Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йилда мамлакатимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш йўлидан бормоқда. Мамлакатнинг энг йирик саноат гигантларидан бири ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ушбу йўналишни фаол қўллаб-қувватлаб, соҳадаги барқарор ечимларнинг асосий етакчисига айланмоқда.
Корхона замонавий экологик стандартларни жорий этиб, углерод изини камайтирмоқда ва халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда Олмалиқ КМК "Sustainable Fitch" халқаро агентлигидан 56 балл билан 3 даражадаги ESG рейтингини қўлга киритди, бу эса унинг трансформация жараёнидаги етакчилик мавқеини тасдиқлайди.
Комбинат вакиллари бундай натижаларга эришишга ёрдам берган асосий ташаббуслар ҳақида гапириб беришди.
Ҳавога чиқиндиларни камайтириш
Олмалиқ кон-металлургия комбинатини экологик модернизация қилишнинг асосий йўналишларидан бири атмосферага зарарли чиқиндиларни қисқартиришдир. Бунда 2017 йилда бошланган "Ёшлик-1" конини ўзлаштириш лойиҳаси муҳим ўрин тутади. У атроф-муҳитга салбий таъсирни сезиларли даражада камайтиришга имкон берадиган янги ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва замонавий технологияларни жорий этишни назарда тутади.
Ҳозирда йилига 1,48 миллион тонна катодли мис, шунингдек, кумуш ва олтин ишлаб чиқариш учун комбинат атрофдаги ҳудудлар экологиясига зарарли таъсир кўрсатадиган модда - олтингугурт диоксиди чиқиндилари билан бирга кечадиган технологияларни қўлламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири рух ва мис эритиш заводларида 1964 йилдан буён қўлланилиб келинаётган ва ҳозирги кунда экологик хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган нур қайтарувчи хумдонларнинг эскирганлигидир.
"Ёшлик-1" лойиҳаси доирасида янги мис мажмуаси қурилиши режалаштирилган. У ерда янги илғор печлар қўлланилади, бу эса эски агрегатларни босқичма-босқич ишдан чиқариш ва чиқиндилар даражасини сезиларли даражада камайтириш имкониятини яратади", - деди Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Давронбек Абдураҳмонов.
Бундан ташқари, янги мажмуа доирасида LUREC технологияси бўйича СК-5 сульфат кислотаси цехи барпо этилади. Унинг асосий вазифаси технологик газларни ушлаб қолиш ва уларни сульфат кислотага қайта ишлашдир. Шу тариқа чиқиндилар қимматли саноат хомашёсига айлантирилади.
"Ҳавони ифлослантирувчи газ нафақат зарарли модда, балки фойдали ресурс эканлигини яхши тушуниш керак. Сульфит ангидридни сульфат кислотага қайта ишлаш нафақат экологик муаммоларни ҳал қилади, балки иқтисодий самара ҳам келтиради. Янги цехнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,8 миллион тоннани ташкил этади," - дея таъкидлади мутахассис.
Янги ишлаб чиқаришни ишга тушириш 2027-2028 йилларга мўлжалланган.
"Ёшлик-1"ни ўзлаштириш доирасида ОКМК ҳам ўзи учун янги бўлган айланма оқимли технологияни жорий этмоқда. Агар илгари руда карьердан автомобиль ва темир йўл транспорти орқали олиб чиқилган бўлса, энди у электрлаштирилган конвеерлар орқали мис бойитиш фабрикасига етказилади. Бу автотранспорт чиқиндиларини янада камайтириш имконини беради.
Комбинатнинг яна бир лойиҳаси ишлаб чиқариш объектлари ва уларга туташ аҳоли пунктларини иссиқ сув ва электр энергияси билан таъминлайдиган иссиқлик-энергетика цехини модернизация қилишга қаратилган. Реконструкциядан сўнг кўмир ва мазут истеъмоли сезиларли даражада камаяди ва шу билан бирга атмосферага зарарли чиқиндилар ҳажми қисқаради.
Айни пайтда хитойлик мутахассислар тажрибасини ўрганяпмиз. Технологияни танлаш ва шартнома тузиш бўйича қарорни шу йил охиригача қабул қилишни режалаштирмоқдамиз", - деди корхона вакили.
Ҳаво сифатини кеча-ю кундуз мониторинг қилиш учун комбинат ҳудуди ва санитария зонасида Японияда ишлаб чиқарилган 18 та газ анализаторлари ўрнатилган бўлиб, улар реал вақт режимида маълумотларни комбинатнинг экологик хизмати ва Экология вазирлигига етказиб беради.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш
Металлургия ишлаб чиқаришида сув катта роль ўйнайди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис бойитмасини бойитиш учун йилига 458 миллион куб метрдан ортиқ сув ресурсларини сарфлайди. Янги бойитиш фабрикаларини кенгайтириш ва қуриш жараёнида истеъмол бир неча баробар ортади. Шу боис комбинат сув сарфини камайтириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
"Янги фабрикаларни бунёд этиш жараёнида сув ресурсларини сезиларли даражада тежаш имконини берадиган махсус қуюлтиргичлар ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, сув таъминотининг айланма тизимини ривожлантирмоқдамиз. Яъни ишлатилган сув чиқариб ташланмайди, балки технологик жараёнга қайтарилади. Сабаби биргина мис бойитиш фабрикасининг ўзига суткасига қарийб 420 минг куб метр сув кетади", - деди Давронбек Абдураҳмонов.
Бундан ташқари, корхона оқова сувларни тозалаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганмоқда. Ҳозирда ОКМК мутахассислари Финляндиянинг етакчи EPSE OY компаниясининг сувни ичимлик сифати талабларига жавоб берадиган даражагача тозалаш имконини берувчи технологиясини таҳлил қилмоқда. Пилот лойиҳа доирасида Ангрен кон бошқармасида мис ва рух заводларининг сульфат кислота цехларининг кислотали оқоваларини тозалаш ускуналари ўрнатилди.
"6 апрелдан бошлаб чет эллик мутахассислар келишини кутяпмиз. Улар ушбу тизимни синовдан ўтказишни бошлайдилар. Лойиҳа натижаларига кўра, қурилманинг саноат варианти ишлаб чиқилади, у нафақат ОКМКда, балки республиканинг бошқа саноат корхоналарида ҳам жорий этилиши мумкин", - дея атрофлича маълумот берди эколог.
Келажакка назар ташлаб, корхона раҳбарияти ҳозирданоқ тозалаш учун ишлатиладиган реагентларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқда.
Шунингдек, ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида барча манбаларда сув сарфини автоматлаштириш йўлга қўйилмоқда.
Муқобил энергетикани ривожлантириш
ОКМК қайта тикланадиган энергия технологияларини фаол жорий этмоқда.
"Кўплаб объектларда умумий қуввати 850 мегаватт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бизда қон мавжуд бўлган Наманган вилоятидаги Чодоқ кон бошқармасида тез орада йирик электр станцияси ишга туширилади, Ангрен ва Олмалиқда гидрогенераторларни жорий этиш режалаштирилган", - деди Давронбек Абдураҳмонов.
Иссиқхона чиқиндиларини камайтириш мақсадида комбинатнинг транспорт бошқармаси электр транспортига ўтиш лойиҳасини амалга оширмоқда.
"Ҳозиргача хизматда фойдаланиш учун 20 та электромобиль харид қилинди, йил охиригача яна 70 та электромобиль сотиб олиш режалаштирилган. 2026 йилга бориб, барча хизмат транспортининг учдан бир қисми электр энергияси билан ишлайди", - деди Абдураҳмонов.
Чиқиндиларни қайта ишлаш
Комбинат техноген чиқиндилар муаммосини ҳам ҳал қилиб келмоқда.
"Мис бойитиш фабрикаларида йилига 850 минг тоннага яқин мис эритиш заводининг шлаклари қайта ишланади. Қолдиқлардан фойдали таркибий қисмлар ажратиб олингандан сўнг таркибида темир бўлган чиқиндилар ҳосил бўлади ва улар цемент заводларига юборилади. Ўтган йили иккиламчи хомашё сифатида 45 минг тоннадан ортиқ шлак ишлатилган", - дея тушунтирди комбинат вакили.
Шунингдек, комбинат техноген чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича янги завод қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бугунги кунда хорижий компаниялар томонидан бунинг учун гидрогеологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.
ОКМК чиқиндихоналар хавфсизлигини ҳам назорат қилади. Чиқиндилар сақланадиган ҳудудда ер ости сувлари ҳолатини мониторинг қилиш учун 104 та дренаж ва 34 та пьезометрик қудуқлар ўрнатилган.
Кўкаламзорлаштириш ва шаҳар муҳитини яхшилаш
"Яшил макон" ва "Яшил белбоғ" дастурлари доирасида ОКМК томонидан саноат ва шаҳар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили 1,4 миллион туп дарахт эккан бўлсак, бу йил яна 600 минг туп экишни режалаштирганмиз", - деди Давронбек Абдураҳмонов.
Бунинг натижасида Олмалиқ ҳудудида шаҳарликлар сайр қилиши, дам олиши учун тўртта экопарк ташкил этилди. Саноат объектлари атрофида яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Асосан, у ерда тез ўсадиган ва ишлаб чиқариш чангларини яхши ушлаб қоладиган тераклар экилади.
Тўғри, ўсимликларни суғориш ва уларнинг тутиб кетишини ҳисобга олишга катта эътибор берилади. Бунинг учун томчилатиб суғориш учун қўшимча қудуқлар қазилади, қўшимча суғориш сиғимлари сотиб олинади.
"Экология масаласи доимий назоратни талаб қилади. Қаерда иш олиб борилса, у ерда хатолар бўлиши муқаррар, аммо биз олдинга интилишда давом этамиз", - дея хулоса қилди атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи.
Экостандартлар бўйича жаҳон етакчилари сафида
Шу тариқа, ОКМКни экологик модернизация қилиш энергия сарфини камайтириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини назорат қилишдан тортиб, чиқиндилар ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштиришгача бўлган кенг кўламли ташаббусларни ўз ичига олади. Шуниси эътиборга лойиқки, сўнгги уч йил ичида корхонада жиддий экологик ҳолатлар қайд этилмаган, шунингдек, экология соҳасида кенг қамровли ва муҳим KPIлар жорий этилган.
Комбинатнинг бу саъй-ҳаракатлари эътибордан четда қолмайди. Жорий йилда Sustainable Fitch халқаро рейтинг агентлиги ОКМК фаолиятини ESG Entity Rating рейтингида 100 баллдан 56 баллга баҳолади - корхонага рейтингнинг учинчи даражаси берилди.
"Бу Олмалиқ кон-металлургия комбинатини Европанинг энг яхши саноат корхоналари қаторига қўяди. У чиқиндиларни камайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқалар бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беради", - деди ESG бўлими бошлиғи Рустам Аҳмедов.
Агентликнинг баҳоси ESG (экология, ижтимоий масъулият, корпоратив бошқарув) соҳасидаги етук стратегияни, шу жумладан барқарор амалиётларни бизнеснинг асосий жиҳатларига интегратсиялашувини, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда иштирок этишни акс эттиради.
Бундан ташқари, комбинат "Яшил мис" сертификатига эга бўлди, бу эса маҳсулотларни Лондон биржасида юқори нархларда сотиш имконини беради.
"Ушбу мақом қатъий экологик стандартларга риоя қиладиган корхоналарга берилади. Бутун технологик жараён - рудани қазиб олишдан тортиб мис ишлаб чиқаришгача - жаҳон талабларига жавоб бериши керак", - дея тушунтирди комбинат вакили.
ОКМК углерод изини камайтириш ва экологик кўрсаткичларни яхшилаш бўйича ишларни давом эттирмоқда, бу эса уни мамлакатнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги етакчи корхоналаридан бирига тенглаштиради.
Ҳамкорлик материали
Изоҳлар мавжуд емас