтираб, тақдири нима бўлишини билмай турган. Натижада, туман СЭСи карантинда эканлиги маълум бўлиб, тез ёрдам эса машиналар йўқлиги ва поликлиникага қўнғироқ қилишни маслаҳат берган. Шу тарзда кун буйича айлана ичида юргандек.

"Биз таҳлил топшириш учун бошқа СЭСларга қўнғироқ қила бошладик, бироқ айримлари гўшакни кўтармаган бўлса, бошқа бировлари    доим банд эди. Танишларимиз у ерда жуда катта навбатлар борлиги, таҳлиллар этарли эмаслиги, шунинг учун бормаган маъқул эканлигини айтишди.

Шу билан бирга, маҳаллий оилавий поликлиникага қўнғироқ қилиб, шифокор юборишни сўрадик. Бизни ёзиб олиб, шифокор тез орада келишини айтишди. Аммо орадан бир соат, икки соат, тўрт соат ҳам ўтди. Шифокордан дарак бўлмади. Кутилмаганда поликлиникадан қўнғироқ қилиб, "сизга ҳақиқатан ҳам шифокор керакми?", "балким керак эмасдир?" деган ғалати савол беришди” – дея таъқидлади суҳбатдошимиз.

Аёлнинг сўзларига кўра, у шок ҳолатини бошидан кечирган. Фараз қилинг, сиз шифокорни чақириб поликлиникага қўнғироқ қилсангиз-у, сизга   шифокор ўзи керакми, деб жавоб қайтаришса?

Кейинроқ аёл яна бир шок ҳолатига тушган. Олти соат ўтгач, унинг олдига оилавий шифокор эмас, балки уйга киришни ҳам истамаган иккита нотаниш аёл келган. Улар ўзларини тиббиёт ходимлари деб таништиришиб, савол-жавоб эшик олдида бўлиб ўтган. Уларнинг иккаласи ҳам махсус эмас, оддий ва жуда узун кийимда бўлишган. Комбинезон ва қўлқоплари бўлмасада, ниқоб тақишган. Улар бирор бир аниқ бир нарса айтишмаган, дори-дармон ҳам ёзиб беришмаган.

"Бундан мен ҳайратга тушиб қолдим. Ҳароратим олти кундан буён умуман тушмаётганини эшитиб, “зарари йўқ, эҳтимол музқаймоқ ёки совуқ тарвуз егандирсиз”, деб кетишди. Нима қилиш керак, қандай даволаниш зарур, деган саволга ҳозирги замон тиббиёт тизимининг ҳолатига мос бўлган “занжабил илдизини сотиб олинг ва уни бош ва оёқларга суртинг, кагоцел ва кўп миқдорда илиқ сув ичинг”, деган жавоб олдим”- дея таъкидлади Наргиза.

Суҳбат охирида аёлга: "Ҳечқиси йўқ, сиз ёшсиз, Худо хохласа тузалиб кетасиз!" деб айтилган.

Охир-оқибат Наргиза ўз-ўзини даволашга мажбур бўлган. У Интернетда ўтириб, Россия форумларидаги тавсиялар билан танишиб чиққан, ўзи ва эри учун даволашни танлаган. Оила аъзолари парацетамол ва азитромицин ичишни, кунига 10 таблеткадан аскорбин кислотасини истеъмол қилишни ва D витаминини ичишни бошлашган. Болага эса фақат витаминлар берилган.

Олтинчи куни Наргизада нафас қисиши кузатилган, тунда у ваҳимага тушиб, гўёки бўғилиб қолаётгандек ўзини ҳис қилган.

“Энг қийини саккизинчи кун, аниқроғи кечқурун бошланди. Мен деярли соат 6 дан 10 гача ҳожатхонада ўтиришга мажбур бўлдим, кўп қусдим, ичим кета бошлади. Хаёлимда ўлаётгандек эдим. Мутлақо кучсиз бўлиб қолдим. Шу билан бирга икки ҳафта давомида ҳаттоки ётоқдан туришга ҳам мадорим йўқ эди, кун бўйи фақат ётардим. Яхшиямки, кейин ҳеч нарса бўлмади. Эртаси куни бир таниш терапевтга қўнғироқ қилдим, у бромгексин ичишни тавсия қилди. Дори йўталимни енгиллаштирди ва аста-секин яхшироқ нафас ола бошладим. Касалликнинг дастлабки кунларидан бошлаб кўкрагимда куйиш бор эди, ҳозир ҳам ғалати ҳисларни сзяпман. Компьютер томографиясига ёзилдим ”, - дейди у.

Ўша кунлар уйдан чиққанмисиз, деган саволга аёл "ҳа" деб тан олди. Унинг сўзларига кўра,   эри дори-дармон ва озиқ-овқат учун кўчага чиқиб турган.

"Мен ётоқда бўлган икки ҳафта мобайнида эрим уч марта кўчага чиқди. У доим ниқоб ва қўлқопда эди. Биз дўстларимиз ёки танишларимизга ҳеч нарса айтмадик. Биринчидан, одамларни қўрқитмаслик учун. Иккинчидан, биз айнан "ковид" билан касал бўлганимизни ҳужжат асосида тасдиқлай олмадик. Энди ўйлаб кўрсам, дўконлар ва дорихоналарда бизга ўхшаганлар жуда кўп экан. Ахир ҳеч ким ёрдамга келмайди, қолаверса ким ҳам оиласига озиқ-овқат билан бирга коронавирусни олиб киришга журъат қилади?!" - дея таъкидлайди у.

Ижтимоий тармоқларда даҳшатли ҳикояларни ўқиб чиққандан сўнг, Наргиза бу балодан Худонинг ўзи асради, деб ҳисоблайди. Йўтали ҳали ҳам ўтмаган ва кўкрагида оғриқлар қолган бўлса ҳам, аёл энди тиббий ёрдамга муҳтож эмас.

"Нима кераги бор? Менда коронавирус борлигини тасдиқлаш учунми? Биз буни шундай ҳам тушуниб турибмиз. Касалхоналарда ҳозир тартиб йўқ, у ердаги овқланишнинг аҳволини одамлар ижтимоий тармоқларда ёритиб туришибди. Бундай овқатланишни истасангиз ҳам яхши деб бўлмайди . Ўйлайманки, бизнинг бошимиздан ўтгани бошқаларга сабоқ бўлиши керак. Уйда даволанадиганлар учун озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб беришни тартибга солиш зарур. Ахир уларнинг ҳаммаси ташқарига чиқиб, одамлар орасида юришмоқда", - деди қаҳрамонимиз.

Наргизанинг таъкидлашича, уч ҳафта ўтганига қарамай,   у ҳали ҳам бўғилиш туфайли ўлиб қолишдан қўрқиб яшамоқда. У аста-секинлик билан одатий ҳаёт тарзига қайтмоқда, организми энди-энди кучга тўлмоқда.

"Ўтган дам олиш кунлари биринчи марта касалликдан кейин кўчага чиқдим. Атрофимда гўёки вақт ва макон тўхтаб қолганидек туюлди, қандайдир сукунатни сездим. Ҳозирда нафас олиш машқларини бажаряпман, умид қиламанки, ҳафта давомида тўлиқ соғайиб кетаман", - дея фикрини якунлади суҳбатдошимиз.



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0



0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


USER_ID and USER_SESSION_ID undefined

Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+